samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Самарқанднинг кўкламги таровати ўзгача

Чоп этиш

Айни кўклам палласида Самарқанд ўзгача тароват ва чиройга кириб, янада гўзаллашади.

Яшилликка бурканган кўча ва хиёбонларни кезсангиз, неча-неча асрлар силсиласини бошидан ўтказган мовий гумбазларию минораларини томоша қилсангиз ўзингизда ажиб енгилликни ҳис этасиз. Айниқса, бу йилги баҳор Самарқанд учун ўзгача келди десак, асло муболаға қилмаймиз.

Бугун шаҳримизнинг ҳар бир гўшаси юртимизнинг турли ҳудудларидан келган зиёратчилар ва хорижлик сайёҳлар билан гавжум. Беихтиёр, қачон Самарқанд бугунгидек гавжум бўлган экан, деган савол туғилиши табиий. Буларнинг барчаси мамлакатимизда туризм соҳасини сифат нуқтаи назаридан янги босқичга олиб чиқиш, сайёҳларни янада кенг жалб қилишга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлар самарасидир. Яқинда Регистон майдонида сайр қилиш асносида бу ерда сайёҳларнинг кўплиги, турнақатор зиёратчиларнинг кети узилмаётганлигидан ҳайратга тушдим.

—     Оиламиз билан юртингизга, жумладан, Самарқандга саёҳатимиз кутилганидан-да мароқли, қизиқарли бўлаётганини алоҳида эътироф этишим жоиз, — дейди франциялик Лоурент Рулет. — Самарқанд бениҳоя гўзал ва бетакрор эканига гувоҳ бўлдик. Эътиборлиси, юксак маҳорат билан бунёд этилган қадимий, нафис нақшлар уйғунлашган тарихий обидаларини томоша қилиб, ўчмас таассурот олдик. Самарқандликларнинг хушмуомала ва меҳмондўстлиги ҳар қадамда намоён бўлади. Таомларингиз эса алоҳида мавзу. Миллий таомларингиздан палов ва лағмон ҳаммамизга манзур бўлди.

—     Айнан апрель ойида Ўзбекистонга ташриф буюрганимиздан жуда мамнунмиз, — дейди австриялик сайёҳ Акин Маргет. — Самарқанд бу даврда жуда гўзал қиёфа касб этар экан. Шаҳарнинг тоза-озодалиги, экологик мусаффоликни алоҳида қайд этмоқчиман. Самар­қандликларнинг доимо табассум билан юриши, юзида мамнуният балқиб туриши ва киришимлилиги бизга ҳам хушкайфият улашди. Табиийки, муҳташам қадимий иморатлар, зиёратгоҳлар лол қолдирди.

Муаллиф: Умид АЛИМОВ, "Samarqand" мухбири

18.04.2018 76 29 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства