samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Сайёҳлар хавфсизлиги муҳим мезон

Чоп этиш

Бугунги кунда туризм соҳасида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш билан бир қаторда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир.

Негаки, юксак даражадаги хавфсизлик сайёҳларнинг хотиржам саёҳатини таъминлайди.

Сайёҳларда саёҳат режалаштирилган мамлакат хусусида иккиланиш ёхуд қўрқув туйғуси юзага келмаслиги лозим. Акс ҳолда ўша мамлакатнинг туризм соҳасидаги нуфузи тушиб кетади, тармоқ тараққиёти эса сустлашади. Сайёҳларни жойлаштириш соҳада хизмат кўрсатишнинг асосий йўналиши ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, меҳмонхоналарда сайёҳлар хавфсизлигини юқори даражада таъминлаш зарурлигини англатади. Белгиланган тартиб-қоидаларга кўра, меҳмонхоналарда битта асосий ва хизматчилар учун бир нечта кириш йўлаги бўлади. Меҳмонхоналарда хавфсизликни таъминлашда энг асосий қийинчилик меҳмонларнинг ҳаракатини назорат қилишда кузатилади. Шу ўринда мижозларни фақат содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалардан ҳимоя қилиш эмас, балки меҳмонлар ўзларини бехавотир, қулай ва хавфсиз ҳис этишлари учун зарур шароитларни яратиш лозим. Меҳмонхоналарнинг аксарияти шаҳарнинг гавжум ва транспорт ҳаракати тирбанд қисмида жойлашади. Энг муҳими, меҳмонхонага келишда мижозлар қийинчиликларга дуч келмаслиги керак. Шунингдек, меҳмонхоналарда сайёҳларнинг қулай ҳаракатланиши учун ҳам шароитлар яратилиши лозим.

Меҳмонхона хавфсизлик тизими шахсий буюмлар, ходим ва меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаши, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, мижозлар жойлашиши, унутиб қолдирилган буюмлар ва можароли вазиятларни бартараф этиш тизими автоматлаштирилиши, бошқарув қарорларини қабул қилиш учун бажарилаётган ишлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиши лозим. Меҳмонхоналарда фав­қулодда ҳолат рўй берганда овозли хабар бериш ва эвакуацияни бошқариш тизими ишлатилади. Мазкур тизим овозли хабарлар билан бир қаторда реклама хабарларини узатиш имконини беради. Баъзан меҳмонхоналарда буюмларни унутиб қолдириш ҳолатлари учраб туради. Мазкур муаммони ҳал этишда интеллектуал видеокузатув тизими ёрдам беради.

Мухтасар айтганда, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш туризмнинг барқарор тараққиёти, иқтисодий барқарорлик ва мамлакатнинг халқаро нуфузи ошишига хизмат қилади.

Муаллиф: Искандарбек ИСМАТОВ, Бунёд ТОШПЎЛАТОВ, СамИСИ талабалари

17.02.2018 175 12 Иқтисодиёт
окна фотограф html php памятники знакомства