samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

САЛОҲИЯТЛИ КАДРЛАР

Чоп этиш

туризм ривожининг кафолатидир

Мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Интеллектуал салоҳиятли, илғор ғоя ва таклифларни илгари сурадиган, соҳа бўйича чуқур билим ва тажрибага эга бўлган кадрларсиз ушбу йўналишда муваффақиятга эришиш қийин. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Самарқандда ташкил этилган "Ипак йўли" туризм халқаро университетида соҳа учун салоҳиятли кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Дарҳақиқат, жорий ўқув йилида республикамизнинг турли вилоятларидан 1225 нафар абитуриент мазкур университетда ўқиш истагида ҳужжат топширганди. 10 август куни бўлиб ўтган давлат тест синовларидан муваффақиятли ўтган 125 нафар абитуриент "Ипак йўли" туризм халқаро университетининг илк талабалари бўлиш бахтига муяссар бўлди. Айни пайтда мамлакатимизда олий таълим муассасасида ўқиш истагидаги ёшлар учун яратилган қўшимча имтиёзлардан фойдаланган талабалар ҳисобига уларнинг сони 137 нафарга етди. 40 нафари давлат гранти, 97 нафари эса тўлов-шартнома асосида таҳсил олмоқда.

"Ипак йўли" туризм халқаро университетида таълим сифат ва самарадорлигини ошириш бўйича нуфузли халқаро туризм ташкилотлари, таълим муассасаларининг етакчи мутахассислари билан ҳамкорлик тобора мустаҳкамланаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Жумладан, университетда ўқув жараёнлари бошлангунга қадар Халқаро туризм ташкилоти (UNWTO), Халқаро профессионаллар туризми ассоциацияси, Испаниядаги биринчи янги профессионал туризм мактаби ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг етакчи мутахассислари, экспертлари иштирокида олий таълим муассасасининг ўқув режалари, малака талаблари шакллантирилди. Илғор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этиш бўйича чора-тадбирлар тузилди.

— Университетимизда туризм ва менежмент факультети, "Ижтимоий ва табиий фанлар", "Хорижий тиллар", "Умумкасбий ва ихтисослик фанлари" кафедралари фаолият кўрсатмоқда, — дейди  университет таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи Азиз Тўхтамишов. — 7 та ўзбек, 8 та рус гуруҳларига 12 нафар профессор-ўқитувчи, жумладан, 9 та фан доктори, профессор, 2 та фан номзоди, доцент ва 1 та катта ўқитувчи фанлар бўйича билим беришмоқда. Жорий йилнинг октябрь ойи давомида Гонгконг давлат политехника университетининг профессори Тони Ци, Халқаро туризм ташкилотининг (UNWTO) мутахассиси Кристофер Ламберт университет талабалари ва ўқитувчиларига маҳорат дарслари ўтишганини алоҳида таъкидламоқчиман. Шунингдек, Париж туризм академиясининг экспертлари Харборт Мишель, Алаин Каилатлар билан  Европа туризми тажрибасини ўрганиш ва таълим соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш борасида тажрибалар алмашилди ва икки томонлама таълим тизимини жорий этиш муҳокама қилинди.

Бугунги кунда Индонезиянинг Sahid Tourism институти, Максим Танк номидаги Белорусия давлат педагогика университети, Шимолий Кавказ федераль университети ва Сочи давлат университети, шунингдек, Германиянинг бир қатор олий таълим муассасалари билан профессор-ўқитувчи ва етакчи мутахассислар алмашинуви бўйича ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Туризм ва меҳмонхона бизнесини ташкил этиш бўйича кўнгиллиларни жалб қилиш учун Кореянинг KOICA халқаро ташкилоти билан ҳамкорлик қилиш учун талабнома юборилди.

Айни пайтда "Ипак йўли" туризм хал­қаро университети жамоаси томонидан олий ўқув юртига халқаро грантларни қўлга киритиш, келгуси ўқув йилидан туризм соҳасида таҳсил олиш истагидаги хорижлик ёшларни ҳам жалб қилиш бўйича изланишлар давом этмоқда.

Дарҳақиқат, бугунги кунда "Ипак йўли" туризм халқаро университетининг Университет хиёбонида жойлашган биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Университет таълим жараёнлари Самарқанд давлат университети академик лицейи биносининг иккинчи қаватида амалга оширилмоқда.

 

Муаллиф: А. ЗИЁДОВ

3.11.2018 110 87 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства