samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Рамазон — эзгу амаллар ойи

Чоп этиш

Рамазон руҳан ва жисман покланиш, эзгу амаллар, хайр-эҳсонлар қилиш ойидир.

Бу ой ҳар бир инсонга гуноҳлардан фориғ бўлиш, энг хайрли ишларга қўл уриш, ўксик дилларни шодликка тўл­дириш учун Яратганнинг берган бир имкониятидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: "Ким Рамазонда имон ила савоб умидида рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Рамазонда имон ила савоб умидида қоим бўлса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким "Лайлатул қадр"да имон ила савоб умидида қоим бўлса (Яратганга тоат-ибодат қилиш билан тунни бедор ўтказса), унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади".

Мусулмон кишининг йил давомида адо этиб юрган намоз, садақа ва шу каби яхши амаллари гуноҳларини кетказиб туради. Аммо булардан ҳам ортиб қолган гуноҳлари бўлса, у гуноҳлари Рамазон ойида кетказилади. Бу ойда рўза тутиш гуноҳларнинг мағфират қилинишига сабаб бўлса,  эҳсон, садақа ва закот беришнинг савоби бош­қа ойлардагига нисбатан 70 маротаба устун бўлади.

Рўза фарзларини сидқидилдан адо этиш соғлом, жисмоний имконияти етарли ва шунга қодир инсонлар олдидаги энг муҳим фарз ҳисобланади. Рўза тутишда саҳарлик ёки ифторликда кун давомида ейилмаган овқатнинг ўрнини қоплаш учун ортиқча овқатланиш инсон соғлиги учун ҳам зарарлидир. Шунинг учун рўза тутаётган инсон бир марталик меъёрни унутмаслиги шарт. Масалан, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари саҳарлик ва ифторликда олтита хурмо еган экан, холос. Кийиниши ҳам атрофидаги инсонларникидан ортиқ бўлмаган. Бу йўқчилик ёки камбағалликдан эмас, балки рўза фарзларини адо этишдаги масъулиятдан ва кибрга берилиб кетмасликдандир.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг марҳамати бандаси учун ёғилиб турган шундай қутлуғ кунлар остонасида азизлар, бир-биримиздан меҳр-оқибатни, самимиятни аямайлик. Имконимиз бўлса, дабдабали тўй, ифторликлардаги исрофгарчиликлар ўрнига бир етимнинг бошини силайлик. Кам таъминланган, бола-чақасини уйли-жойли қилишга қурби етмай турган қўни-қўшнимиз, касал ва ногирон маҳалладошларимизнинг қўлимиздан келганча оғирини енгил қилайлик. Қалбларимиздаги ҳасад, гина-кудуратларни унутиб, бир-биримиздан ширин сўзимизни аямайлик. Ана шунда, Яратган томонидан биз, бандаларга аталган ажр-савобларга тўла-тўкис эга бўламиз, иншооллоҳ.

Муаллиф: Нуриддинхон ИСЛОМОВ, шаҳар бош имом-хатиби

12.05.2018 101 36 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства