samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

САМАРҚАНД ВА СУҒД ЯНА БОҒЛАНДИ

Чоп этиш

Вилоятимиз ва Тожикистон Республикасининг Суғд вилояти ўртасидаги "Жартепа" ва "Саразм" ўтказиш пунктлари очилди.

Шу муносабат билан ушбу масканларда ўтказилган тантанали маросимда Самарқанд ва Суғд вилоятлари ҳокимликлари раҳбарлари, фаоллар, кенг жамоатчилик вакиллари ва чегара ҳудудида яшовчи аҳоли иштирок этди.

Ўтказиш масканлари байрамона безатилган. Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари давлат байроқлари ҳилпирайди. Икки қардош халқ дўстлиги, муштарак маданияти ва анъаналари акс этган суратлар, шиорлар ўрнатилган.

Икки давлат ўртасидаги чегара — "Саразм"дан "Жартепа" ўтказиш масканига тожикистонлик меҳмонлар карнай-сурнай садолари остида, мезбонларнинг олқишлари билан кириб келди.

Вилоят ҳокими Т. Жўраев меҳмонларни қутлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти      Имомали Раҳмоннинг халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликда олиб бораётган саъй-ҳаракатлари юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Бу, айниқса, тарихан бир-бирига яқин, миллий урф-одат ва анъаналари уйғун бўлган Самарқанд ва Суғд вилоятлари аҳолиси учун ҳам кенг имкониятлар яратмоқда. Хусусан, ушбу чегара постининг очилиши икки томонда яшаётган қариндош-уруғ, қуда-андаларнинг бир-бирлариникига эмин-эркин, ортиқча оворагарчиликларсиз бориб-келишлари учун катта қулайлик бўлди.

— 1994 йилда Панжакентдан Ургутга келин бўлиб тушганман, — дейди Ургут туманидаги Узун маҳалласида яшовчи Баҳриной Мирзаева. — Туғилиб-ўсган жо­йим билан ҳозир яшаётган қишлоқ орасидаги масофа 25-30 километрни ташкил этади. Лекин чегара ёпиқ бўлгани учун шу пайт­гача Бекободдаги пост орқали 400 километрдан ортиқ масофани айланиб, минг ташвиш билан ота-онамникига бориб-келишимизга тўғри келарди. Шу сабабли йиллаб ота-онам, ака-укаларим билан кўришолмасдим. Президентимизга минг раҳмат, йўлимизни яқин қилди. Бу эркинлик, қулайликдан бошимиз кўкка етди.

Ургут туманининг Юқори Калангар маҳалласида яшовчи Ҳусния Бадалованинг айтишича, унинг қизи ҳозир Панжакент туманида яшайди. У ҳам шу пайт­гача қизи ва набиралари, қариндош-уруғларини кўриш учун Тошкент вилояти орқали Тожикистонга бориб келган.

— Онаман, боламни, набираларимни тез-тез кўргим келади, — дейди онахон кўзларига ёш олиб. — Йўлнинг  узоқлиги-ю ҳар хил ҳужжатбозликлардан безиб, у келолмаса, биз боролмасак, узилиб кетишимиз керакми? Шу пайтгача ана шундай ташвишу қийинчиликлар билан бир-биримизни онда-сонда йўқлардик. Яратганга шукур, бугун чегараларимиз очилиши билан узоғимиз яқин бўлди, қалбимиздаги қувончу ҳаяжоннинг чеки йўқ. Президентимизни туну кун дуо қиламан. Илоҳим, бошлари омон бўлсин! Мен каби минглаб оналар у кишидан миннатдормиз.

Маросимда Суғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода сўзга чиқиб, Самарқанд ва Суғд вилоятлари ўртасидаги пунктнинг очилиши икки қўшни халқ манфаатларига хизмат қилиши, дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашини таъкидлади. Келгусида икки вилоят ўртасида савдо-иқтисодий, маданий ҳамкорликнинг ривожланишига умид билдирди.

Ўзбек ва тожик халқлари адабиёти ва маданиятининг рамзи сифатида концерт дастури намойиш этилди. Икки халқ ижодкорлари сўзи билан айтилувчи қўшиқлар ижро этилди.

Тожикистонлик меҳмонлар маскан ҳудудида юртимизда ишлаб чиқарилган автомобиль ва юк машиналари, автобуслар ҳамда бошқа маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди.

Шундан сўнг Самар­қанд вилояти ҳокимлиги ва жамоатчилик вакиллари "Саразм" масканига ташриф буюрди. Суғд вилояти ҳокимлиги ва фаоллар меҳмонларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатди. Тожик миллий ҳунарманд­чилик маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди.

Кун давомида минглаб ўзбекистонлик ва тожикистонликлар яратилган имконият ва қулайликлардан баҳраманд бўлиб, дийдор кўришишди. Бир-бирлариникига меҳмондорчиликка йўл олдилар.

— Халқпарвар Президентларимизга минг раҳмат, — дейди Суғд вилоятининг Камартош қишлоғида яшовчи Жалил Раҳимов. — Улар туфайли бугун бир неча йилдан буён кўришмаган қизимнинг дийдорига тўйиш бахти насиб этди. Қизимни Ургутга узатгандим. Чегара ёпилганидан сўнг бирор марта келолмадим. Мана, бугун қизимни бағримга босадиган бўлдим.

Муаллиф: Ғ. ҲАСАНОВ

3.03.2018 241 17 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства