samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

САМАРҚАНД АДАБИЙ МУҲИТИ

Чоп этиш

янги асарлар, ёш ижодкорлар билан бойимоқда

Самарқандда истиқомат қилаётган ижодкорлар орасида таниқли шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хосият Бобомуродова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, публицист - ёзувчи Нусрат Раҳмат, шоир ва журналистлар Фармон Тошев, Хуршид Нуруллаев, адабиётшунос олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Ҳотам Умуров, мунаққид ва шоир Исмат Санаев, СамДУнинг ижодкор профессорлари — Шавкат Ҳасанов, Абдураҳим Солиев, филология фанлари номзоди, шоира Жумагул Сувонова каби ижодкорлар яратган асарлар, вилоят, республика адабий жараёни ҳамда матбуотда фаол чиқишлари, турли тадбирлардаги иштироки билан жамоатчилик ва адабиёт ихлосмандлари эътиборини қозониб келмоқда.

Самарқанд адабий муҳити вакиллари мамлакатимиз маънавий ҳаётининг қайноқ жабҳаларида ижодий фаоллиги билан иштирок этиб, бадиий ижод ривожига алоҳида эътибор қаратиб келишмоқда. Кейинги йилларда таниқли ижодкор Фармон Тошевнинг ташаббуси ва вилоят ҳокимлигининг қўллаб-қувватлаши натижасида Самар­қанд адабий муҳитининг деярли икки асрлик тарихи мужассам бўлган  "Ижод — кўнгил таскини", "Ифтихоримсан, Ватан!", икки жилдлик "Юртни севмоқ саодати", "Зарафшон мавжлари" тўпламлари ва "Самар­қанд адиблари" библиографиясининг нашр этилиши самарқандлик ижодкорларнинг сара асарларини тўплаш ва нашр этиш ўзига хос адабий анъанага айланганлигидан далолат беради. Биргина ўтган йил давомида Фармон Тошев, Исматулло Йўлдошев, Ойгул Маматова, Хуршид Нуруллаев, Жумагул Сувонова, Абдураҳим Соли Боғдонли, Кубарро Баҳромова, Раҳимжон Наим, Гулжаҳон Мардон қизи, Қодирбек Усмонов, Нафас Дўсанов, Рўзибой Холмирзаев, Моҳинисо Бобоқулова, Ўлмасбек Холмўминов, Умид Али, Эшқобил Вали, Ғайрат Бобоқулов каби элликка яқин ижодкорларнинг шеърий ва насрий асарлари китобхонлар қўлига етиб борди.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 5 апрелдаги "Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги  Қарорида белгиланган вазифалар вилоятимизда тоза бир ижодий муҳит шаклланишига, янгича руҳдаги кўплаб асарларнинг яратилишига замин яратди. Бунда айниқса, вилоят ижодкорлари бошини бириктиришда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги "Садоқат" тўгараги томонидан амалга оширилаётган ишлар диққатга молик. Тўгаракка вилоятнинг барча туманларида яшовчи 12 ёшдан 80 ёшгача бўлган 100 га яқин ижодкорлар қатнашиб келмоқда. Машғулотлар давомида тўгарак аъзоларининг янги ёзилган асарлари муҳокама қилинади, ютуқ ва камчиликлари айтилади. Таниқли ёзувчи ва шоирлар таклиф қилиниб, ижодий суҳбатлар ўтказилади. Бундан ташқари, янги китоблар тақдимоти ва мушоиралар ташкил этилаяпти.

2018 йилнинг 19-20 апрель кунлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ёш ижодкорларнинг Зомин семинари арафасида Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг ижодкор ёшлари ўртасида биринчи китоб учун минтақавий семинар ўтказилди. Унда Самарқанд вилоятидан ўн нафар ёш қаламкаш тўртта йўналиш бўйича қатнашди.

Семинар якунига кўра, ижоди ва интеллектуал салоҳияти юқори баҳоланган ёшлар ҳайъат аъзолари томонидан республика семинарида иштирок этиш учун саралаб олинди. Шунга асосан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят ҳудудий бўлинмаси мазкур семинар ғолиби бўлган Камола Мусулмонова ва Алишер Сабриевлар назм, Сардор Темурхонов наср, Орифжон Одилов публицистика, Муҳаммадмурод Ёрқулов таржима йўналиши бўйича Зомин семинарида қатнашиш учун тавсия этилди.

Ўтган йилги Зомин семинари иштирокчиси ёш ижодкор Ҳумоюн Қувондиқовнинг "Юлдузлар шивири" номли биринчи китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси "Ижод" фонди ҳисобидан 10 минг нусхада чоп этилди.

Бугунги кунда вилоятда қалам аҳли, айниқса, ёшларнинг бадиий ижод билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратиб берилган. Бу эса келажакда Самарқанд адабий муҳитининг янада тараққий этиб, янги бос­қичга кўтарилишидан далолат бериб турибди.

Муаллиф: Зуҳра ЭШОНҚУЛОВА, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими етакчи мутахассаси

8.09.2018 165 69 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства