samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

САМАРҚАНДНИНГ "АМИР ТЕМУР" ОРДЕНИ ҚАЕРДА?

Чоп этиш

1996 йил 18 октябрь. Самарқанддаги эндигина бунёд этилган бобокалонимиз Амир Темур ҳайкали атрофи улкан танатаналар оғушида.

Шу куни буюк Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносиб нишонланди. Маросимда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлаб, Самарқанд байроғига биринчи рақамли "Амир Темур" орденини қадаб қўйди ва 18 октябрни Самарқанд шаҳри куни сифатида нишонлашни таклиф этди.

"Амир Темур" ордени мамлакатимизда Соҳибқирон сиймосига кўрсатилаётган чуқур ҳурмат ва эътибор ифодасидир. Орден марказида Соҳибқироннинг от устидаги улуғвор қиёфаси акс эттирилган, тасвир остида эса бобомиз ҳаётда қатъий амал қилган шиор — "Куч — адолатда" сўзлари битилган.

Ушбу орден билан давлатчилигимизни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари, меъморчиликни, илм-фан, адабиёт ва санъатни, шу жумладан, ҳарбий маҳоратни ривожлантиришга, давлатлараро ҳамкорликни, тинчликни ҳамда халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга алоҳида ҳисса қўшган юртдошларимиз, шунингдек, мамлакатимиз фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланади. Фуқаролар билан бир қаторда, айрим ҳолларда, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, ижодий жамоалар ва ҳарбий бўлинмалар, мамлакатимизнинг маъмурий-ҳудудий бирликлари ҳам ушбу орден билан мукофотланиши мумкин.

Дарҳақиқат, Биринчи Президентимизнинг 1996 йил 28 августдаги "Самарқанд шаҳрини "Амир Темур" ордени билан мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига мувофиқ илк бор Самарқандга ушбу орден топширилди.

— Самарқанднинг "Амир Темур" ордени йигирма йил давомида шаҳар ҳокимлигида сақлаб келинган, — дейди Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи бўлим мудири Сафура Рўзимуродова. — 2016 йил, яъни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан музейда ташкил этилган "Мустақиллик экспозицияси"га ўша пайтдаги шаҳар ҳокими Акбар Шукуров томонидан  "Амир Темур" ордени Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонасига доимий сақлаш ва экспозицияда намойиш этиш учун топширилди. Мазкур орден айни пайтда Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида сақлаб келинмоқда.

Эътироф этиш жоизки, бугунги кунга қадар Самарқанд, Шаҳрисабз ҳамда Термиз шаҳарлари "Амир Темур" ордени билан мукофотланган. Шунингдек, шахмат бўйича 2004 йил жаҳон биринчилигида ғолибликни қўлга киритиб, халқимизга хос юксак интеллектуал салоҳият, мардлик ва жасорат намунасини амалда намоён этгани, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини ва нуфузини ошириш, унинг шуҳратини бутун дунёга тараннум этишга қўшган улкан ҳиссаси учун Рустам Қосимжонов ҳам "Амир Темур" ордени билан тақдирланган.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

10.10.2018 50 79 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства