samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

СЎЗИ ҲИКМАТ, ИШИ ИБРАТ

Чоп этиш

Қайси оилада ёки жамоада кўпни кўрган, ёши улуғ отахонлар, меҳридарё онахонлар бўлса, ўша даргоҳда аҳиллик, файзу барака, фаровонлик, ёшларнинг ишларида унум ва ривож бўлади.

Бу қадриятлар мамлакатимизда юксак даражага кўтарилган ва ижтимоий нуқтаи назардан давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида белгиланган.

Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари Президентимиз Ш. Мирзиёев томонидан имзоланаётган қарорлар, фармонлар мазмун-моҳиятини талабалар онгу шуурига сингдириш бўйича ўз фаолиятлари режасини белгилаб олганлар. Унга асосан маънавият дарслари, учрашувлар ва давра суҳбатларида талабаларга бой тарихимиз, улуғ алломаларимизнинг дунё илм-фанига қўшган улкан ҳиссалари ҳақида фикр билдирилиб, уларнинг тарих, жамият, инсоният олдидаги буюк хизматлари эътироф этилмоқда. Оилада, жамиятда пиру бадавлат кексаларимиз ўгити, панду насиҳати, юриш-туриши, иши, одоб-ахлоқи, шахсий ибратлари билан ёшлар тарбиясини миллий қадрият даражасига кўтарганликлари мисоллар билан тушунтирилмоқда. Асосий эътибор мустақилликнинг аҳамияти, юртимиздаги тинчлик, хотиржамликнинг моҳияти, Президентимиз юритаётган оқилона ички ва ташқи сиёсат, маданий-маънавий, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги юксалишлар ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилмоқда.

Дарҳақиқат, ўсиб келаётган ёш авлоднинг баркамол инсонлар бўлиб вояга етишларида ҳар сўзи ҳикмат, ҳар иши ибрат пиру бадавлат нуронийларимизнинг дуою насиҳатлари маънавий тарбиянинг ажралмас қисмидир. Кексаларнинг дуосини олиш кўнгилларни ёритувчи, ишга унум бағишловчи савобли ишдир. Буни тарихий манбалардан келтирилган жуда кўп мисолларда ҳам кўриш мумкин. Улуғ бобомиз, буюк давлат арбоби Амир Темур ҳазратлари ҳам ҳар қандай жиддий ишни бошлашдан олдин пиру устозларнинг дуою фотиҳасини олганлиги тўғрисида тарихий манбаларда қайд этилган.

Улуғ шоиримиз ҳазрат Мир Алишер Навоий эса панду насиҳат дард­ли кўнгилга мадор бўлишини, яъни кўнгил мақсадга етишини, жон эса роҳат топишини таъкидлаган:

Кўнгил дардига дармондир насиҳат,

Қилоли улга имкондир насиҳат.

Ёшларимизга куч, ғайрат, шижоат ва ақл-заковатга тўлган пайт­ларида кўплаб хайрли ва савобли юмушларни бажаришлари лозимлиги, умр оқар дарё эканлиги, билим, касбий маҳорат, илмий, маърифий солоҳият ёшликда ўрганилса, бу тошга битилган нақш бўлишини ва бу билим бутун умр давомида асқатишини, ҳою-ҳавасга берилиб, умрни зое кетказмасликларини қайта-қайта уқтириб туриш лозим.

Университетимизда ҳар томонлама соғлом, баркамол авлодни тарбиялаб, ҳаётда ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлишларида маърифатли, нуроний профессор-ўқитувчиларимизнинг хизматлари катта. Кекса авлоднинг мана шундай бой илмий-педагогик салоҳиятидан унумли фойдаланишнинг тизимли шакли яратилганлиги айни муддаодир.

Муаллиф: Э. ҚОБИЛОВ, СамДУ профессори. Ш. АМИНЖОНОВ, доцент

15.12.2018 136 100 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства