samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Мутахассисларимиз ўзимизда ишлайди

Чоп этиш

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳудудлараро болалар кардиохирургияси бўлими фаолият бошлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев 2017 йил 5 январда мамлакатимиз тиббиёт ходимлари билан учрашувида жойлардаги тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, чет эл тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган ўзбекистонлик мутахассисларни Ватанимизга қайтариш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

Шу муносабат билан Россия Федерациясининг Москва шаҳрида жойлашган А. Н. Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий марказида фаолият кўрсатиб келган самарқандлик мутахассислар Мақсуд Саидов ва Икром Маллаев билан меҳнат шартномалари имзоланди. Малакали мутахассислар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 ноябрдаги қарорига асосан жорий йилнинг апрель ойида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ташкил этилган ҳудудлараро болалар кардиохирургияси бўлимида фаолият бошлашди.

Ўтган вақт мобайнида маслаҳат поликлиникасида 250 нафардан ортиқ бемор тиббий кўрикдан ўтказилди. Бўлимга алоқадор беморлар контингентини аниқлаш мақсадида марказда стационар даволаниб чиққан беморлар архиви ўрганилди. Натижада марказ томонидан охирги 4 йилда 5 мингдан ортиқ бемор болаларга туғма юрак-қон томир касалликлари бўйича консерватив даво чоралари кўрсатилганлиги аниқланди.

— Аслида бундай хасталикка чалинган беморлар ўз вақтида ва тўғри ташхис қўйилиб, даволаниши керак, — дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази директори Маматқул Азизов. — Акс ҳолда касаллик янада ривожланиб, бундан-да оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Бундай болаларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида бў­лим­да марказ базаси асосида ёпиқ операциялар ўтказилиши йўлга қўйилди. Режага мувофиқ, дастлабки жарроҳлик амалиёти Баталов йўлининг очиқлиги ташхиси билан бўлимга ётқизилган 10 ёшли бемор — Ф. Абдураимова ва 7 ёшли бемор — С. Қув­ватоваларда ўтказилди. Айни пайтда беморлар ўзларини жуда яхши ҳис этишмоқда.

Таъкидлаш жоизки, мазкур йўналишдаги тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича марказда самарали ишлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг вилоятимизга ташрифидан сўнг тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида ажратилган маблағ ҳисобидан сунъий қон айлантириш аппарати олиб келиниши режалаштирилган. Мазкур ускуна юрак соҳасидаги очиқ ва мураккаб операцияларни амалга ошириш имконини беради.

Муаллиф: Элдор МУҲАММАДИЕВ

9.05.2018 36 35 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства