samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ОГОҲЛИК ОСОЙИШТАЛИК КАФОЛАТИДИР

Чоп этиш

Ўқувчи ёшлар бу ҳақда етарли билимга эга бўлди

Самарқанд темирйўл транспорти коллежида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавф­сизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамда тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш, аҳоли, айниқса, ёшларни турли диний оқимлар таҳдидидан огоҳ этишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир хорижда ишлаб, пул топиш мақсадида юртимиздан узоқ муддатга чиқиб кетиб, турли диний ақидапарастларнинг ёлғонларига ишониб, экстремистик оқимларга қўшилиб қолган самар­қандлик фуқароларнинг аянчли тақдири ҳақида ҳикоя қилувчи "Адашганлар" ҳужжатли фильми намойиши билан бошланди.

Шундан сўнг, сўзга чиққан Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқотлар маркази илмий ходими Н. Қодиров муқаддас ислом дини кишиларни ҳалол ва покликка, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликка, она Ватанни севиш ва ардоқлашга даъват қилувчи дин эканлигини таъкидлади. Бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш, туғилиб-ўсган, тарбиялаб вояга етказган халққа, Ватанга хиёнат қилиш динимизда гуноҳи азим эканлигини, бироқ динни ниқоб қилиб олган айрим ақидапарастлар бундай муқаддас тамойилларга зид равишда ҳаракат қилаётгани, бундан барчамиз, айниқса, дунёқараши шаклланиб улгурмаган ёшлар огоҳ бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Тадбирда Самарқанд транспорт прокуратураси терговчиси М. Жўраев, вилоят ИИБ транспорт­да жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими бошлиғининг ўринбосари Ш. Жуманов, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси бошлиғи Б. Саидов, бўлинма ходими А. Очилов тинчликнинг қадрига етишга, мамлакатимиз осойишталигини таъминлашга барча бирдек масъул эканлигини таъкидлашди. Жамоат транспортида, маҳаллаларда жамоатчилик назоратини ўрнатиш, профилактика инспекторлари билан доимо ҳамкорликда ишлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътироф этишди.

Тадбир ниҳоясида мутахассислар коллеж ўқитувчилари ва ўқувчиларининг саволларига атрофлича жавоб беришди.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

9.05.2018 97 35 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства