samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Оила инқирози — тарбия таназзули

Чоп этиш

Табиатдаги ҳар бир гиёҳ тупроқ қатидан униб чиқиб, қуёшга интилиб яшайди ҳамда вақти келиб, умрини якунлаб, уруғини ўсган жойга ташлаб кетади.

Бу оддий ўхшатиш энг ақлли мавжудот — инсонга ҳам хосдир. Зеро, ҳар бир гиёҳ каби инсон ҳам ўз наслини сақлаб қолишга интилиб яшайди. Бу эса бевосита инсон умри ва турмушидан ўз олдига қўйган мақсади мазмунини англатади.

Энг ақлли зотнинг ҳаёти мазмуни, энг аввало, фарзандларини дунёга келтириш, уларни комил инсон сифатида вояга етказишдан иборатдир. Оила, деб аталмиш ижтимоий қаср бу борада тенгсиз макон ҳисобланиб, инсоннинг дунёга келиши, камол топишида энг муҳим ижтимоий бошпана ҳисобланади.

Бугунги глобаллашув жараёнида оиланинг ижтимоий мавқеига ҳам салбий таъсирлар хуружини кузатмоқдамиз. Нега ота-онасиз болалар кўпаймоқда? Нега отасиз фарзандлар туғилмоқда? Бу саволларга қисқача жавоб беришнинг имконияти йўқ. Қолаверса, оилани режалаштиришда миллий анъаналаримиздан чекиниб, баъзан ғарб­да қўлланилаётган ва амал қилинаётган удумларга кўр-кўрона эргашиб кетмоқдамиз. Инсон зотининг ҳаёт мазмуни фарзанд кўриш ва баркамол этиб парваришлашдан иборатдир. Статистик маълумотларга асосланадиган бўлсак, дунёда миллионлаб болалар бугун ўз отаси ёки онасини танимайди! Бу муаммонинг ижтимоий сабаблари ҳам кўп. Улардан бирига тақчиллик ва етишмовчиликни сабаб қилиб кўрсатсак, бошқа бирига сиёсий ўйинлар — мамлакатлардаги урушлар оқибатида ота-онасидан жудо бўлаётган болакайларни кўз олдимизга келтириш мумкин. Тўғри, вақти келиб, ижтимоий муаммоларга барҳам берилади, урушларга чек қўйилади. Бироқ, яна бир сабаб борки, болаларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги кўпинча ота ва она ўртасидаги муносабатларнинг рисоладагидек эмаслигида кўринади. Эътибор берсангиз, ота-она ўртасидаги муносабатлар етарли бўлмаган оилаларда тарбияланаётган болаларнинг дунёқараши, ўзини тутиши ва бошқа кўринишларда жиддий нуқсонлар кўзга ташланади. Бу ҳолат ота ва онанинг фарзандлар тарбиясида йўл қўйган хато-камчиликлари оқибатидир.

Бугунги кунда оила инқирози инсоният ҳалокатини келтириб чиқараётган энг катта ижтимоий муаммодир. Бу муаммони ҳал этиш бир ёки бир неча мамлакат миқёсида олиб борилмайди. Ғарб мамлакатларида бу борадаги ишлар аллақачон муаммонинг илдизини топишга асос бўлмаётганлиги барчага аён. Чунки Европа мамлакатларида оила инқирози бошланганига салкам ярим аср бўлмоқда. Оқибатда, Европада оила институтига бўлган шахсий масъулият ва миллий жавобгарлик, деган тушунча аллақачон кун тартибидан олиб ташланди. Оқибатда, айрим мамлакатларда бир оилага бир фарзанд ҳам тўғри келмаётганлиги статистик маълумотларда миллий фожиа сифатида қайд этилмоқда.

Мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлашнинг миллий анъаналарга асосланган ҳуқуқий пойдевори яратилган. Ушбу пойдевор, энг аввало, хонадонларимизда давом этаётган асрий анъаналар, миллий урф-одатлар асосига қурилгандир. Яқинда Тош­кент­да бўлиб ўтган "Ўзбекистонда болалар ижтимоий ҳимояси: илғор миллий ва халқаро тажриба" мавзуида ўтказилган халқаро анжуманда халқимизнинг фарзандлар тарбияси билан боғлиқ миллий анъана ва урф-одатлари алоҳида муҳокама этилди. Шуниси қувончлики, хориждан ташриф буюрган меҳмонлар халқимизнинг бу борадаги тажриба ва анъаналари қадрлашга молик эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Муаллиф: Ф. НАБИЕВ, СамДУ профессори. Н. ҒАФФОРОВА, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Самарқанд академик лицейи ўқитувчиси

22.12.2018 77 102 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства