samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

СЕКТОР — ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТГА ЯНГИЧА ЁНДАШУВ

Чоп этиш

Шаҳаримизнинг IV сектори фаолиятига назар

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги "Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, ҳар  бир маъмурий бошқарув ҳудудлари тегишли тартибда тўртта секторга бўлинган ҳолда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чоралари белгиланди. Ушбу жараёнда шаҳар давлат солиқ инспекциясига шаҳарнинг IV сектори бириктирилган.

Мазкур секторга Кимёгарлар, Сўлим ва Фарҳод қўрғонлари киритилган. Сектордаги 12 та маҳаллада 36 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ўрганишлар давомида ўтган 2017 йил якунлари бўйича аниқланган 40 та йўналишдаги 6752 та муаммони бартараф этиш юзасидан 2018 йил "Йўл харитаси" тасдиқланиб, унга киритилган муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилот ва идораларга мурожаат хатлари юборилди.

Сектор ҳудудида жорий йилнинг I чорагида бир қатор муаммолар ҳал этилиб, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида хайрия ишлари ҳам амалга оширилди. Сектор ходимлари уйма-уй юриб, аҳоли билан бевосита мулоқот ўтказмоқда. Бу жараёнда ногиронлар ва ўзгалар кўмагига муҳтож оилалар аҳволи тўлиқ ўрганилиб, улар доимий эътиборга олинмоқда.

Жумладан, 7 нафар фуқарога ҳомийлар кўмагида ногиронлик аравачалари олиб берилди. Шунинг­дек, 1 нафар фуқарога  эшитиш ускунаси, 2 нафарига қўлтиқтаёқлар топширилди.  Кимёгарлар қўрғони "Нурафшон" маҳалласида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Демид Барункиннинг ҳолидан хабар олиб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламини доимий қўллаб-қувватлаш мақсадида IV сектор бўйича ногиронлиги бўлган 295 нафар шахс рўйхати шакллантирилиб, шаҳар ҳокимлигига юборилди.

Шунингдек, Кимёгарлар қўрғонидаги "Нурафшон" маҳалласи маркази йўқлиги боис, шу вақт­гача ижарага олинган бинода фаолият юритиб келган. Бу маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётганлигини инобатга олиб, маҳалла учун шаҳар ҳокими қарори билан, ушбу ҳудудда жойлашган 2-давлат нотариал идорасининг эски биноси фойдаланиш учун олиб берилди.

Кимёгарлар қўрғонида яшовчи фуқаро Б. Бозоровга маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этиши, фуқаро У. Ҳақ­бердиевга эса гўшт дўкони қуриши учун ер ажратиш масаласи бўйича қилган мурожаатлари шаҳар архитектура ва қурилиш бўлими билан бирга кўриб чиқилиб, уларга ушбу йўналишда амалга ошириладиган ишлар бўйича тушунча берилди.

Фарҳод қўрғонида яшовчи            С. Исомов, С. Бўриев ва В. Мирмуҳаммедов, Сўлим қўрғонида яшовчи Ф. Шодиевнинг уй-жой олишларига амалий ёрдам кўрсатиш тўғрисида шаҳар ҳокимлиги ва бинолардан фойдаланиш, уй-жой ва якка тартибда уй-жой қурилиш масалаларини мувофиқлаштириш департаменти давлат корхонасига мурожаат хатлари юборилди.

Кимёгарлар қўрғони, Шифокор кўчаси, 31-уй, 9-хонадонда шаръий никоҳ асосида яшаб келаётган М. Салимов ва Х. Тўраевалар сектор ишчи гуруҳи ёрдамида расмий никоҳдан ўтказилди.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва сектор аъзолари тавсиялари асосида Наврўз байрами муносабати билан ҳудуддаги кам таъминланган Х. Халилов, М. Шарипова, Е. Неведёв, Н. Зарубин,       С. Асадова, Н. Эшонқулова, М. Суяров, Н. Орзиева, А. Раҳматова,       Н. Саидмуродова, А. Пирминова ва Н.Мажидовалар оилаларига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Адлия вазирлигида 2018 йил 22 февралда рўйхатга олинган "Аҳоли бандлигини таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисида"ги Низом талаблари асосида 13 нафар фуқарога имтиёзли кредит берилди.

Шаҳар ҳокимлиги томонидан берилган 3000 туп олма кўчати кам таъминланган 345 та оилага тақсимлаб берилди ва экилиши назоратга олинди. Шунингдек, сектор ҳудудидаги 1986 та якка тартибдаги хонадонда томорқа майдонларидан фойдаланиш ҳолати маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва сектор аъзолари томонидан танланма асосида ўрганилди. Экин экилмаган ер майдонлари эгаларига тушунтириш ишлари олиб борилиб, кам таъминланган оилаларга бу борадаги юмушлар учун моддий ёрдам кўрсатилди.

Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бош­қармаси томонидан  секторларга жўнатилаётган кунлик жиноят ва ҳодисалар тўғрисидаги тезкор маълумотлар тегишли маҳалла фуқаролар йиғинларида муҳокама қилиниб, келгусида такрорланмаслигини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли талаб ва эҳтиёжларини амалга оширишга кўмаклашадиган тизим сифатида ташкил этилган секторлар фаолияти аҳолига кўпдан бери ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этишда ҳақиқий кўмакчи бўлмоқда. IV сектор ишчи гуруҳи ҳар бир маҳаллага, оилага янада яқин бўлиш, улардан доимий хабар олиш мақсадида тизимли равишда тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бормоқда. Бу ҳудудларни ижтимий-иқтисодий ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этади.

Муаллиф: Шуҳрат ҲАСАНОВ, шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, IV сектор раҳбари

9.05.2018 103 35 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства