samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ОТАБЕКНИНГ ИЗТИРОБЛАРИ

Чоп этиш

"— Ҳой, Оқдарё, Оқдарё, икки киши керак!

— Ҳой, Челакка одам борми, Челакка ҳозир кетамиз!

— Иштихон, Иштихон, битта одам оламиз! Опажон, қаерга кетаяпсиз? — Оқдарёгами? Ҳой, Оқдарё, мана битта одам, тез ол! Опажон, чиқинг, мана бу машинага, Сизни айтган жойингизга олиб бориб қўяди!

Райҳона киракаш ҳайдовчи кўрсатган машинага ўтирди..."

Бу лавҳа-иқтибос журналист Бахтиёр Шариповнинг яқинда "Наврўз" нашриётида чоп этилган "Кечиккан кабутарлар" китобидан олинди. Дарвоқе, ушбу иқтибосни аввал бошданоқ келтирганимиз сизга бироз эриш туюлаётгандир. Келинг, бир бошидан...

Ҳамкасбимиз Бахтиёр Шарипов анча вақтдан буён замонавий Отабек ва Кумуш ҳаёти тасвирланган қисса ёзаётганди. Яқинда таҳририятимизга келиб, "Кечиккан кабутарлар" қиссаси ўрин олган чиройлигина китобни қўлимизга тутқазди.

Ҳа, айтгандек, мавзуга қайтайлик. Асарда замонавий Отабек ва Райҳона (Кумуш тимсоли ўрнида) қисмати ўз ифодасини топган. Юқоридаги иқтибосда келтирилганидек, Тошкент келини Райҳона ота юрти Самарқандга Отабекнинг зарур юмуши сабаб ёлғиз ўзи йўл олади. Сабаб: оқдарёлик дугонасининг тўйи бўлаётган эди. Ўша пайтларда (ҳозир ҳам) шаҳар атрофидаги туманларга "Damas" русумли автомашиналарда йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатиларди. Райҳона ҳам дугонасиникига ана шундай русумли машиналардан бирида етиб олмоқчи бўлди. Бироқ... Ета олмади! Йўлда содир бўлган автоҳалокат оқибатида Райҳона ҳалок бўлди!

Асарда замонамизнинг долзарб муаммоларидан бири — йўловчи ташиш хизматидаги маданиятсизлик, қонунсизлик, ўзибўларчилик каби иллатлар муаллиф томонидан очиб ташланган. Муаллиф журналист Ботир Муҳаммад тимсолида суриштирув ўтказади ва муаммонинг илдизи юқорига бориб тақалиши кўзга ташланади. Ички ишлар вазири ҳам журналист Ботир Муҳаммадга дуч келар экан, бу муаммонинг ечимини аниқ изоҳлаб бера олмайди. Чунки йўловчи ташиш учун рухсатнома берувчи ташкилотлар сони кўпайиб кетган, улардан рухсатнома олган машиналар кўчаларни тўлдириб юборган эди.

Самарқандга мотам-ла ташриф буюрган Отабек "Samarqand" газетаси таҳририятида ҳам бўлиб, Ботир Муҳаммад билан суҳбатлашади. Суҳбат асносида у Отабекка газетанинг ўтмишини ва бугунини тарихий воқеа-ҳодисалар асосида тушунтириб беради. Шу тариқа ушбу мақола чоп этилаётган газетанинг тарихидан бир лавҳа ҳам "Кечиккан кабутарлар" китобидан ўрин олганлиги биз учун қадрлидир.

Китоб бадиий жиҳатдан мукаммалликка талабгор эмаслигини таъкидлаган ҳолда муаллифнинг ёзувчи эмас, журналист эканлигини тилга олмоқ жоиздир. Шу боисдан кимлардир "жузъий", деб тилга оладиган ва эътиборга олиш шарт бўлмаган айрим камчиликлардан холи бўлмаса-да, давримизнинг долзарб муаммоларидан айримлари кучли публицистик руҳда тасвирланганлигини алоҳида тилга олмоқ зарурдир.

 

Муаллиф: Қувондиқ ХАЛИЛОВ

22.08.2018 235 66 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства