samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Оилангиз фаровонлиги ўз қўлингизда

Чоп этиш

"Ҳар бир оила – тадбиркор" дастуридан кўпчилик ҳамшаҳарларимиз хабардор, назаримизда.

Аммо қайсидир оиланинг бу имкониятдан фойдаланиб, тадбиркорлик қилаётгани ҳақида ҳали бирор маълумотга дуч келмадик. Хўш, бу дастурнинг мақсади нима? У қандай амалга оширилади? Шаҳримизда бу борада қандай ишлар қилинмоқда?

Жорий йилнинг 7 июнида Президентимизнинг "Ҳар бир оила – тадбиркор" дастурини амалга ошириш тўғрисида"ги қарори эълон қилинган эди. Унга кўра ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш устувор вазифа қилиб белгиланди. Ана шундан келиб чиққан ҳолда шаҳар ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинди ва ҳокимлик қошида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда мониторинг қилиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди. Оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш истагидаги фуқароларга тушунтириш-тарғибот ишларини амалга ошириш, имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича шаҳримиздаги 27 та тижорат банкларининг филиаллари бириктирилди. Шу билан биргаликда, тузилган ишчи гуруҳ томонидан жойларда, маҳаллаларда "Ҳар бир оила – тадбиркор" дастури кенг тарғиб қилинаётир.

Айни саъй-ҳаракатлар натижасида дастур доирасида тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган 200 нафардан ортиқ фуқаро ҳамда хўжалик юритувчи субъектларга 7,0 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратиш бўйича хулосалар вилоят ташкилий мувофиқлаштирувчи комиссиясига тақдим қилинди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, кредитлар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган жисмоний шахслар, шунингдек, кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркорлар, микрофирмалар, кичик корхоналар, деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда оилавий тадбиркорлик субъектларига: энг кам ойлик иш ҳақининг 150 бараваригача миқдорда — оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун, энг кам ойлик иш ҳақининг 1000 бараваригача миқдорда — қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига ажратилади. Кредитларнинг фоиз ставкаси йиллик 7 фоиз миқдорида белгиланган.

Фаровон турмушимиз учун давлатимиз томонидан яратилаётган бундай қулайликлардан унумли фойдаланайлик. Ўзимиз ва оила аъзоларимизни, маҳалладошларни манфаатли ишларга бошлайлик. Аждодларимиздан авлодларга ўтиб келаётган ҳунармандчилик анъаналарини давом эттириб, касаначилик, турли касб-ҳунарларни ривожлантириш орқали ўз ишбилармонлигимизни намоён этайлик. Мазкур дастур асосида имтиёзли кредит олиш истагида тижорат банкларига қилинган мурожаатлар эътибордан четда қолмайди.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

19.12.2018 75 101 Иқтисодиёт
окна фотограф html php памятники знакомства