samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Одамлар бугунидан рози бўлади

Чоп этиш

Фарҳод қўрғонидаги маданият ва аҳоли дам олиш марказида Президентимизнинг жорий йил 29 мартдаги "Обод қишлоқ" дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида "Ширин" ва "Чўпонота" маҳалларида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режаларни бажаришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ушбу дастур асосида амалга оширилаётган ишлардан кенг жамоатчиликни хабардор этиш мақсадида йиғилишга ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли ҳам таклиф этилди.

Дастлаб шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов "Обод қишлоқ" дастурида белгиланган чора-тадбирлар, улардан кўзланган мақсад, амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар хусусида тўхталиб, мутасадди корхона ва ташкилотлар, идоралар раҳбарларига тегишли топшириқларни берди. Шундан сўнг шаҳар ҳокимининг ўринбосари Б. Элмуродов ва уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Ф. Нажмиддинов бажарилган ишлар ва режалаштирилган чора-тадбирлар хусусида маълумот берди. Дастлабки ўрганиш ва ҳисоб-китобларга кўра, мазкур маҳаллалар ҳудудида жами 9 миллиард 623 миллион сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Жумладан, 382 та уй-жой таъмирланиши, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 4,2 километр масофага қувур тортилиши, 0,5 километрлик канализация тармоғи реконс­трукция қилиниши белгиланган. Шунинг­дек, электр таъминотини яхшилаш мақсадида 2,2 километрлик янги кабель тармоқлари тортиш ва 2 та трансформатор ўрнатиш, 41 та хонадонга суюлтирилган газ баллонлари ажратиш, 4 километрлик кириш ва ички йўлларни таъмирлаш, мактаб, мактабгача таълим муассасаси, маҳалла маркази, ҳаммом қуриш, 9 та савдо объектларини барпо этиш, кўчаларда пиёдалар йўлаклари ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. 98 та ноқонуний қурилишлар бузилиб, уларнинг ўрнини ободонлаштириш белгиланди. Дарвоқе, кўп қаватли уй-жойларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш масаласига ҳам устувор аҳамият берилганини қайд этиш жоиз. Хусусан, уйларга индивидуал (икки контурли) иситиш қозонлари ўрнатиш режалаштирилмоқда. Мазкур жараёнда ҳар бир хонадонга 5 йил муддатга имтиёзли банк кредитлари ажратиш кўзда тутиляпти. 

 Ҳудудда олиб бориладиган таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини лойиҳалаштиришга "АРХ дизайн" лойиҳачи ташкилоти бириктирилди. Шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги "Самарқанд уй-жой таъмир" давлат унитар корхонаси буюртмачи сифатида белгиланди.

 Айни пайтгача дастур асосида "Ширин" маҳалласида 750 миллион сўмлик таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Жумладан, тўрт қаватли 1 та уйнинг том қисми мукаммал таъмирланиб, кириш йўлаклари ва фасад қисмида таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда. Икки қаватли 2 та уйнинг фасад қисми ҳам таъмирланмоқда. Бундан ташқари, якка тартибдаги 31 та уй-жойнинг девори пардозланди. Фасадини таъмирлаш ишлари давом эттириляпти. Якка тартибдаги 11 та уйнинг атрофи девор билан ўралди.

"Чўпонота" маҳалласида эса 220 миллион сўмлик таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилганини таъкидлаш жоиз. 15 та ноқонуний қурилишлар бузилди. Икки қаватли 6 та уйнинг фасади таъмирланди. Асосий кўчанинг ёқаларига 120 дан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Айни пайтда танланган маҳаллалар бош режаларини ишлаб чиқиш, ижтимоий ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш мақсадида лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланяпти. "Обод қишлоқ" дастурини амалга ошириш билан боғлиқ ишларни оқилона ташкил этиш мақсадида манфаатдор бошқарма, корхона ва ташкилотлар раҳбарларидан иборат таркибда доимий равишда фаолият кўрсатадиган шаҳар комиссияси ташкил этилди.

Мухтасар айтганда, "Обод қишлоқ" дас­тури асосида ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар ҳамшаҳарларимиз турмуш даражасини юксалтириш, мавжуд муаммоларни ечиш, ҳудудларни ривожлантириш, пировардида халқимизнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшашини таъминлашга хизмат қилади.

Мазкур тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири Жамшид Умаров Фарҳод қўрғонидаги маҳаллалар аҳолиси билан сайёр қабул ўтказди.

— Қўрғонимиз учун кутубхона ташкил этилса, — дейди "Чўпонота" маҳалласида яшовчи Ҳафиз Мажидов. — Учта маҳалла учун 1 та дорихона фаолият юритади. Бу аҳолининг дори-дармонга бўлган эҳтиёжини қондирмайди. "Ширин" — "Ҳазора" йўналиши бўйича ҳаракатланувчи 256-йўналишдаги автобуслар белгиланган жадвалга риоя қилмайди, йўналишни ўзгартириб, "Пўлат дархон" маҳалласига қатнайди. Ушбу ҳолат қўрғонимиздан шаҳар марказига қатнайдиган талабалар ва ўқувчилар, умуман, аҳоли учун ноқулайликлар туғдирмоқда.

— Уй-жойларимизнинг кадастр ҳужжати мавжуд эмас, — дейди "Ширин" маҳалласида истиқомат қилувчи Дилбар Усмонова. — Бунинг оқибатида поликлиника масаласида ҳам муаммолар мавжуд. Ушбу маҳаллада ҳисобда турмаганимиз боис қайси поликлиникага мурожаат этишни билмаймиз. Энг ёмони, ҳомиладор аёллар қайси поликлиникада рўйхатга туради, деган савол пайдо бўлмоқда. Бунинг оқибатида фарзандларимизни касалликларга қарши эмлатишда муаммоларга дуч келяпмиз.

Қабулда баён этилган мурожаатлар юзасидан шу ернинг ўзида мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди. Муаммоларни ҳал этиш йўллари атрофлича муҳокама қилинди.

Муаллиф: Умид АЛИМОВ, "Samarqand" мухбири

2.05.2018 209 33 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства