samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Мустақиллигимиз рамзи

Чоп этиш

Ҳар бир мустақил давлатнинг ўз рамзлари бўлиб, улар давлат герби, мадҳияси, миллий валютаси билан биргаликда, давлат байроғи сифатида ҳам кўз олдимизда гавдаланади.

Одатда давлат рамзларида мамлакатнинг тарихи, миллатнинг маънавий ва маданий мероси, миллий урф-одат ва анъаналари ўз ифодасини топади. Ушбу рамзнинг тарихи 5 минг йилдан ортиқ даврни ўз ичига олади.

Мустақилликнинг илк кунларидан мамлакатимиз байроғини яратиш устида улкан изланиш ва ижодий ишлар амалга оширилди. Байроғимизда миллий қарашларимиз ва урф-одатларимиз билан боғлиқ ранглар ўз ифодасини топганлигини алоҳида таъкидлаш зарур.  Ҳаворанг — мусаффо осмон ва тоза сув рамзидир. Бу рангни миллатимиз фахри, буюк Амир Темур ҳам ўз байроғида акс эттирганлиги боиси ҳам шундадир. Яшил ранг эса табиатнинг гўзал рамзидир. Бу ўз-ўзидан бугунги кунда бутун дунёда диққат-эътибор кучайтирилаётган табиат ва атроф-муҳит муҳофазасига эътиборни қаратиш лозимлигини билдиради. Қизил ранглар эса байроқнинг икки қисмидан жой олган бўлиб, у ҳамиша истиқлол учун қон тўккан аждодларимизни ёдга солиб туради. Оқ ранг тинчлик ва барқарорлик рамзи, пок­лик, буюк орзулар ва ички гўзаллик тимсолидир. Ярим ой эса халқимизнинг кўп асрлик миллий анъана ва урф-одатларининг рамзи бўлса, ўн иккита юлдуз барча инсонларнинг порлоқ келажак учун кураш ва интилишини англатади.

Байроқ давлат ва жамиятнинг кўзгуси ҳисобланади. Тарихий қадриятлар ҳамда ўтмишимиз, бугунимиз ва истиқболимизни ўзида мужассам этган мамлакатимиз байроғининг маънавий, маданий ҳаётимизда тутган ўрни беқиёсдир. Кўп миллатли давлатимизда бирлик, биродарлик, ҳамжиҳатликнинг мудом ҳукм­рон бўлиши учун давлатимиз байроғи ҳамиша ҳилпираб турмоғи лозим. 1991 йилнинг 30 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Олий кенгашининг навбатдан ташқари еттинчи сессияси кун тартибига Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи учун учта лойиҳа тақдим этилган эди. Улардан бири — бугунги кунда давлат байроғи сифатида мамлакат рамзига айланган лойиҳа депутатларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинган эди. Шундан сўнг 1991 йил 18 ноябрда "Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонуннинг иккинчи моддасида миллий байроқ давлат мустақиллигининг рамзи сифатида қонуний қайд этилди. Конституциямизнинг 5-моддасида ушбу ҳуқуқий асос янада мустаҳкамланди.

Мамлакатимиз туғи олам узра янада баланд ҳилпирайверсин, унинг бошимиз узра ҳилпираши мудом қалбларимизни фахр-ифтихорга тўлдирсин!

Муаллиф: Азим АҲМАДЖОНОВ, талаба

16.11.2018 137 91 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства