samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Поездга отилган тош, жарима бўлиб қайтади

Чоп этиш

2018 йилнинг ўтган даври мобайнида темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш, транспорт воситаларига шикаст етказиш ва бошқа ҳолатлар билан боғлиқ 949 та қоидабузарлик аниқланди...

Дарҳақиқат, вилоятимизнинг Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Булунғур, Жомбой, Самарқанд, Паст Дарғом, Нуробод, Пахтачи, Нарпай ва Каттақўрғон туманлари ҳудудидан 305,6 километр темир йўл излари ўтган. Ундан "Afrosiyob" тезюрар поезди ва бошқа йўловчи ҳамда юк поездлари доимий ҳаракатланади. Афсуски, темир йўл тармоғининг мамлакатимиз иқтисодий ривожидаги аҳамияти, фаровон ҳаётимиздаги тутган ўрни нақадар юксак эканлигини англамаган айрим фуқароларимиз ва айниқса, вояга етмаганлар томонидан турли қоидабузарлик ҳолатлари содир этилмоқда. Темир йўл атрофида мол боқиш, белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиш, вагон ойналарига тош отиш, рельсларга ҳар хил ашёларни қўйиш ҳамда хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўрнатилган темир панжараларни ўзбошимчалик билан бузиш шулар жумласидандир.

Темир йўл йўналишида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фавқулодда ҳолатларга йўл қўймаслик борасида ҳар йили вилоят ИИБ транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими томонидан таълим муассасаларида, хонадонлар ва маҳаллаларда профилактик тадбирлар ўтказилади. 2018 йил давомида ҳам темир йўл атрофидаги маҳаллаларда 372 марта, корхона-ташкилотларда 151 марта, таълим муассасаларида эса 183 марта учрашув ва давра суҳбатлари, тушунтириш-тарғибот ишлари ташкил этилди. Бўлим ходимлари 2564 та хонадонда бўлиб, профилактик суҳбатлар ўтказишди ҳамда темир йўл хавфсизлигига риоя қилиш бўйича махсус эслатмаларни тарқатишди.

Шунга қарамасдан, юқорида қайд этганимиздек, фуқароларимиз томонидан мингга яқин жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилди. Албатта, бу қоидабузарликлар амалдаги қонунларимизга мувофиқ моддий ва маънавий жавобгарликка тортилди.

Яна бир гап. "Afrosiyob" тезюрар поездининг бир дона вагон ойнасининг нархи 1852 евро, яъни, қарийб 19 миллион сўмни ташкил этади. Унга атайин шикаст етказилган ҳолатда товон пули айбдор фуқаронинг ўзидан ундирилади. Айтмоқчимизки, аввало, темир йўл хавфсизлигига риоя қилинг, шу билан биргаликда, ўзингиз ва оилангизга моддий ва маънавий зарар етказманг!

Муаллиф: Миразиз ТУРСУНОВ, вилоят ИИБ ТЖХТБ ҲПГ инспектори, капитан

22.12.2018 65 102 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства