samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

НМТМлар 22 тага етди

Чоп этиш

Шаҳримизда фаолият юритаётган нодавлат мактабгача таълим муассасалари (НМТМ)нинг cони кун сайин ортиб бормоқда.

Ҳукуматимиз томонидан яратилаётган имтиёз ва имкониятлар, тадбиркор ва ишбилармонларнинг бундан оқилона фойдаланаётгани натижасида бугун улар 22 тага етди.

Мазкур нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг 12 таси жорий йил ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди. Бугун 1625 ўринли ушбу НМТМларига жами 1061 нафар тарбияланувчи қамраб олинди. Яқинда "Маърифат" ва "Қарши йўли" маҳаллаларида яна иккита: "Теремок" ҳамда "Рамина" нодавлат мактабгача таълим муассасалари ўз фаолиятини бошлади.

Боғчаларнинг очилиш маросимида сўзга чиққан шаҳар ҳокими ўринбосари Толиб Набиев, вилоят мактабгача таълим бош­қармаси бошлиғи Нигора Садинова, шаҳар МТБ мудираси Дилрабо Сайдуллаева ва бошқалар болажонларни соғлом ва баркамол қилиб вояга етказиш, уларга чуқур билим бериш ҳамда қобилиятларини ривожлантиришда мактабгача таълим муассасаларининг ўрни, аҳамияти тобора ортиб бораётганини таъкидлашди. Давлат шерикчилиги асосида нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг сонига ҳамоҳанг қамров ҳам ортаётгани, муҳими, МТМлар ўртасида соғ­лом рақобат муҳити пайдо бўлиб, таълим-тарбия сифатининг яхшиланиб боришига хизмат қилаётганини қайд этишди.

"Қарши йўли" маҳалласида очилган "Рамина" нодавлат мактабгача таълим муассасаси 40 ўринга мўлжалланган бўлиб, айни пайтда 12 нафар 2—7 ёшдаги болажонлар тарбияланмоқда. НМТМда таълим рус ва инг­лиз тилларида олиб борилади. Рақс, бадиий гимнастика тўгараклари мавжуд.

— "Orient finans bank" Самарқанд филиалидан 120 миллион сўм 7 фоизлик имтиёзли кредит олиб, ўз фаолиятимизни йўлга қўйдик, — дейди "Рамина" НМТМ мудираси Зиёда Маҳмудова. — Ҳудудимизда ягона бўлган ушбу боғчанинг ташкил этилиши маҳалладошлар томонидан мамнуният билан қабул қилинди. 4 киши иш билан таъминланди.

— Маҳалламизда ушбу боғчанинг ташкил этилиши кўплаб фуқароларимизни, жумладан, мени ҳам жуда қувонтирди, — дейди Гулбаҳор Жабборова. — Иқтисодий имкониятимиз чеклангани боис фарзандимизни МТМга қўя олмай келаётгандик. Ташкилотчиларга раҳмат, фарзандим шу ерда бепул таълим-тарбия ола бошлади. Ўзим эса тарбиячи ёрдамчиси бўлиб ишлаяпман.

"Маърифат" маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган "Теремок" нодавлат мактабгача таълим муассасаси 50 ўринга мўлжалланган бўлиб, бугун 18 нафар ўғил-қиз мазкур муассасада таълим-тарбия олмоқда. 4 нафар фуқаро иш билан таъминланди.

Шаҳримизда 3—7 ёшдаги болалар 32386 нафарни ташкил этади. Айни пайт­га қадар уларнинг 22 минг нафардан ортиғи ёки 68,4 фоизи мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

28.11.2018 52 95 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства