samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ОАВ вакиллари Имом Бухорий мажмуасида

Чоп этиш

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси ҳамда вилоят туризмни ривожлантириш департаменти ҳамкорлигида Имом Бухорий мажмуаси ва Имом Бухорий илмий-тадқиқот марказига пресс-тур ташкил этилди.

Пресс-тур давомида вилоят туризм­ни ривожлантириш департаменти мутахассиси ОАВ вакилларига вилоятимизда туризм­ни ривожлантириш борасида амалга оширилаётгани ишлар, 2018 йилда бажарилган вазифалар ва жорий йилга мўлжалланган режалар ҳақида батафсил маълумот бериб борди.

— Йил сарҳисобига эътибор қаратадиган бўлсак, 2018 йилда вилоятимизга 2 миллион 100 мингдан ортиқ маҳаллий ва 351 мингдан ортиқ хорижий сайёҳлар ташриф буюрди, — дейди департамент ходими Меҳриддин Шерматов. — Туристлар оқими географиясини таҳлил қилсак, энг кўп сайёҳ Европа давлатлари ҳиссасига тўғри келади. Бунда Италия, Франция, Германия, Испания, Буюк Британия асосий ўринни эгаллайди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўтган йилда 116,7 миллион доллардан кўпроқ туристик хизматлар амалга оширилди. Бу кўрсаткични 2019 йилда 170 миллион долларга етказиш режалаштирилмоқда. Мос равишда сайёҳлар оқимини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Режага мувофиқ, жорий йилда хорижий сайёҳлар сонини ўртача 45 фоизга ошиши, яъни 509 минг кишини ташкил этиши белгиланган. Бунда виза режими бекор қилинган 45 мамлакатдан ташриф буюрувчи сайёҳлар сони 60 фоизга кўпайиши кутилмоқда.

Пресс-тур давомида мазкур ҳудудда сайёҳлар учун яратиладиган имкониятлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари Буюк муҳаддис Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиб, мутахассислардан алломанинг Ислом дини, ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси, бой меъроси ҳақида кўплаб маълумотлар олишди. Шундан сўнг, иштирокчилар Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишишди. Бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, марказда тадқиқотчилар учун яратилган шароитлар ОАВ вакилларида катта таассурот қолдирди.

Тадбир давомида иштирокчилар Ҳадис илми мактабида бўлишди. Мактабда таҳсил олувчилар учун яратилган шароитлар йиғилганлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

— Ҳадис илми мактаби ҳақида эшитганимда тасаввур бошқача эди, — дейди журналист Хайрулла Ҳамроев. — Бу ерда яратилган шароитни кўриб лол қолдим. Мактабда ҳар бир ўқув йўналиши учун алоҳида махсус хоналар ташкил этилганлиги ҳайратимни оширди. Ўқув хоналари замонавий мультимедиа жиҳозлари билан таъминланган. Талабалар турар жойларида ҳам барча имкониятлар муҳайё. Барча-барчаси бўлғуси ҳадисшуносларимизнинг малакали мутахассислар бўлиб етишларига қаратилган.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар пресс-тур давомида мутасаддилардан ўзларини қизиқтирган саволларига етарлича жавоб олиш билан бирга келгусида вилоят туризм департаменти ва Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази фаолиятига оид мавзуларни ёритиш борасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олишди.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ, "Samarqand" мухбири

26.01.2019 116 4 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства