samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ОИЛАВИЙ МУЗЕЙ

Чоп этиш

Уни шажара кўзгусига айлантириш мумкин эмасми?

Ёзнинг қайноқ нафаси уфуриб турган кунларда олис Хоразмдаги диляқин дўстим — Отабекнинг уйида меҳмон бўлдим. Кечқурун қўшниси Сотимбой оға уйига таклиф қилди.

Қўлимизни ювиб, меҳмонхонага кириш олдидан Отабек:

— Дастурхон атрофига чўксак, кейин туришимиз қийин бўлади, шунинг учун, аввал, оғанинг музейи билан меҳмонни таништирсак, — дея дарвозахона четидаги хона томон йўл бошлади.

Хаёлимда: "Бу дўстимнинг навбатдаги ҳазили бўлса керак", деган ўй билан мезбон ва дўстим ҳамроҳлигида хонага кирдим-у... ўзимни музей томошабини ўрнида кўргандек ҳис этдим.

Чоғроққина хонанинг тўридан мезбоннинг бобоси, момоси, отаси ва онасининг қиёфаси жой олган қўлда тўқилган гилам илинган. Бир қарашдаёқ киши диққат-эътиборини ўзига тортадиган бу ноёб санъат асарига баҳо беришга тил ожиз. Хонани кузатаман: девордаги оддий михга хонадон соҳибининг бобоси кийган чўгирма, момосининг паранжиси илиб қўйилган. Пастроқдаги стол устида эса уриниб қолган қадимий маҳси ва калиш, ёғоч товоқ ва қошиқлар... Эҳ-ҳе, нелар йўқ бу ерда?! Бу буюмларнинг ҳаммаси бир пайт­лар шажара аъзолари хизматида бўлган.

Очиғи, музейдан қалбим тўлиб, ажойиб таассуротлар билан чиқдим. Сотимбой оғанинг айтишича, отаси вафот этгач, аммаларидан бири ёдгорлик дея, уйдан бир неча пиёла ва битта чойнакни олиб кетаётганида хаёлига ушбу хонадонга тегишли барча буюмларни тўплаб, уни авайлаб-асраш истаги туғилган экан. Шу тариқа аммасиникидан момосининг паранжиси топилган, чўгирмани эса бобосининг дўсти қайтариб берган экан. Оилавий музейдан биз эътиборга илмайдиган шундай буюмлар ҳам борки, беихтиёр хонадон соҳибининг диққат-эътиборига, дидига тасанно, дейсиз! Ахир, ўтган асрнинг эллигинчи йилларида Сотимбой оға хонадонида пайдо бўлган илк чой қошиқ ҳам шу ердан жой олган-да!

Музейда хаёл суриб, ўзимча неларнидир чамалаб, икки соатга яқин қолиб кетгандайман. Дўстим ва мезбон тезроқ дас­турхонга борайлик, деб қистайди. Ниҳоят, Сотимбой оғанинг кампири: "Ҳой, овқат ҳам совиб кетди-ку", дея огоҳлантирганидан сўнг меҳмонхонага йўл олдик.

Табиийки, дастурхон атрофидаги суҳбат-гурунгимиз ҳам бевосита ҳозиргина кўрганимиз — оилавий музей ҳақидаги менинг таассуротларим билан боғланиб кетди. Ич-ичимдан оилавий шажара тарихи, ўтмиши, удуми, кўзгуси бўлган хонадон музейи таъсисчисига миннатдорчилик билдирдим.

Юртимизда бундайин оилавий музейлар бош­қа жойларда ҳам балки бордир. Аммо камина бундай музейга илк бор қадам ранжида этганим боис, фикрларимни сиз, азизлар билан баҳам кўришни лозим топдим.

Хўш, сиз ва биз ҳам кўпинча ҳувиллаб ётадиган меҳмонхоналаримизни салгина кичрайтирсак, балки унинг бир бурчагидан жой ажратиб, оилавий музейга асос солсак, ўтган шажарадошларимиз руҳини шод этган, оилавий тарихни тиклаган, унинг мазмун-моҳиятини болаларимиз, невараларимиз онгига сингдирган бўлур эдик.

Муаллиф: Қувондиқ МАЖИДИЙ

20.06.2018 102 47 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства