samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Самарадорликка қандай эришиш мумкин?

Чоп этиш

Педагог кадрлар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш таълим-тарбия жараёнини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамиятга эгадир.

Шу мақсадда биз, бир гуруҳ инглиз тили фани ўқитувчилари айни пайтда Самарқанд давлат университети ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида қайта тайёргарликдан ўтиб, билим ва маҳоратимизни оширмоқдамиз.

Мамлакатимизда хорижий тиллар, хусусан, таълим масканларида инглиз тилини чуқур ўрганишга алоҳида эътибор ва масъулият билан ёндашилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган "Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор бошланғич синфларда ҳам инглиз тили дарси ўтишни бошлаб берди.

2013-2014 ўқув йилидан бошлаб 1-синфда миллий алифбомиз билан биргаликда инглиз тили ҳам ўрганила бошланди. Даст­лаб ота-оналар у ёқда турсин, ҳатто ўқитувчилар ҳам 1-синфданоқ инглиз тили дарсининг жорий этилиши муаммоларни келтириб чиқаради, ёш гўдаклар она тилини чуқур ўрганмасдан туриб, хорижий тилни ўрганиши ўқувчига қийинчилик туғдиради, деган хулосага келиб бўлган эди.

Ўзим ҳам 1-синфда инглиз тили дарси жорий этилгандан сўнг жамоамиз раҳбарияти таклифи билан фаолиятимни шу соҳада давом эттирдим. Тўғри, дастлабки кунларда юқоридаги муаммоларга дуч келганлигимни бировдан яширмайман. Ўқитувчи, аввало, психолог бўлиб, ҳар бир ўқувчининг эндигина шаклланаётган дун­ёқараши, қизиқиши билан жиддий шуғулланиши лозим. Шуниси қувончлики, 1-синф ўқувчиларининг асосий қисми икки ой ичида бехато ўқиш ва ёзишни ўрганиб олишди. Ўша ўқувчиларим бугун тўртинчи синфда таълим олишяпти. Баъзан ҳамкасбларим бошланғич синф ўқувчилари она тилимиздан кўра чет тилини тезроқ ўрганиб олишаётганини таъкидлашганда қалбим қувонч ва ғурурга тўлади.

Айни пайтда ҳам 1, 4, 6-синф­ларга инглиз тилидан сабоқ бериб келмоқдаман. 1-синф ўқувчисини машғулотга қизиқтириш учун бир қатор педагогик усуллардан фойдаланиш талаб этилади. Масалан, ёш болаларнинг кўпчилиги ашула ва мусиқага қизиқишини ҳисобга олиб, инглиз тили дарсида бирон-бир болаларбоп, инсонийлик, ватанпарварликни тарғиб этадиган ашуладан парча қўйилиб, унинг мазмуни тушунтирилса, ўқувчининг ўзлаштириши осонроқ кечади. Ашула матни инглиз тилида бўлса-да, у мусиқа билан уйғунлашиб, болага тез таъсир ўтказади. Натижада, мусиқа оҳангида ўқувчи ашула матнидаги сўзларни зўр қизиқиш билан такрорлай бошлайди. Бундан таш­қари, турли гуллар, ҳайвонлар тасвири туширилган тарқатма материаллардан ҳам самарали фойдаланиш мумкин. Суратда тасвирланган гул ёки жониворнинг номини инглиз тилида равон талаффуз этишни шакллантиришда ўқитувчининг ўқувчига такрор ва такрор мурожаати ва ўқувчининг бехато жавоби дарс самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

2006 йилда Самарқанд давлат чет тиллар институтининг инглиз филологияси факультетини битириб, мактабда иш бошлаганимдан буён асосан бошланғич синф­ларда машғулотлар олиб бораман. Ота-оналар ва уларнинг фарзандларида хорижий тилларни ўрганишга қизиқиш тобора ортиб бораётганлиги биз, педагогларни чуқур ўрганиш, изланиш, тажриба орттиришга ундайди. Қолаверса, ўқитувчининг кундалик ўқиб-изланиши доимий давом эттирилса, унинг малакаси ошиб, ўз касбининг муаммоларини ҳал этишда қўл келади.

Муаллиф: Нодира АЗИМОВА, Булунғур туманидаги 22-умумтаълим мактаби инглиз тили фани ўқитувчиси

10.10.2018 111 79 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства