samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Навоий ва тожик адабиёти

Чоп этиш

Таниқли адиб ва олим Садриддин Айний талқинида

Садриддин Айнийнинг бой адабий мероси наср, назм, адабиётшунослик ва тилшунослик тараққиётида алоҳида аҳамиятга эга.

Унинг икки халқ сўз санъаткорлари ҳақидаги илмий кузатишлари мумтоз адабиёт вакилларидан Камол Хўжандий, Абу Али ибн Сино, Рудакий, Шайх Муслиҳиддин Саъдий, Алишер Навоий, Зайниддин Восифий, Мирзо Абдул­қодир Бедил, Муқимий ижоди юзасидан яратилган ишларда, замонавий адабиёт вакиллари Ғафур Ғулом, Саид Назар ва бошқалар ижоди борасидаги тадқиқотларида ўз аксини топган.

Садриддин Айнийнинг Алишер Навоий "Хамса"си юзасидан олиб борган тадқиқот ва нашр соҳасидаги ишлари навоийшунослик тараққиётига қўшилган муҳим ҳисса эканлиги алоҳида эътироф этилиши бежиз эмас. Шу билан бир қаторда, унинг илмий кузатишлари қамрови анча кенг эканлигини ҳам айтиб ўтмоқ жоиз.

Ўзбек ва тожик халқлари адабиёти тарихи тадқиқида Садриддин Айний асарларининг муҳим ўрни XXI аср илмий муҳити, янги давр адабиётшунослиги тараққиёти учун ҳам ноёб ва қимматли манба ҳисобланади.

Маълумки, Садриддин Айний Алишер Навоий меросини кенг тарғиб қилиш, мутафаккир асарлари нашрини амалга оширишдек хайрли ишларда фаоллик кўрсатиш баробарида ўзбек ва тожик халқлари адабий алоқалари масаласида ҳам йирик илмий ишларни амалга оширган. Шулардан бири олимнинг "Алишер Навоий ва тожик адабиёти" тадқиқотидир.

Мақола муқаддимасида олим қуйидагиларни алоҳида таъкидлаб ўтади: "Ўзбек хал­қининг буюк олими ва мутафаккир шоири Алишер Навоийнинг тожик адабиёти соҳасида қилган хизматлари ҳам каттадир.

Ҳар бир халққа тенг кўз билан қаровчи инсонпарвар буюк Навоийнинг форс-тожик адабиёти равнақи йўлида хизматлари ҳар тарафламадир. У, бир томондан, ўзи форсча-тожикча шеърлар, ғазаллар, қасидалар, қитъалар, рубоийлар, фардлар ва муаммолар ёзган бўлса, иккинчи томондан, форс-тожик адабиётига оид илмий асарлар ҳам яратди. Булардан бошқа, у тожик ёзувчилари, олимлари ва санъаткорлари тараққиёти учун ўша давр тожик адабий тилида илмий ва бадиий кўп асарларнинг вужудга келишида ҳам моддий ва маънавий ёрдамлар қилган".

"Алишер Навоий ва тожик адабиёти" мақоласида Алишер Навоийнинг форс-тожикча тахаллуси, девони, "Муфрадот" асари, Навоий ёрдами ва бевосита топшириғи билан ёзилган тожик тилидаги асарлар ҳамда ёш тожик ижодкорларига ҳомийлиги каби масалалар ёритилган.

Алишер Навоийнинг форс-тожикча тахаллуси хусусида тўхталиб, муаллиф шундай дейди: "Алишер ўзбекча асарларида "Навоий" тахаллусини ишлатган бўлиб, форсча-тожикча шеърларида "Фоний" тахаллусини қабул этган. Шунинг ила баробар баъзи ўзбекча асарларини "Фоний" ва баъзи тожикча шеърларини "Навоий" тахаллуси билан ёзган". Бу ўринда муаллиф мисол тариқасида Навоийнинг "Лисон ут-тайр" асарини ҳам эслатиб ўтади. Султонмурод Олимовнинг тадқиқотларида кўрсатилишича, устоз Садриддин Айний томонидан катта меҳнатлар маҳсули ўлароқ баён қилинган бу ҳақиқатга жиддий эътибор қаратилмаганлиги сабабли "Фоний" шоирнинг фақат форсий тахаллуси, деган ақидага шу қадар берилиб кетилганки, бунинг оқибатида, ҳатто, "Лисон ут-тайр"нинг насрий баёнида (1984) бир байт тамоман ғалат тушунилиб, ўз ўрнида эмас, уч байт кейинга олиб таржима қилинган: "Навоий ёхуд достонни кўчирган хаттот хатога йўл қўйган бўлса керак", деб ўйланган.

Алишер Навоийнинг форс-тожик тилида яратилган асари "Девони Фоний" хусусида сўз борар экан, бунда муаллиф Ғиёсиддин Хондамирнинг "Макорим ул-ахлоқ" асарида келтирилган маълумотларга кўра, девонда олти минг байт жамланганини айтиб ўтади. Шу билан бир қаторда, Навоийнинг Абдураҳмон Жомийга бағишлаб ёзган "Туҳфат ул-афкор" қасидаси ва Жомий вафоти муносабати билан ёзган марсияси ҳақида фикр билдириб, бу асарлар форс-тожик адабиётининг шоҳ асарлари сирасига киришини мисоллар асосида кўрсатади. Чунончи, "Алишернинг тожикча ғазаллари ўзбекча ғазаллари каби асосан лирик шеърлар бўлиши билан бирга, уларда фалсафий мазмун, инсонпарварлик ғоялари ифода қилинади, табиат манзаралар ва ҳаёт лавҳалари моҳир бир рассом каби бўрттириб чизилади.

Шоирнинг юз байтдан иборат ва Жомийга бағишлаб ёзган "Туҳфат ул-афкор" номли қасидаси форс-тожик адабиётида машҳур шоҳ асарлардан биридир.

"Туҳфатул-афкор" қасидаси фалсафий, ҳаётий ва танқидий асар бўлиб, Навоий бу қасидада ўз муддаосини сўзнинг очиқ маъноси билан ифода қилган ҳолда кўп байтларда ўша муддаони сўз ўйини — муаммо йўли билан таъкидлайди. Бу хилдаги сўз ўйини XV аср форс-тожик адабиётида катта ҳунар саналар эди".

Муаллифнинг уқтиришича, Алишер Навоий нафақат туркий, балки форс-тожик тилида ҳам юксак маҳорат билан етук асарлар яратган ва бу борада ҳам устоз ҳисобланади. Шунинг­дек, Садриддин Айний томонидан билдирилган фикрлар академик Ғафур Ғуломнинг мазкур сўзларини тасдиқлайди: "Алишер Навоийнинг ўз мундарижаси ва санъати билан форс-тожик адабиётининг энг нодир намуналари савиясида турувчи шеърларидан ташкил топган "Фоний" девони шоирнинг туркийгўйлигига сабаб, форс тилида ижод қилишга ожизлигидан эмас, балки ўз она тилидаги адабиётни ривожлантириш, унинг имкониятларини амалда исботлаш бўлганлигини кўрсатади".

Алишер Навоий форс-тожик тилидаги асарлари сирасида Жомий вафоти муносабати билан ёзилган марсияси тожик адабиётидаги марсияларнинг энг жонсўзларидан бири саналиши, бу асар ҳали-ҳануз ўқувчини ларзага солишига алоҳида урғу беради.

Мақолада муаллиф Алишер Навоийнинг форс-тожик тилидаги бадиий мероси билан бир қаторда, шу тилда яратилган илмий-адабий асарларига ҳам тўхталади. Хусусан, бунда муаммо жанрининг қонун-қоидалари ёритилган "Муфрадот"ига алоҳида эътибор қаратилади. Садриддин Айнийнинг ёзишича, "Навоий бу жанрни умумийлаштириш ва ёшларга ўргатиш йўлини осонлаштириш учун муаммонинг мутахассисларидан бўлган Мавлоно Камолиддин ва Мавлоно Шамсиддинларга муаммо қоидаларига оид китоблар ёздирган". Аммо уларнинг китоблари муваффақиятсиз чиқади... Ниҳоят, шоирнинг ўзи бу ишга қўл уради. Натижада, шоирнинг бу китоби бошқалардан шу жиҳатдан фарқ қиладики, ҳар бир қоида учун келтирилган мисолда талаба ҳанузгача кўрмаган қоидага дуч келмайди ва ўқувчи ўша қоида асосида мисолдан маълум номни осонлик билан чиқаради.

"Муфрадот" ўз бобида шу даражада муваффақият топдики, Жомий ўғли Зиёуддин Юсуфга ўз асарларини (муаммо жанри хусусидаги асарларини — Х. Б.) ўқитмасдан, Навоийнинг "Муфрадот"ини дарс­лик китоби қилиб ўқитди. "Макорим ул-ахлоқ"да қайд қилинганига кўра Жомий "Муфрадот"ни олгач, Навоийга муаммо қоидаси билан бир мактуб ёзиб, уни бу асари билан қутлади".

Алишер Навоийнинг таклифи ёхуд ҳомийлигида яратилган форс-тожик тилидаги асарлар турли мавзуларда бўлиб, мақола муаллифининг кўрсатишича, уларнинг умумий миқдори элликдан ортиқдир. Жумладан, ҳазрати Абдураҳмон Жомий, Мавлоно Алишоҳ, Мирмуртоз, ҳожа Абдуллоҳи Марворид, Камолиддин Биноий сингари илму адаб пешволари томонидан яратилган мусиқага оид қатор рисолалар, шунингдек, "Жамолиддиннинг "Равзат ул-аҳбоб"и, Ҳусайин Кошифийнинг форсий тафсири ва бошқа кўп тожикча илмий ва бадиий асарлар Алишернинг хоҳиши билан ёзилган". Шу ўринда муаллиф Алишер Навоийнинг форс-тожик адабиёти, илм-фани, хусусан, адабиётшунослиги ривожига қўшган ҳиссаси булар билан чекланмаслиги, ҳатто, унинг ўзбек тилида яратилган асарларида ҳам бу соҳага оид қимматли маълумотлар мавжудлиги ҳақида шундай дейди: "Мажолис ун-нафоис" ўзбекча ёзилган бўлса ҳам, XV аср тожик адабиёти тарихининг биринчи манбаи ҳисобланади. Навоий "Мажолис ун-нафоис"­да тўрт юздан ортиқ шоир, ёзувчи ва адабиёт дўстларини зикр қиладики, буларнинг аксариятини тожиклар ташкил этардилар".

Алишер Навоийнинг ўша давр ёш тожик ижодкорлари камолотида ҳам ўрни муҳимдир. Садриддин Айний мақолада "Ёш тожик ижодкорларининг катта бир қисми Алишернинг моддий ва маънавий тарбияси соясида ўсган. Алишер камтарлик қилиб, бу тўғрида оғиз очмаса ҳам, бизга бу ҳол бошқа манбалардан ва Навоий замондошларининг эсдаликларидан маълумдир. Мисол учун бундай ёшлардан бир нечасини эслатиб ўтамиз", дейди ва бу жумладан Сайфий Бухорий, Осафий, Ҳилолий, Биноий сингари ёш шоирларнинг илм эгаллашлари ва бадиий ижодда ном қозонишида устоз Навоийнинг кўмак ва маслаҳатлари муҳим бўлганлигини таъкидлайди. Бу хусусда "Мажолис ун-нафоис", "Макорим ул-ахлоқ", "Бадое ул-вақоеъ" каби тарихий манбаларда берилган фактлар келтириб ўтилади.

Садриддин Айнийнинг Навоийнинг форс-тожик тилидаги адабий мероси, айниқса, "Девони Фоний", унинг нусхалари тадқиқи борасидаги кузатишлари ҳам диққатга сазовордир. Муаллиф бунда "Фоний" тахаллуси билан ижод қилган шоирлар — ҳожа Аҳмад Деҳдор, кашмирлик Муҳсин ва уларнинг услубига хос бўлган хусусиятлар ҳақида ҳам маълумотлар беради.

Хуллас баён қилинганлар асосида айтиш мумкинки, Садриддин Айнийнинг бошқа тадқиқотлари қаторида "Алишер Навоий ва тожик адабиёти" мақоласи ҳам ўзбек ва тожик адабиётлари тарихини ўрганишга, шунингдек, навоийшуносликка муҳим ҳисса бўлиб қўшилган салмоқли ишлардан биридир. Мазкур мақола хулосасида Садриддин Айний ўша даврда навоийшунослик олдида турган ўта муҳим вазифаларни шундай баён қилади: "Буюк олим ва улуғ мутафаккирнинг хотираси ҳурмати тожик ва ўзбек адабиётшуносларидан қўлни қўлга бериб, унинг тожикча асарларини топиб, илмий — тадқиқий йўл билан ишлаб чиқишни талаб қилади. Шоирнинг тожикча асарлари, қўлёзмалари сақланаётган кутубхоналардан изланиши лозимдир. Буларни излаган ва ишлаган илм аҳллари ажойиб натижалардан қуруқ қолмаслар".

Садриддин Айний қаламига мансуб мазкур мақолада илгари сурилган фикр-мулоҳазалар адабиётлараро алоқалар янги поғонага кўтарилган бугунги даврда алоҳида аҳамият касб этади.

Муаллиф: Ҳусан БЕРДИЕВ, адабиётшунос

2.08.2018 195 60 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства