samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Нодавлат мактабгача таълим ривожланмоқда

Чоп этиш

"Илмобод" маҳалласида 150 ўринга мўл¬жалланган "Камалак эко нур" хусусий нодавлат мактабгача таълим муассасаси иш бошлади.

Давлатимиз раҳбарининг мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга доир фармон ва қарорлари асосида юртимизда мазкур соҳа ривожида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Айниқса, соҳада нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш бўйича яратилган имконият ва имтиёзлар натижасида улар сони кун сайин орт­моқда. "Камалак эко нур" нодавлат мактабгача таълим муассасаси ҳам ана шундай имкониятлар асосида фаолият бошлади. Айни пайт­да 80 нафарга яқин бола тарбияланаётган муассаса биноси тадбиркорга "ноль" харид қийматида берилди. Натижада мазкур бинода 150 нафар тарбияланувчи таълим-тарбия олиши учун шароит яратилди.

— Муассасамизда таълим ўзбек ва рус тилларида олиб борилади, — дейди муассаса раҳбари Шоира Рустамова. — Бугунги замон талабларига мос равишда муассасамизни инглиз тилига ихтисослаштирдик. Инглиз тили маш­ғулотлари чуқурлаштирилган тартибда олиб борилади. Яқин ўртада ментал арифметика бўйича ҳам машғулотларни бошлаймиз. Бир нечта спорт тўгаракларини ташкил этиш режамизда бор. Айни пайтда гимнастика тўгараги фаолият юритмоқда. Энг муҳими, болаларнинг ҳам ақлан, ҳам жисмонан баркамол вояга етишлари учун муассасамизда логопед, ортопед мутахассислари фаолиятини йўлга қўйдик. Логопед болаларнинг нутқий ривожланишидаги нуқсонлар билан шуғулланса, ортопед болаларнинг таянч ҳаракат тизимидаги нуқсонларни барвақт аниқлаб, самарали даволаш ишларини олиб боради. Муассасамиз тиббиёт ходими уларни ўз назоратига олади ва зарур муолажалар, асосан жисмоний машғулотлар, массажларни амалга оширади. Шу вақтгача ўтказган машғулотларимиз давомида ўн нафарга яқин тарбияланувчимизнинг яссиоёқлиги, тана тузилишидаги баъзи нуқсонлар самарали даволанмоқда.

Тизимга қаратилаётган эътибор МТМ раҳбариятини янада руҳлантирмоқда. Айни пайтда муассаса атрофидаги бўш жойларда яна нодавлат мактабгача таълим муассасаси ҳамда  нодавлат бошланғич таълим муассасаси ташкил этиш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилган.

Айни пайтда шаҳримизнинг "Тутзор" маҳалласи аҳли ҳам мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини ўз кўзлари билан кўриб гувоҳи бўлишмоқда. Аниқроғи, маҳаллада фаолият юритаётган 60 ўринли "Олтин болалик" нодавлат мактабгача таълим муассасасининг 40 ўринга мўлжалланган филиали ушбу ҳудуднинг ўзида ташкил этилди.

— Бир неча бор Корея Республикасида бўлганман, — дейди муассаса раҳбари Замира Абдуллаева. — Ўзим бир умр мактабгача таълим тизимида ишлаганлигим туфайли кореяликларнинг мазкур соҳасини доимо кузатдим. У ердаги нодавлат таълим муассасалари фолиятини ўрганиб, ўзимизда ушбу тажрибани қўллаб кўришни мақсад қилдим. Кўриб турганингиздек, бугунги кунга келиб уни кенгайтиришга тўғри келди. Муассасамиз яқинидаги ҳовли-жойни харид қилдик ва 40 ўринли филиалимизни ташкил этдик. Таълим-тарбия жараёни ўзбек ва рус тилларида олиб борилмоқда. Шунингдек, инглиз тили тўгараги ташкил қилинган бўлиб, тарбияланувчиларимизга хорижий тил бўйича ҳам даст­лабки тушунчалар бериб борилади. Рақс, таэквондо тўгараклари фаолият юритади.

Нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг энг муҳим жиҳатлари шундаки, уларда тарбияланувчилар 2 ёшдан қабул қилинади.

Муассасаларнинг тантанали очилиш маросимида шаҳар ҳокимининг ўринбосари Т. Набиев иштирок этди.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

22.09.2018 116 73 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства