samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Сайёҳлик тизими ва кадрлар сиёсати

Чоп этиш

Самарқанд маҳаллий ва халқаро туризм маркази сифатида ўзининг янги имкониятларини намоён этмоқда.

Ўтган йили ушбу соҳада кўрсатилган сайёҳлик хизматларидан олинган даромад 60 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу йил эса ушбу кўрсаткични 100 миллион АҚШ долларига етказиш мўлжалланмоқда. Бунинг учун шаҳримизга 1 миллион 650 минг маҳаллий ва 350 минг хорижий сайёҳларни жалб этиш режалаштирилган.

Йилнинг ортда қолган даври мобайнида қайд этилган кўрсаткичларга назар ташлайдиган бўлсак, бу режа ортиғи билан бажарилиши кутилмоқда. Зеро, Самарқандга бўлган қизиқиш умумдавлат ва халқаро миқёсда кенгайиб бормоқда. Илгари фақатгина танишув-экскурсия йўналишида сайёҳлар ташрифи ташкил этилган бўлса, бугунги кунда унинг янги-янги йўналишлари жорий этилмоқда. Турли халқаро маросимлар, миллий анъаналар акс этган тадбирлар, табиат қўйнига саёҳат, ишлаб чиқариш ва иқтисодий йўналишдаги танишувлар ҳам бевосита сайёҳлик тизими доирасида ташкил этилаётганлиги юқоридаги фикримизнинг далилидир.

Мамлакатимизда сайёҳлик тизимини янада ривожлантириш мақсадида кўпгина ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилган. Ана шу ҳужжатларга мувофиқ соҳада янги йўналишларни жорий этиш, белгиланган режаларни бажариш, энг муҳими, қайси йўналишда бўлмасин, сайёҳларга улар кутганидек хизмат тизимини яратиш талаб этилади. Табиийки, бу талаб ижросини амалга оширишда соҳага йўналтирилган ходимлар, кадрларнинг касбий тайёргарлиги, билими, халқаро талабларга мувофиқ киришувчанлиги алоҳида аҳамият касб этади. Шаҳримизда фаолият юритаётган туризм коллежи ва Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида соҳа мутахассислари тайёрланаётганлигидан кўпчиликнинг хабари бор. Бироқ ушбу ўқув масканларида тайёрланаётган кадрларнинг билими, малакаси Самарқанддек халқаро сайёҳлик марказига ташриф буюраётган меҳмонларнинг талабини қондираяпти, деб бўлмайди. Оқибатда кадрлар билими, малакаси, тажрибаси билан боғлиқ муаммолар кучайиб, соҳада турли "экскурсиячи" кадрлар пайдо бўла бошлади.

2018 йилдан бошлаб Самарқанд "Ипак йўли" халқаро туризм университети ташкил этилиб, унда касб таълими (туризм), туризм (фаолият йўналишлари бўйича), оммавий тадбирлар менежменти, туризм соҳасида маркетинг, хизматлар технологиялари ва уларни ташкил этиш, меҳмонхона бизнеси каби тўққизта мутахассислик бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрланади. Бундан ташқари, Самар­қанд иқтисодиёт ва сервис институтида ҳам соҳа мутахассисларини тайёрлаш давом эттирилмоқда. Ҳар икки олий таълим даргоҳида илм олаётган талабалар нисбатан янгича йўналишда тараққий этаётган сайёҳлик соҳасида муносиб фаолият юритади, деган умидни дилимизга тугиб, айрим мулоҳазаларни ҳам билдириб ўтиш лозим, деб ўйлайман. Янги ташкил этилган Самарқанд "Ипак йўли" халқаро туризм университетидан 4-5 йилдан сўнг ёш кадрларни соҳага йўналтириш мумкин. СамИСИда тайёрланаётган йиллик кадрлар сони эса эҳтиёжни қондирмайди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш қўмитаси кадрлар тақчиллигига барҳам бериш, уларни тайёрлаш муддатини қисқартириш ва эҳтиёжталаб жойларга янги кадрларни сафарбар этиш мақсадида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида гид ва экскурсиячиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш марказлари ташкил этди. Айни пайтда Самарқанд давлат университети қошида ташкил этилган корхонада сайёҳлик тизимининг 84 нафар  бўлажак ходими таълим олмоқда. Улар назарий билимлар билан биргаликда тарихий обидаларни ўрганиш, урф-одатларимиз моҳиятини сайёҳларга кенг тушунтириш ва тарғиб этиш, экскурсия ва саёҳат билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш малакасини эгаллаш йўлида билим олмоқдалар. Корхонада соҳанинг етук мутахассислари, СамДУ профессор ва ўқитувчилари, иқтисод фанлари докторлари Б.Тўраев, Б. Сафаров, доцентлар С. Флунгиев, Ф. Қобулова, Ф. Назарян бўлғуси кадрларга соҳа сир-асрорларидан сабоқ беришмоқда. Бундан ташқари, Ф. Фахриддинов, О. Фаттоева, И. Андреева, С. Жукова сингари малакали амалиётчи мутахассислар ҳам тингловчилар билан ўтказилаётган машғулотларга жалб этилди. Корхонада мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсати, сайёҳлик асослари, ўлкашунослик, Самарқанд тарихи каби бир неча йўналишларда назарий ва амалий машғулотлар ўтказилмоқда. Тингловчилар таълим муддати тугаганидан сўнг давлат қўмитаси томонидан тузилган махсус комиссия томонидан тест синовларида қатнашади ва гид, экскурсиячи сифатида фаолият кўрсатиш мумкин бўлган рухсатнома — махсус сертификатга эга бўладилар.

Сайёҳлик тизими мураккаб соҳа бўлиб, у ўз ичига хизмат кўрсатишнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Бугунги кунда айрим такси ҳайдовчиси, оддий фуқаро, ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган экскурсиячилар фаолияти кенга­йиб бораётганлиги ташвишли ҳолдир. Тўғри, уларнинг билими, малакасини махсус билимга эга, тайёргарликдан ўтган кадрлар маҳорати билан тенглаштириб бўлмайди. Ҳолбуки, шаҳримизда зиёратгоҳлар борки, деярли ҳар бир сайёҳлик гуруҳининг "мустақил" гидлари бор. Оқибатда шаҳримизга илк бор ташриф буюрган сайёҳларга белгиланган объект ҳақида тўлақонли маълумот бериш имконияти қўлдан бой берилмоқда. Негаки, бундан уч йил аввал Регис­тон майдонига ташриф буюрган сайёҳ бугун яна меҳмонга келиб, уч йил аввалги маълумотларига зид бўлган хулосаларга дуч келса, юртимиз сайёҳлик тизимидаги муаммолар яна бўй кўрсатмайдими? Шундай экан, экскурсиячилик ва гид хизматини қатъий назоратга олиш вақти келди. Бу хизмат учун билимли, малакали, маҳаллий ва миллий урф-одатлардан тўлиқ хабардор бўлган кадрларни жалб этиш зарур.

Муаллиф: Ахтам НИЗОМОВ, СамДУ Иқтисодий назария кафедраси доценти, иқтисод фанлари номзоди

26.09.2018 113 75 Иқтисодиёт
окна фотограф html php памятники знакомства