samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

САМАРҚАНД КУРАШ МАКТАБИ

Чоп этиш

ареналар забт этилмоқда

Бир неча минг йиллик тарихга эга бўлган кураш халқимизда мардлик ва ҳалоллик тимсоли, миллий-маданий мероснинг бир қисми ва бебаҳо бойлиги сифатида қадр топиб, ривожланиб келади. Кураш 2017 йил 20 сентябрда Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Олимпия кенгашининг 36-Бош ассамблеясида тарихда илк бор XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди. Жорий йил Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказилган ёзги Осиё ўйинларида биринчи марта полвонлар Осиё чемпионлиги учун гиламга чиқишди.

Бугун дунёнинг барча қитъаларида кураш кенг оммалашаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Осиё, Европа, Панамерика, Африка ва Океания кураш конфедерацияларига бирлашган 130 га яқин давлатда кураш бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро турнирлар юксак савияда ташкил этилаётир.

 Инсонпарварлик ғояларини ўзида мужассам этган ўзбек кураши адолатли тартиб-қоидалари, чиройли усуллари билан жаҳон халқларининг ҳурматига сазовор бўлмоқда. "Кураш", "ҳалол", "таъзим", "тўхта" ва "ёнбош" каби атамалар халқаро спорт луғати таркибидан мустаҳкам ўрин эгаллагани таҳсинга лойиқ.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йилнинг 2 октябрида "Кураш" миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ушбу соҳадаги ислоҳотларни бутунлай янги поғонага кўтарди. Жумладан, қарорга мувофиқ, 6 сентябрь — Кураш миллий спорт тури куни, деб эълон қилинди. Мазкур спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дас­тури ишлаб чиқилди ва изчил ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Дарҳақиқат, вилоятимизда курашни ривожлантириш, ушбу йўналишда юксак маҳоратга эга спортчиларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, шаҳримиздаги Якка кураш спорт турларига ихтисослашган болалар-ўсмирлар спорт мактаби, Самарқанд ва Тойлоқ ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларида кураш ва бош­қа спорт турлари бўйича иқтидорли спортчи ёшлар камолга етмоқда. Уларнинг нафақат вилоят ва республикамиз, балки халқаро шоҳсупаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётгани кишига ифтихор бағишлайди.

— Якка кураш спорт турларига ихтисослашган болалар-ўсмирлар спорт мактабининг кураш бўлимида айни пайтда 150 нафардан ортиқ ёш спортчилар ушбу спорт тури билан мунтазам шуғулланиб келмоқда, — дейди Кураш бўйича халқаро тоифадаги ҳакам, вилоят Кураш федерацияси ижрочи директори Иброҳим Каримов, — 5 нафар тажрибали мураббийларимиз уларнинг ўз устида ишлаб, чиниқиши, мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишида тинимсиз меҳнат қилмоқда. Самарқанд ва Тойлоқ ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларида ўқиётган ҳамда шу муассасаларни битириб, халқаро ареналарда юртимиз байроғини баланд кўтараётган шогирдларимизнинг кўплиги қувонарлидир. Мисол учун, яқинда Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказилган XVIII ёзги Осиё ўйинларида иштирок этган шогирдларимиз, 66 килограмм вазн тоифасида Руслан Бўриев кумуш, 81 килограмм вазн тоифасида Сарвар Шомуродов бронза медалини қўлга киритиб, Самарқандга хос кураш мактабининг маҳоратини намоён этишди. Юнон-рум кураши бўйича ушбу нуфузли мусобақада қатнашган шогирдимиз 130 килограмм вазн тоифасидаги Мўмин Абдуллаев эса олтин медални қўлга киритди.

Эътироф этиш лозимки, курашчиларимиз эришган ютуқлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Жорий йилнинг март ойида Ҳиндистонда ўтказилган Осиё чемпионатида Р. Бўриев олтин медал соҳиби бўлди. 2017 йилнинг ноябрь ойида Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида вакилларимиз Муҳриддин Қурбонов кумуш, Гулмера Исматова эса бронза медални қўлга киритишди. Курашчиларимиз эришаётган муваффақиятларни Шавкат Эсонов, Аъзам Исомов, Асқар Абраев, Ғулом Маҳмудов, Элмурод Шерназаров, Мирсади Шодиев, Шерқул Бобоқулов каби тажрибали мураббийларнинг меҳнати самараси, десак муболаға бўлмайди. Бугун уларнинг ўттиз нафардан ортиқ шогирдлари республикамиз миллий терма жамоаси сафига қабул қилинган.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

22.09.2018 111 73 Спорт
окна фотограф html php памятники знакомства