samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

САМАРҚАНД НАВОИЙШУНОСЛИК МАКТАБИ

Чоп этиш

Миллий маънавиятимизнинг яловбардори, ўзбек мумтоз адабиётининг асосчиси Мир Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганишда самарқандлик олимларнинг ҳиссаси беқиёс.

Алишер Навоийнинг сиёсий фаолиятини ёритувчи илк тарихий манба Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаъи саъдайн ва мажмаъи баҳрайн» асари бўлса, унинг ижодий фаолияти ва шоирлик салоҳияти ҳақида қимматли маълумот берувчи илк манба муаллифи бошқа бир самарқандлик шоир ва олим — Давлатшоҳ Самарқандийнинг «Тазкират уш-шуаро» тазкирасидир.

Самарқандлик бу икки олим ҳали Мир Алишер ҳаётлиги пайтидаёқ навоийшуносликни бошлаб берган ва ушбу анъана асрлар давомида бошқа олимлар томонидан изчил давом эттириб келмоқда. ХХ асрнинг биринчи чорагидан бошлаб, навоийшунослик фаннинг алоҳида тармоғи сифатида шакллана бошлади. Алишер Навоий ҳақидаги дастлабки мақола ва тадқиқотлар айнан Самарқанд илмий ва адабий мактаби намояндалари томонидан яратилди.

Айтиб ўтиш керакки, Навоийга муносабат, Навоий шахсига эҳтиром шўролар замонида бирданига ижобий тус олган эмас. Айрим олимлар: «Навоий каби сарой шоирларининг услублари асримиз зав­қига ҳам, эҳтиёжига ҳам тамомила яроқсиздир», деган фикр­да бўлган пайтда Абдурауф Фитрат ва Вадуд Маҳмуд  каби миллат фидо­йилари Навоийни «ўзбек шоирларининг бобоси», Навоий яшаган даврни эса адабиётимизнинг «биринчи олтин даври», деб ҳаққоний баҳо беришга журъат қилишган.

Кейинчалик, бу жараёнга Садриддин Айний, Абдураҳмон Саъдий, Воҳид Абдуллаевлар қўшилиб, Самарқандда том маънодаги навоийшунослар мактабига асос солдилар.  Садриддин Айний тожик тилида «Алишер Навоий» монографиясини яратиш баробарида «Хамса»нинг қисқартирилган нашрини тайёрлаган бўлса, Абдураҳмон Саъдий Навоий ижодининг умумфалсафий ва бадиий маҳорати масалаларини  докторлик диссертациясида асослаб беришга ҳаракат қилган.

Айниқса, аллома Воҳид Абдуллаевнинг «Навоий Самарқандда» номли тадқиқоти ўз давридаги муҳим воқелик ҳисобланиб, бугунги кунгача ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Воҳид Абдуллаев тадқиқотида Алишер Навоийнинг Самар­қандда тўрт йил яшаганлиги, Самарқанд ва Мовароуннаҳрнинг қатор шоирлари  ва олимлари билан ижодий алоқада бўлгани, Самарқандда олган илми, баҳраманд бўлган манбалари кейинги бутун ижодига самарали таъсир қилиб, гўзал шеърлари ва достонларига манба сифатида хизмат қилгани илмий далиллар асосида исботлаб берилган. Академик Василий Бартольд ва бошқа шарқшунослар бу даврда Самарқандда илм-фан, маданият инқирозга юз тутган, Ҳиротда эса, аксинча, ривожланган, деган фикрни илгари суришган. В. Абдуллаев ўз тадқиқотида аниқ факт ва далиллар асосида ХV асрнинг 50–60 йилларида Самар­қандда маданий-адабий  ҳаёт анча жонлангани, аксинча, Абусаид Мирзо давридаги Ҳирот зиддиятлар ўчоғига айланиб қолгани, шу боис, илм ва адабиёт намояндалари Ҳиротдан Самарқандга интилганликларини исботлаб берган.

Бу устозларнинг давомчилари — Содиқ Мирзаев, Ботирхон Валихўжаев, Раҳмонқул Орзибеков ва бош­қаларнинг тадқиқотларида ҳам Навоийнинг шахсияти, ижоди ва дунёқарашининг турли қирралари тадқиқ этилди. Содиқ Мирзаев ўз номзодлик диссертациясида Навоий арузи ҳақида тад­қиқот олиб бориб, аруз вазнининг замони ўтгани, шоирлар энди аруз вазнидан эскилик сарқити сифатида тезроқ қутулишлари лозим маъносидаги «башорат» ва «кўрсатма»лар берилаётган даврда Навоийнинг «Мезон ул-авзон» асари ҳамда лирик меросининг куллиётини тадқиқ этди. Навоийнинг хизматлари натижаси ўлароқ туркий тилни аруз вазнига тўлиқ мослаштириш назарияси ва амалиёти яратилгани, бу вазн тизими ўзбек тилининг фонетик ва фонологик таркиби ўзгармасдан келишида муҳим роль ўйнаганини илмий жиҳатдан асослаб берди. Айниқса, «Навоий лирикасига вазн кўрсаткичи», деб номланган диссертация иловасида адабиётшуносликда биринчи марта Алишер Навоийнинг «Хазо­йин ул-маоний» куллиётига кирувчи тўрт девоннинг ҳар биридаги лирик жанрнинг вазн хусусиятлари ўрганилган. Ушбу кўрсаткичлар, кейинчалик, «Хазойин ул-маоний»­нинг академик нашри учун асос қилиб олинди.

Академик Ботирхон Валихўжаев ижодининг ўқ томирини Навоий мавзуси ташкил этади десак, янглишмаган бўламиз. Адабиётшуносликни мумтозлик даражасига кўтарган заҳматкаш устозимиз деярли барча тадқиқотларида Навоийнинг шахсияти, ҳаёти ва фаолиятига муносабат билдириб келган. Бу хулоса, кузатув ва умумлашмалар икки жилдлик «Ўзбек адабиёти тарихи» ўқув қўлланмаси (2002), Хожа Аҳрор Валий ҳақида ёзилган «Буюк маънавий муршид», шунингдек, «Мумтоз сиймолар» китобида ўз аксини топди. Б. Валихўжаев учун Навоий номи — Самарқанддек азиз ва табаррук. Бу икки муқаддас тушунчани боғловчи ҳар қандай далил, ҳар қандай кичик чизги (детал) олимнинг диққат марказидан четда қолмади.

Раҳмонқул Орзибеков ўз тадқиқотларида Навоийнинг бой ва бетакрор бадиий-эстетик олами, буюк ижодкорнинг кейинги давр адабий жараёнига кўрсатган ижобий таъсири, Навоийдан илҳомланган шоир ва адибларнинг ижодий мероси тадқиқига эътибор қаратди. Бу тадқиқотлар Самарқанд илмий муҳитидаги  қиёсий адабиётшуносликнинг ривожига ижобий таъсир кўрсатди.

Худди шунга ўхшаш ҳолатни биз Самарқанд давлат университетининг илмий мактабида таълим олган йирик олим Нажмиддин Комилов ижодида ҳам мушоҳада қилишимиз мумкин.

Университетимизда камолга етган филология фанлари доктори, профессор Ҳасан Қудратуллаевни алоҳида таъкидлаш жоиз. У «Навоийнинг адабий-эстетик олами» асарида буюк шоир ва мутафаккирнинг бадиий ижод ҳақидаги мулоҳазалари, шакл ва мазмун, бадиий адабиётнинг ижтимоий вазифаси борасида илгари сурган эстетик қарашларини атрофлича тадқиқ ва таҳлил қилган.

Алишер Навоий асарларининг тил хусусиятларини ўрганиш масаласи ҳам самарқандлик олимларнинг доимий диққат марказида бўлган. Улуғ Турсунов — Самар­қанд­да навоийшунослик мактабига асос солган олим. Унинг кўп илмий асарлари тил тарихини тадқиқ этиш, ўтмиш аждодларимизнинг асарлари тили ва услубини ўрганиш, унинг ҳозирги ўзбек тилига таъсири ҳамда тараққиётидаги ўрнини белгилаш каби муҳим масалаларни ёритишга бағишланди. Шу жиҳатдан устознинг тил тарихи масалаларига доир ишларини икки катта гуруҳга ажратиб қараш мумкин:

1. Ўзбек тили тарихини ўрганиш;

2. Алишер Навоий асарлари тили ва услубини тадқиқ этиш.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Улуғ Турсунов раҳнамолигидаги тилшунослик мактабида етишиб чиққан самарқандлик олимлар орасида устознинг таъсирида Алишер Навоий ижодий меросини тилшунослик нуқтаи назардан ўрганиш билан шуғулланмагани кам топилади. Х. Дониёров, А. Мухторов, Н. Ражабов, Р. Қўнғиров, Б. Ўринбоев, Ж. Ҳамдамов, У. Санақулов каби етакчи тилшунослар илмий фаолиятида навоийшунослик соҳаси алоҳида ўрин эгаллади.

Шунингдек, навоийшуносликнинг илк даврлари бўйича Қутбиддин Муҳиддинов ХV - ХVI асрларда Алишер Навоий асарларининг тилини тадқиқ этиш, махсус луғатлар тузиш ишлари бошланганлигини муҳим илмий-тадқиқот ишларида ёритиб берди.

Қ. Муҳиддинов, Х. Дониёров, У. Санақулов, И. Носиров, З. Ҳамидов каби тилшунос олимлар Навоий асарларининг лексик-семантик хусусиятларини тадқиқ этишда ўз ҳиссаларини қўшди. Хусусан, Худойберди Дониёров ўтган аср 60-йилларининг охирида навоийшуносликнинг энг муҳим қисмларидан бири бўлган Алишер Навоий асарларининг тили ва услуби масалаларини кенг кўламда тадқиқ этишни бошлаб берди. 1968 йили чиққан «Навоий тилининг диалектал асосларини ўрганиш масаласига доир» мақоласида олим Алишер Навоий асарларининг қайси туркий лаҳжа ва шеваларга асослангани масаласини батафсил таҳлил этади. Навоий ўз асарларида тез-тез қайд қилганидек, унинг асарлари «Хитодин то Хуросон»га қадар тарқалган туркий эл, уруғ ва халқларнинг барчаси учун умумий бўлган адабий тилда ёзилган, шу сабабли, олимнинг фикрича, бу адабий тилнинг диалектал манбалари ўлароқ Марказий Осиё ҳудудларида тарқалган қарлуқ, ўғуз ва қипчоқ лаҳжалари бирдай хизмат қилган.

Самарқанд навоийшунослик мактабида камолга етиб, Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги илмий марказларда фаолият олиб борган ва олиб бораётган олимлар ҳақида ҳам кўп ва хўб гапириш мумкин.

Муаллиф: Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ, филология фанлари доктори, профессор

17.02.2018 136 12 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства