samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Муштарак мақсад — тинчлик гарови

Чоп этиш

Халқимизнинг "Қўшнинг тинч — сен тинч", деган пурҳикмат нақли бугунги кунда минтақамизда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим мезонга айланди.

Азалдан қўни-қўшничилик ришталарини мустаҳкам боғлаган халқимиз қўшни давлатларнинг тақдирига бефарқ қарамаган, уларнинг дарду ғами, хурсандчилигига доимо шерик бўлган. Бу анъана бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмасдан янада қадр топмоқда.

Пойтахтимизда ўтказилган "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик" мавзусидаги Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси ҳам фикримизнинг ёрқин тасдиғидир. Ушбу нуфузли форумда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, Европа иттифоқининг таш­қи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Туркия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ташқи сиёсий маҳкамалари раҳбарлари, 25 давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. 

Ғарийб 40 йилдан буён заҳматкаш афғон халқи уруш ва турли можаролар туфайли рўшнолик кўрмай келмоқда. Бу даврда мамлакат тиклаб бўлмас даражадаги йўқотишларга дуч келди. Талабалик давримда афғонистонлик ёшлар билан бир неча бор мулоқот қилганман. Улар юртимизда қарор топган тинчлик-осойишталик, ёш авлоднинг таълим-тарбия олиши учун яратилган имкониятларни ҳавас билан эътироф этишарди. Дарҳақиқат, тинчлик — энг улуғ неъмат, бунёдкорлик ва яратувчиликнинг мустаҳкам пойдевори.

Мустақиллик йилларида Афғонистонда тинчлик ва осойишталикни қарор топтиришга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон халқаро ҳамжамият эътиборини мунтазам равишда Афғонистондаги муаммоларга қаратиб келмоқда, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича амалий таклифларни илгари сурмоқда. Жумладан, илк маротаба 1999 йилда Тошкентда Афғонистонга қўшни давлатлар, Россия ва АҚШ ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари даражасида "6+2" гуруҳининг учрашуви ўтказилган эди. Бир сўз билан айтганда, Афғонистон муаммосини ҳал этиш чораларини атрофлича муҳокама қилиш, унинг энг оптимал вариантларини яратишга хизмат қиладиган олий даражадаги учрашувларни ташкил этиш тажрибасига эга бўлгандик.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида "Аф­ғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти бўлиб қолади. Аминмизки, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир. Музокаралар афғонистонликларнинг ўзлари ҳал қилувчи ўрин тутадиган ҳолда, Афғонистон ҳудудида ва БМТ шафелигида ўтиши лозим. Донишманд афғон халқи ўз тақдирини ўзи мустақил ҳал қилишга ҳақлидир", дея таъкидлаган эди. Бу ҳам Тошкент конференциясининг ташкил этилишига замин яратганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Афғонистон тақдирига асло бефарқ қараёлмаймиз. Буни бир қатор омиллар, жумладан, минтақада хавфсизлик ва тинчликни таъминлаш, терроризм ва экстремизм, наркотрафикка қарши курашиш, халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш билан боғлаш мумкин. Бир дарёдан сув ичган халқларимизни тарихий муштарак ришталар боғлаб туради. Тилларимиз, динимиз, урф-одатларимиздаги ўзаро ўхшаш жиҳатларни санаб адоғига етиш мушкул. Афғон заминида буюк бобокалонларимиз — Абу Рай­ҳон Беруний, Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Лутфий, Камолиддин Беҳзод, Бобораҳим Машраб яшаб ижод қилишган, мангу қўним топган. Тарихга назар ташласак, Хуросонда Ҳирот, Мовароуннаҳрда Самарқанд илму урфон, маданият ва санъат, савдо ва тижорат маркази саналган. Тарихда илм-фан, маданият ва санъат ривожланган кентлари билан машҳур бўлган бу диёрнинг бугунги аҳволига бефарқ қарай олмаслигимизнинг бошқа жиҳатлари ҳам бисёр.

Афғонистонда барқарорлик ва тинчликни қарор топтириш нафақат минтақамиз, балки глобал миқёсдаги муаммоларни ҳал қилиш имконини беради. Шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг барқарорлигига раҳна солиб турган диний экстремизм, терроризм, наркотрафик сингари бало-қазоларнинг олдини олишга замин яратади. Тинчлик ва бар­қарорлик эса иқтисодий тараққиётга йўл очади, халқларимиз ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланади.

Халқаро миқёсда алоҳида эътироф этилган Тошкент конференцияси жаҳон  ҳамжамияти томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Чунончи, ушбу нуфузли анжуман Афғонистон ҳаётида муҳим саҳифа очиб беришига барча ишонмоқда. Президентимизнинг ҳаётбахш ташаббуси қўшни мамлакатдаги нотинч вазиятни тинч йўллар билан ҳал қилишга мустаҳкам пойдевор қўйди.

Давлатимиз раҳбари халқаро конференциядаги нутқида масалага тўхталиб, "Маълумки, "уруш олови" афғон халқига четдан тиқиштирилди, бу — унинг танлови эмас. Ана шу йиллар мобайнида юз минглаб тинч аҳоли уруш қурбонига айланди, миллионлаб инсонлар ўз уйларини ташлаб кетишга ва бошқа мамлакатлардан бошпана излашга мажбур бўлди. Бу можарога янги-янги кучларнинг жалб этилиши унинг мислсиз даражада кескинлашиб кетишига олиб келди. Ушбу уруш нафақат Афғонистоннинг муаммоси, балки тобора мураккаблашиб бораётган халқаро муаммога айланди. Афғонистонда халқаро террорчи гуруҳлар сонининг кенгайиши, зўравонлик ва қон тўкишлар, наркобизнеснинг барҳам топмаётгани — буларнинг барчаси бу мамлакатдаги вазиятни жаҳон жамоатчилиги томонидан инкор этилишига йўл қўйиб бўлмаслигини кўрсатмоқда. Энг ёмони, Афғонистондаги қуролли қарама-қаршилик ва зўравонлик шароитида бутун бир авлод вояга етди. Лекин бу, айрим экспертлар андишасизларча таъкидлаётганидек, "бой берилган авлод" эмас. Улар уруш, муҳтожлик ва қийинчиликлардан чарчаган одамлар, холос. Улар ўзаро низоларга чек қўйиб, тинч ҳаётга, ўз мамлакатини тараққиёт ва фаровонликка олиб борадиган бунёдкор меҳнатга қайтишни хоҳлайди ва шунга интилади. Мен қатъий аминман: афғон халқида ўз фарзандлари ва келажак авлодларнинг бахт-саодати йўлида янги, тинч ҳаётни бошлаш ва барпо этиш учун куч-ғайрат, донишмандлик, мардлик ва матонат етарли", дея қайд этди.

Дарҳақиқат, мазкур халқаро анжуман афғон диёрида тинчликни қарор топтиришга бўлган некбин қарашларни янада мустаҳкамлади. Бинобарин, унинг доирасида қабул қилинган декларация хайрли ва эзгу ишларга хизмат қилади. Қўшнимиз тинч бўлса, биз тинч, халқи рўшнолик кўрса, шоду хуррамлигига шерик бўламиз.

Муаллиф: Умид АЛИМОВ

2.04.2018 114 24 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства