samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Самарқандда қирғиз маданияти кунлари

Чоп этиш

Мамлакатимизда ўтказилаётган Қирғизистон Республикаси маданияти кунлари иштирокчилари кеча шаҳримизга ташриф буюришди.

Меҳмонлар куннинг биринчи ярмида қадим кентнинг азиз қадамжолари, диққатга сазовор жойларида бўлишди. Дастлаб Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилган меҳмонлар бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишишди. Шундан сўнг қирғизистонлик маданият ходимлари Регистон майдонида бўлиб, у ерда фаолият юритаётган ҳунармандлар иш жараёни, улар яратаётган маҳсулотларни кузатишди.

— Ўзбек ва қирғиз халқларининг турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналарини бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди, — дейди делегация раҳбари, Қирғизистон Республикаси маданият, ахборот ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Бақтибек Секимов. — Мана, Самарқандга келиб, маҳаллий аҳоли билан таржимонсиз, бемалол сўзлашаяпмиз. Уста-ҳунармандларнинг маҳсулотларини кузатиб, маданиятларимиз муштарак эканлигини ҳис этдик. Афсуски, бир неча йиллар давомида халқларимиз ўртасидаги алоқа узилиб қолди. Интернет тармоқлари орқали Ер юзининг сайқали бўлмиш Самарқандга дунёнинг энг чекка ҳудудларидан минглаб меҳмонлар ташриф буюраётганлигини ўқиб, гоҳида хўрсиниб қўярдим. Ён қўшни бўлиб туриб, дунёнинг шундай мўъжизакор шаҳрини бориб кўролмасак, деган ўй ўтарди хаёлимдан. Яратганга шукур, мана икки давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли яна маданий алоқалар тикланди. Ўтган йили бизнинг мамлакатда Ўзбекистон Республикаси маданияти кунлари бўлиб ўтган эди. Бу йил Қирғизистон маданияти Ўзбекистонда намойиш этилмоқда. Бундай тадбирлар 1998 йил, йигирма йил олдин ташкил этилган экан. Самарқандда ўтказилаётган тадбирлар тарихда биринчи марта ташкил этилмоқда. Бундан аввал Тошкент ва Андижон шаҳарларида уюштирилган эди. Келгусида бундай маданий тадбирларни тез-тез, мамлакатнинг турли вилоятларида ўтказишни мақсад қилганмиз. Чунки, маданий алоқалар халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатликнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Меҳмонлар Амир Темур мақбарасида ҳам бўлиб, мамлакатимиз давлатчилик тарихи, бошқарув тизимининг қадимий манбалари билан танишишди.

Тадбир доирасида "Шарқ юлдузи" кинотеатрида қирғиз киноижодкорлари томонидан суратга олинган бадиий фильм намойиш этилди. Маданий дастур вилоят мусиқали драма театрида Тўхтағул Сотилғонов номидаги Қирғиз филармониясининг миллий фольклор дастури ва қирғизистонлик санъаткорларнинг концерти билан якунланди.

 

Муаллиф: А. ДОЛИЕВ

27.10.2018 181 85 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства