samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Самарқанд фахри — Баҳодир Ялангтўш олчин!

Чоп этиш

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясида илк марта чиқиш қилгач, ташкилотга Ўзбекистоннинг "ташриф қоғози"га айланган Самарқанддаги Регистон майдони макетини совға қилганди.

Бу эсдалик Хавфсизлик кенгаши ва БМТ Бош Ассамблеяси орасидаги супага ўрнатилиб, бутун дунёга Ўзбекистон деган юртдан хабар берувчи бир жарчига айланди.

Самарқанднинг Регистон мажмуаси чет элликлар учун Ўзбекистон ҳақидаги таништирув маълумотларининг деярли барчасида акс этган. Унинг тасвири туширилган шиор, тақвим ва кийим-кечаклар хорижда кундан-кунга машҳур бўлиб бормоқда. Бироқ ачинарли томони шундаки, Регистон майдони ва унинг бунёдкори ҳақида маълумотлар жуда кам бўлиб, бори ҳам кўп чалкашликдан холи эмас. Биз бугун ушбу буюк ижодкор, бунёдкор бобомиз ҳақида мухтасар сўз юритиб, уни нафақат чет элликлар, балки юртимиз фуқароларига ҳам кенгроқ танитишни мақсад қилдик.

 Самарқанд миллатимиз бой тарихини ўзида акс эттирган музей шаҳар эканлиги бугунги кунда дунёда тан олинган. Унинг маданий-маънавий тараққиёт маркази сифатида Марказий Осиё халқлари ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутганлиги, меъморий ёдгорликларга бойлиги азалдан жаҳон халқларини қизиқтириб келади. Самарқанднинг жаҳон тамаддунининг қадимий бешикларидан бири эканлигидан гувоҳлик берувчи тарихий-меъморий ёдгорликлари ЮНЕСКОнинг  Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Шаҳримиздаги ана шундай тарихий обидалар 73 та бўлиб, Регистон ва Шоҳи Зинда ансамбллари, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Бибихоним жоме масжиди, Ҳазрати Хизр мажмуаси халқимиз меъморчилик санъатининг ноёб намуналари сифатида юртимизга келган сайёҳларни ҳайратда қолдирмоқда. Айниқса, Регистон майдони осмонўпар минораларию бежирим нақшли мадрасалари билан эътиборингизни  ўзига тортади, хаёлан мозийга етаклайди.

 Регистон майдонига кўрк бериб турган Шердор, Тиллакори мадрасаларининг қурилиши XVII асрда шаҳар ҳокими бўлган Баҳодир Ялангтўшбий номи билан боғлиқ. Тарихий манбаларда, жумладан, Малик Шоҳ Ҳусайн Сеистонийнинг "Таърихи иҳъйа ал мулук" асарида келтирилишича, олчин уруғидан бўлган Ялангтўш Баҳодир, шунингдек, Абдулкарим исмини ҳам қўллаган, расмий ҳужжатларда эса Низомуддин Яланг­тўшбий Оталиқ номи билан ёрлиқ берган. Отасининг номи Бойхўжа бўлиб, нақшбандия тариқатининг таниқли сўфийси Хўжа Ҳошим Даҳбедийнинг муриди эди. Ялангтўш Баҳодирнинг уч нафар фарзанди — Иқлимабону ва Ойбиби исмли қизлари ва отасидан 6-7 йил илгари вафот этган Бойбек исм­ли ўғли бўлган. Ялангтўш Баҳодир ўзи қурдирган Шердор мадрасасида бунёдкор сифатида 1619 йили ўз номини ёзиб қолдирган (ўзбек тилидаги таржимаси): "Муҳандис гумбаз аркини тасвирлаганда кўк ҳайратдан ҳилолни бармоқ каби тишлаб олди, унинг асосчиси Ялангтўш Баҳодир бўлганлиги учун ҳам, қурилиш йили "Ялангтўш Баҳодир" деб номланди". Бундан англашиладики, мадраса аслида "Шердор" эмас, балки "Ялангтўш Баҳодир" мадрасаси деб номланган. Ҳар икки мадраса безак услуби ўзига хослиги билан ажралиб туради. Уларда Шарқ меъморчилигида алоҳида санъат  даражасига кўтарилган йирик хандасавий сулс, куфий ёзув нақшларидан фойдаланилганлиги жаҳон архитектура санъатида учрамайдиган бетакрор ифодани, Самарқанд обидаларига хос бўлган меъморий услубни юзага келтирган. Шердор мадрасаси пештоқига чизилган оқ оҳуни қувлаётган қизғиш рангли шер, кўзи доира шаклидаги қуёш тасвирида ботиний маънолар мужассам бўлиб, буржларга кўра бахтли келажакка, абжад ҳисобида Ялангтўш Баҳодирга ишора қилиб, мадрасанинг қурилиши бошланган йилни кўрсатиб туради.

Ўтган асрнинг буюк маърифатпарварларидан Маҳмудхўжа Беҳбудий "Оина" журналида "Шердор" мадрасаси тўғрисида шундай ёзади: "Пештоқнинг хорижий жабҳасинда меҳробнинг икки тарафинда бир-бириға муқобил икки шер (арслон) шаклини мусаттаҳ чиний ва кошинлар ила арслон рангида мулавван тасвир қилингани учун Мадрасаи Шердор аталибдур. Арслон нақшасининг асари бу кунда ҳам маълумдур. Мадраса ва миноранинг бошқа жиҳатларинда тасвир йўқ ва аксарият ила ояти ҳадис ва тарихи абётни мармарларға музойиқланган ва коши мулавван чинийлар ила ёзилгандур. Мадраса минора ва қуббаларининг бутун сатҳини араб, эрон, ҳинд услуб наққошиси узра мулаввун чиний ва рангоранг кошин ила ниҳоят нафис суратда нақшлангандурки, тўрт аср бўлган бўлса ҳам кошинлар офтоб ва ой нурини акс этдурар ва кўзни қамашдурар".

Элимиз орасида кўп қўлланиладиган "Елканг кун кўрсин!", "Елкамизга қуёш тегди" сингари олқишлар шунчаки ўйлаб топилмаган. Елкага ёки яланг тўшга қуёш тушиши замирида ёруғликка, эзгулик ва илиқликка бўлган интилиш англашилган. Бу фалсафа айнан "Ялангтўш Баҳодир" ("Шердор") мадрасаси манглайида чизилган елкасида инсон юзли қуёши бўлган шер тасвирида ҳам кўринган. Ушбу тасвир тўла-тўкис ҳукмдорнинг айнан "Ялангтўш" сифатини ўзида яққол намоён қилади.

Елкасида инсон юзли қуёши бўлган шер тасвири қадимда улуғ сулолалар рамз ва туғларида кўриниш берган. Суратнинг турли вариантлари салжуқийлар, темурийлар, бобурийлар, аштархонийлар, сафавийлар орасида хоқонлик ва давлат тамғаси сифатида қўлланилган.

Испан қироли элчиси Руи Гонсалес де Клавихо Амир Темурнинг Кешдаги саройи манглайида ҳам қуёши бор арслон тасвири туширилганлигини келтиради.

Маълумки, Самарқанд Соҳибқирон Амир Темур даврида илм-фан, маданият ва санъат маскани бўлган. Шаҳарнинг маркази ҳисобланган Регистонда савдо-сотиқ ва ҳунарманд­чилик расталари жойлашган бўлиб, у ерда дунёнинг турли жойларидан келтирилган моллар билан савдо қилинган. Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида илм-фан ривожига алоҳида эътибор қаратиб, бу майдонда салобатли мадраса, унинг ёнида карвонсарой ва ҳаммом қурдирган. Бу иншоотлар қаршисида қурилган улкан гумбазли сўфийлар ҳонақоси эса ҳудудда тасаввуф таълимотининг ривожланишига, илмий-назарий жиҳатдан мукаммаллашувига хизмат қилган.  Даврлар ўтиши билан Регистон ҳудудида қурилган бу иншоотлар нурай бошлагач, XVII асрда Самарқанд ҳокими Яланг­тўшбий 1619-1638 йилларда ўз маблағи ҳисобига Улуғбек мадрасаси қаршисида Шердор мадрасасини қурдиради. Орадан ўн йил ўтгач, унинг ёнида жойлашган карвонсарой ўрнига эса 1649-1659 йилларда Тиллакори мадрасасини тиклайди. Шердор мадрасаси тўрт бурчакли шаклда қурилган, ҳовлиси икки қаватдан иборат бўлиб, 52 ҳужрани ўз ичига олган. Бу ерда мадраса талабаларининг илм билан шуғулланишлари учун ажратилган махсус дарсхоналарда шариат, фиқҳ, тасаввуф илмига оид дарслар ўқитилган. Улуғбек томонидан қурдирилган карвонсарой нурай бошлагач, тиклаш имконияти бўлмаганлиги боис унинг ўрнига Тиллакори мадрасаси қурилган. Иншоотда катта масжид жойлашган, унинг тўрида мусулмон одатига кўра қиблага қарата мармар меҳроб, ўнг тарафида эса мармар зинали баланд минбар қурилган. Бу ерда мадраса талабалари ва маҳаллий аҳоли исломий ибодатларни адо этишган.

Регистон ансамблининг яратилишига бош бўлган Ялангтўш Баҳодирнинг ҳаёти ва фаолиятига доир материаллар бизгача жуда кам етиб келган. Тарих дарсликларида унинг, асосан, Самарқанддаги ҳокимлик фаолияти, Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг қурилишида бош-қош бўлганлиги ҳақида қисқача маълумот бериш билан чекланиб қолинган. Манбаларда Ялангтўш Баҳодир 1576 йилда туғилган бўлиб, олчин уруғига мансублиги ва 1656 йилда вафот этганлиги қайд этилган. Бугунги кунда фанда унинг туғилган  жойи, миллати хусусида турлича фикрлар билдирилса-да, унинг томирида туркий (ўзбек)лар қони  ҳоким сифатида Самарқанд шаҳрининг гуллаб-яшнашига улкан ҳисса қўшганлиги, Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг қурилишига бош бўлганлиги ҳамда XVII асрда Марказий Осиё халқлари ҳаётига жиддий хавф солган жунғ­орлар ҳужумини бартараф этишда ҳал қилувчи роль ўйнаганлиги эътироф этилади. Яланг­тўшга аштархонийлар даврида мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида юқори мавқени эгаллаган зодагонлардан бири бўлган отасининг ўша даврдаги нақшбандия тариқати етакчиларидан  бўлган Маҳдуми Аъзам авлодларига  шогирд бўлиши келгусидаги фаолияти учун бир қатор имкониятларни яратиб берган. Ялангтўш ёшлигидан Бухоро ҳукм­дори Динмуҳаммад эътиборида бўлади ва ўша ердаги мадрасада диний, дунёвий ва ҳарбий соҳаларда таҳсил олади. 1593 йилда алимул уруғи бийи этиб тайинланганда у  ўн етти ёшда эди. Аста-секин сиёсий давраларга кириб бораётган Ялангтўш 1611-1612 йилларда Вали Муҳаммадхон ва аштархонийлар ҳукмдори Имомқулихон ўртасидаги зиддиятларга аралашиб қолади ва Имомқулихоннинг қўллаши туфайли 1612 йилда дас­тлаб Самарқанд амири ва кейинроқ оталиқ мақомига эришади. Ўз қўшини, бойлигига эга бўлган Ялангтўш Бухоро ҳукмдорининг ҳарбий ҳаракатларида фаол қатнаша бошлаган ва тезда шуҳрат қозонган. 1623 йил ва 1631 йилда Эрон қўшини Балх вилояти устига юриш қилганда у Балх ҳокими Надр Муҳаммадхонга ёрдам берган. Надр Муҳаммадхон Имомқулихон ўрнига тахтга ўтиргач, Ялангтўшга Кобул атрофидаги бир қатор ҳудудларни инъом қилган. Кейинчалик улар ўртасида низо чиқиб, бу жанжаллар туфайли Абдулазизхон хон сифатида тарих саҳнасига кўтарилади.

Яна бир гап. Баҳодир Ялангтўш Надр Муҳаммадхон тарафида туриб Бобурий ҳукмдор Шоҳжаҳон қўшини билан тўқнашади.  Унинг бундан кейинги фаолияти жангу жадаллар ичида кечади. Имом­қулихон аскарларига бош бўлиб, Тошкент ва Туркистонни эгаллайди, Эсимхон, Турсун султон кабиларга қарши кураш олиб боради, Сайрамга юриш қилади. Бу даврда Марказий Осиё халқлари бошига улкан хавф таҳдид солиб турарди. Марказий Осиёдаги давлатларнинг  географик, иқтисодий жиҳатдан қулай шароитда жойлашганлиги, бойлиги кўпдан Шарқий Туркистоннинг шимолий қисмида яшовчи жунғорларни қизиқтириб келарди. Улар бу ҳудудларни босиб олиш орқали ўз давлатлари чегараларини кенгайтиришни, Еттисув ва Сирдарёни босиб олиш орқали рус ўлкалари ва Марказий Осиё билан боғловчи савдо йўлларига эгалик қилиш билан келгусида бошқа юртларга ҳарбий юришлар қилишни кўзда тутардилар. Шу боис, XVII асрнинг иккинчи чорагида ҳозирги Қозоғистон ҳудудига Хитойнинг ғарбий ерларидан келган жунғорларнинг босқини, айниқса, кучайди. Бу урушда нафақат қозоқлар, балки қорақалпоқлар ҳам жабр кўришди. 1722 йилда жунғорлар қорақалпоқлар яшайдиган жойларга ҳам ҳужум уюштирдилар. 1723 йили жунғорлар қозоқлар юртига бостириб бориб, қозоқ қабилаларини қувғинга олиб, бир қисмини Туркистонга, бир қисмини Сибирь ичкарисига қочишга мажбур қилишди. Қозоқлар уч тарафга бўлиниб, кўчиб кетдилар. Сирдарё қорақалпоқлари ҳам қозоқларга қўшилиб, турли тарафга кетишга мажбур бўлишди.

 Қозоқ бийлари ўзбек ҳукмдорлари билан бирлашиб, ташқи душманга қарши курашиш йўлини тутишди. Пароканда бўлган қозоқ эли оқсоқолларининг илтимосига кўра 1640 йили Ялангтўш 10 минглик қўшин билан жунғорларга қарши ҳужум қилиб, уларни ортга чекинишга мажбур қилади, бироқ ўз ерларига қайтиб борган қозоқларнинг тинч ҳаёти узоққа чўзилмади. Самарқандлик жанговар ҳокимнинг юртига қайтиб кетганини билган жунғорлар хони Ботур хунтайжи қўмондонлигидаги катта қўшин қозоқлар устига иккинчи бор ёпирилиб келади, Еттисув ерларигача бўлган ҳудуд Жунғория таркибига қўшиб олинади. Еттисувда яшовчи аҳоли оқсоқоллари Самарқандга келиб, Ялангтўшдан яна ёрдам беришни сўрашади. Бу сафар Ялангтўш Баҳодир мукаммал даражада қуролланган Самарқанднинг 30 минглик қўшини билан ўзбек ва қозоқ қардошларга ёрдамга отланади. Чимкент ёнида бўлган катта тўқнашувда Самарқанд қўшини ғолиб келиб жунғорларни ҳозирги Алматига қадар "улоқтиришади". Жунғорларнинг омон қолган қисми қозоқларнинг ўзлари томонидан йўқ қилинади. 1643 йили Орбўлоқ ёнида бўлган жангда Ялангтўш 20 минглик қўшин билан қозоқ хони Жангир хоннинг жунғорларга қарши бўлган курашига ёрдамга келиб, жангнинг муваффақиятли якун топишига ёрдам беради. 1646 йили Бухоро хони Абдулазиз ва Бобурий Шоҳжаҳон ўртасида Хуросон ва Балхга эгалик қилиш учун пайдо бўлган жанжал урушга сабаб бўлади. Ялангтўш Абдулазизхон билан душманлик муносабатида бўлиб, Самарқандни амалда мустақил бош­қараётганлигига қарамай, хонлик ҳудуди яхлитлиги учун Ялангтўш аштархонийлар тарафида курашиб, Шоҳжаҳоннинг енгилишига муносиб ҳисса қўшади. Кейинчалик Ялангтўш Эронга юриш қилиб, Машҳад ва яна бир қанча шаҳарларни босиб олади, кўплаб қулларни, уста-ҳунармандларни Самарқандга олиб келади.

Ялангтўш Баҳодир умрининг охиригача Самарқанд заминининг гуллаб-яшнаши, илм-фан ривожи, халқ ҳаётининг фаровонлиги йўлида хизмат қилди, мадрасалар қурдирди. Шарқ гавҳари бўлган Регистон ансамблининг  қурилишига бош-қош бўлди. У Марказий Осиё ҳудудида яшаётган  элларни, жумладан, халқимизни жунғорлар ҳужумидан асраш билан мамлакатни вайроналикдан, қирғинбарот хунрезликлардан асраб қолди. Бу унинг Марказий Осиё халқ­лари олдидаги жаҳоншумул хизматидир.

Қўшни Қозоғистон давлатида Баҳодир Ялангтўш номини абадийлаштириш борасида кўзга кўринарли ишлар амалга оширилмоқда. Ваҳоланки, бугунги кунда тинч ва осо­йишта мамлакатимизга ҳар куни минглаб сайёҳлар ташриф буюради. Улар сафарларини дастлаб Самарқанддан, меъморчилик санъатининг нодир намунаси бўлган Регистондан бошлашади. Кўпчилик Ялангтўш Баҳодирни Шердор ва Тиллакори мадрасаси ижодкори ва Самарқанд шаҳри ҳокими сифатида билса-да, унинг енгилмас саркарда сифатида ўзбек, қозоқ ва қорақалпоқ халқларини жунғорлар босқинидан асраб қолганлиги ҳақида етарлича маълумотга эга эмас.

Шундай экан, мозийнинг XVII асрда Самарқанд  билан боғлиқ  томонларига аниқликлар киритиш, унда Баҳодир Ялангтўшнинг адолатпеша ҳукмдор, моҳир саркарда, илм-фан ҳомийси, меъморий обидалар ижодкори сифатида тутган ўрнини белгилаш, умумтаълим мактаблари ва олий ўқув юртлари дарсликларида Ялангтўш Баҳодир фаолияти кенгроқ ўрганилиши, илмий тадқиқот доирасига тортилиши бугунги кун талабига айланди.

Регистон мажмуи ижодкорига  Самар­қандда  ҳайкал тиклаш, марказий кўчалардан бирини унинг номи билан аташ вақти келмадими?

Зеро, бу ишларнинг амалга оширилиши илм-фан, тарих, меъморчилик санъати учун аҳамиятли бўлиб, ёш авлод онгида Ватанга муҳаббат, маданий ва маънавий меросга ҳурмат туйғуларини уйғотиши шубҳасиз.

Рус шарқшуносларининг Баҳодир Ялангтўш олчинга берган таърифлари:

А. П. Хорошхин:  "Тиллакори билан Шердор бундан 200 йил олдин Самарқанд ҳокими Ялангтўшбий ёки Ялангтўш Баҳодир томонидан Форсдаги Машҳад шаҳри эгаллангач, қўлга киритилган пул ва бойликлар ҳисобига қурилган. Ялангтўш асли ўзбекларнинг олчин бўғинидан бўлган". 

Д. И. Эварницкий: "Тиллакори масжиди (мадрасаси) ўзбекларнинг олчин уруғидан бўлган Ялангтўш Баҳодир томонидан насроний тақвимига кўра 1618 йили қурилган. Шердор масжиди (мадрасаси) 1616 йили қурилган, Абу Тоҳирхожанинг келтиришича, ўзбекларнинг олчин уруғидан бўлган,  юқорида Ялангтўш Баҳодир деб аталган шахс томонидан қурилган бўлиб, бу бино Регистонда турган учала масжид (мадраса)дан ҳам энг улуғвори саналади".

В. И. Масальский: "Тиллакори масжид ва мадрасаси 1647 йили ўзбекларнинг олчин уруғидан бўлган Ялангтўш Баҳодир томонидан қурилган.  Тиллакорига тўғри бурчак остида,  ўнг томонда Шердор мадрасаси жойлашган бўлиб, у 1618 йили ўша амир Ялангтўш томонидан тикланган". 

П. П. Иванов: "Аштархонийларнинг Бухородаги сиёсий тушкунлиги ўзбек бекларидан бўлган айрим Бухоро феодалларининг ҳарбий-сиёсий қудратининг юксалиши даврига тўғри келди, бундайларга Абдулазиз (1645 — 1648) хоннинг таниқли оталиғи, Самарқанднинг машҳур Шердор ва Тиллакори   мадрасаларининг қурувчиси бий Ялангтўш мисол бўлади".

Муаллиф: Толиб ЖЎРАЕВ, Эркин МУСУРМОНОВ

2.04.2018 626 24 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства