samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Регистонда ҳаво шари учирилди

Чоп этиш

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ташаббуси билан ўтказилаётган "Ёш ватандошлар" халқаро фестивали доирасида шаҳримизда ҳам қатор тадбирлар ташкил этилди.

Хорижда истиқомат қилаётган, узоқ муддатга ўқишга, ишга кетган, турли хил йўналишларда муваффақиятга эришган 16 давлатдан келган ўзбекистонлик ёшлар дастлаб Имом Бухорий ва Шоҳи Зинда мажмуаси, Амир Темур мақбарасини зиёрат қилишди. Шундан сўнг, Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида иштирокчиларнинг самарқандлик тенгдошлари билан мулоқоти ташкил этилди.

— Юртдошларимиз билан дийдор кўришиб, мулоқот қилиш имконияти яратилганидан бениҳоя хурсандмиз, — дейди булунғурлик Аброр Ғафуров. — Мен 15 йил олдин Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг гидрология йўналишини битириб, Германия давлатига кетганман. У ерда йўналишим бўйича магистратурада ўқиб, докторлик диссертациямни ҳимоя қилдим. Ҳозир сув ресурсларини бошқариш, яъни гидрология соҳаси бўйича Германия илмий-тадқиқот марказида ишлаяпман. Бундан ташқари, Гумбольдт университети доцентиман. Фестиваль доирасида юртимизнинг кўплаб азиз қадамжоларини зиёрат қилдик. Бугун ўз юртимга келиб,  нима учун бу азиз тупроқ она Ватан, деб аталишининг маъносини қалбан ҳис этдим. Она юртда инсон ўзини эркин, хотиржам ҳис этаркан. Бундай имконият яратиб берганларга мингдан-минг раҳмат!

Фестивалнинг энг унутилмас тадбирлари Регистон майдонида ўтказилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Республика аэронавтика федерацияси ҳамкорлигида самога "Ёшлар иттифоқи ҳаво шари" учирилди. Туризмни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган мазкур ҳаво шари маҳаллий ва хорижлик сайёҳларда катта қизиқиш уйғотди.

Шердор мадрасаси ҳовлисида ташкил этилган имконияти чекланган ёш рассомлар асарлари ва уста ҳунармандлар ясаган буюмларнинг хайрия аукциони ҳам фестивалга ўзига хос мазмун бағишлади. Фестиваль Регистон майдонидаги ЗD шоу томошалари билан якунланди.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

14.04.2018 207 28 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства