samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ ТАРҒИБОТИ

Чоп этиш

Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлди

Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллик байрамига бағишлаб, "Саломатликни тарғибот қилиш кунлари"ни ўтказишга тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказиш тўғрисида"ги йиғилиш баёни ижросини таъминлаш мақсадида "Соғлом турмуш тарзи фаровон ҳаёт гаровидир" шиори остида тарғибот тадбири ўтказилди.

"Ёшлик" истироҳат боғида вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят маданият, жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда сўзга чиққан шаҳар ҳокими ўринбосари Толиб Набиев, Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмаси директори ўринбосари Нигора Эргашева ва бошқалар аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган чора-тадбирларнинг бош мақсадларидан бири эканлигини таъкидлашди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом овқатланишни ташкил этиш ҳамда жисмоний машғулотларга алоҳида эътибор қаратиш соғлом турмуш тарзи қарор топишининг кафолати эканлигини қайд этишди. "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази шаҳар бўлими раҳбари Саноат Зоҳидова соғлом турмуш тарзини, авваламбор, оилада қарор топтириш соғлом ва баркамол авлод вояга етишига хизмат қилишини таъкидлади.

Тадбирга маҳаллалар аҳли, таълим муассасаларининг ўқувчи ва талаба ёшлари кенг жалб этилди. Вилоят эндокринология ва наркология диспансерлари, Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмаси ҳамда бир қатор марказий ва оилавий поликлиникалар ходимлари тарғибот тадбирлари ўтказишди. Гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, кашандаликка қарши курашиш, соғлом овқатланиш, спорт билан доимий шуғулланишга оид буклет ва рисолалар тар­қатилди. Шунингдек, тиббиёт муассасаларидаги бўш иш ўринларини тўлдириш мақсадида меҳнат ярмаркалари ҳам ташкил этилди.

— Шифокорлардан саломатлигимизни асраш учун зарур бўлган жуда кўп тиббий маслаҳатлар, тавсиялар олдик, — дейди Гўзал Нормуродова. — Айниқса, биз доим ҳам эътибор қаратмайдиган сувни, кўкат ва сабзавотларни, гўшт ва сут маҳсулотларини ўз вақтида ва меъёрида истеъмол қилиш орқали аксарият хасталикларнинг олдини оларканмиз. Ҳар бир инсон тез-тез шифокор қабулида бўлиб, ўз соғлигини назорат қилиб бориши зарур экан.

"Саломатликни тарғибот қилиш кунлари" давомида шаҳримиздаги барча марказий ва оилавий поликлиникаларда аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Хусусан, айни тадбирлар 1-оилавий поликлиникада ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилди.

— Поликлиникамиз 23 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган 50 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади, — дейди 1-оилавий поликлиника бош шифокори Нигина Аббосова. — Ҳар куни ўртача 150—160 нафар фуқарони қабул қилсак-да, саломатликни тар­ғибот қилиш кунлари давомида 300-350 нафаргача болалар ва катталар, аёллар ва кекса нуронийларни тиббий кўрикдан ўтказдик. Аҳоли хирург, терапевт, кардиолог, педиатр, невропатолог, уролог, офтальмолог, акушер-гинеколог, травматолог ва стоматолог шифокорларимизнинг назоратидан, УТТ, ЭКГ, лаборатория текширувларидан ўтди. Жами 617 нафар аҳолидан 167 нафарида турли хасталиклар аниқланиб, уларга даволаниш учун шифохоналарга йўлланмалар берилди. Бундан ташқари, тор мутахассис ва патронаж ҳамшираларимиз кекса ва якка-ёлғиз нуронийлар, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг саломатлигини назоратдан ўтказиб, зарур тавсиялар беришди.

Бундан ташқари, тадбир доирасида енгил атлетика, шахмат-шашка, бадиий гимнастика, кураш бўйича спорт мусобақалари ўтказилиб, унда ғолиб бўлган ва фаол иштирок этганларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

13.09.2018 61 71 Спорт
окна фотограф html php памятники знакомства