samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Салом мактаб, билимлар маскани!

Чоп этиш

Айни пайтда бутун мамлакатимиз таълим муассасалари каби вилоятимиздаги умумтаълим мактаблари ҳам ўқиб, билим олиш истагидаги ўғил-қизларни ўз бағрига олди.

Ўқувчилар ёзги таътилни мароқли ўтказиб, ўзгача куч, шижоат ва ғайрат билан янги ўқув йилини бошлашди.

2018/2019 ўқув йилининг биринчи куни — "Билимлар куни" "Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!" шиори остида ташкил этилди. Анъанага мувофиқ, давлат ва бошқарув органлари, корхона-ташкилотлар раҳбарлари умумтаълим мактабларида ўтказилган "Билимлар куни" тадбирларида иштирок этиб, ўқувчиларга юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ёшлар, уларнинг устозлари учун яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот беришди, ўқитувчи ва ўқувчиларга янги ўқув йилида муваффақиятлар тилашди.

Жумладан, шаҳримиздаги 37-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ўтказилган "Билимлар куни" тадбири ўқувчиларга олам-олам қувонч улашди. Мазкур тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э. Турдимов ва вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи А. Тошпўлатов мактаб жамоасини янги ўқув йили билан қутлашди. Мактаб таълимининг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб, ўқувчиларга пухта билим олиб, ота-оналари, хал­қи ва Ватани ишончини оқлаб, юртимизга муносиб хизмат қилувчи баркамол авлод бўлиб вояга етишларини тилашди. Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э. Турдимов ва бошқа меҳмонлар муассасага илк қадам қўйган 35 нафар биринчи синф ўқувчиларига "Президент совғаси"ни топширишди. Мактаб сумкаси, ўқув қуроллари ва дарсликлардан иборат "Президент совғаси"ни олган жажжи ўқувчилар катта иштиёқ билан синфхоналарга йўл олишди.

— Мактабда ўқиш бошланишини орзиқиб кутгандим, — дейди 1-синф ўқувчиси Оғабек Абдуназаров. — Энди акаларим, опаларим сингари мен ҳам ўқиш ва ёзишни ўрганаман.

                                                                                                                                     *  *  *

Таъкидлаш жоизки, айни пайтда вилоятимиздаги мавжуд 1200 та умумтаълим мактабларининг сиғими 527 660 нафар ўқувчи ўрнига эга бўлиб, жорий ўқув йилида 683 666 нафар ўқувчи таълим-тарбия олиши кўзда тутилмоқда. 2018/2019 ўқув йилида вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги таълим муассасаларига 78 193 нафар 1-синф ўқувчилари қабул қилинди. Уларнинг етарли шароитларда таълим-тарбия олишлари учун ўқув йили бошланиши олдидан пухта ҳозирлик кўрилди. Вилоят миқёсида Инвестиция, "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари асосида 98 та умумтаълим мактаби учун 151 717 миллиард сўм қийматидаги қурилиш, монтаж ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, шаҳримиздаги 24-умумтаълим мактабида ҳам Инвестиция дастури асосида қиймати 4 миллиард 290 миллион сўмлик мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилаяпти. Айни пайтгача мактаб биносида таъмирлаш ишларининг биринчи босқичи якунланиб, янги ўқув йилида мактаб ўқувчилари замон талабларига мос синфхоналарда ўқишни бошлашди.

Тантанали маросимда иштирок этган вилоят халқ таълими бош­қармаси бошлиғи Р. Юлдошев ва бошқалар Президентимиз Ш. Мирзиёев раҳнамолигида таълим тизимида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар хусусида гапиришди. Жумладан, ўқитувчи ва педагогларнинг маошлари оширилиши, уларга етарли турмуш шароитлари яратилиши, 11 йиллик мажбурий мактаб таълимининг жорий қилиниши, ягона мактаб формасининг ташкил этилиши таълим-тарбияни янги бос­қичга кўтаришга хизмат қилаётганини эътироф этишди.

Икки ярим минг нафар ўқувчи таълим олаётган мазкур муассасага жорий ўқув йилида 315 нафар 1-синф ўқувчиси қабул қилинди. Мос равишда ўқитувчилар сони ҳам 12 нафарга ортди. Эътиборлиси, уларнинг 4 нафари илк меҳнат фаолиятини бошлаётган ёш педагоглардир.

— Ўзим ҳам ушбу мактабнинг собиқ ўқувчисиман, — дейди инглиз тили фани ўқитувчиси Манзура Саидмуродова. — 2006 йилда шу мактабни битириб, академик лицейга, ундан кейин Самарқанд давлат чет тиллар институтига ўқишга кирдим. Мана, инс­титутни битириб, илк меҳнат фаолиятимни жонажон мактабимда бошлаяпман. Устозларим билан бир жамоада ишлаш бахтига муяссар бўлганимдан фахрланаман. Келгусида устозларимдек фидойилик билан меҳнат қилиб, ёш авлодни юртимизнинг буюк келажагини қура оладиган комил инсонлар қилиб тарбиялашга ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшаман.

Муассасадаги иккинчи босқич қурилиш-таъмирлаш ишлари ноябрь ойига қадар якунланиши белгиланган. Иккинчи босқичда спорт зали, фаоллар зали ва ошхонада қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрам тантаналарига уланиб кетган "Билимлар куни" ҳам барча умумтаълим мактабларида кўтаринки кайфиятда ўтди. Мустақилликка эришиш йўли, унинг асосчиси — Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг жасорати, Мустақил Ўзбекистонимизни тенглар ичра тенг қилиш йўлида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиеёв томонидан амалга оширилаётган улкан ислоҳотларга бағишланган "Мустақиллик дарслари" ўқувчилар қалбида она Ватанга садоқат, қадриятларга ҳурмат руҳини қарор топтиришга хизмат қилди. Мана шундай юксак савияда бошланган янги ўқув йили ҳар жиҳатдан самарали, улкан муваффақиятлар йили бўлиши шубҳасиз.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

8.09.2018 144 70 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства