samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Мустақиллигимиз асосчиси

Чоп этиш

Ислом Каримовнинг амалга оширган ислоҳотлари дунё эътирофида

Самарқанд давлат университетида "Ислом Каримов — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асосчиси" мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.

Конференция Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоатчилик фонди ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг мамлакатимизда мустақилликни қўлга киритиш ва уни барқарор ривожлантириш йўлидаги улкан тарихий хизматларини ёш авлодга етказиш, унинг хотирасини абадийлаштириш ишларини давом эттириш мақсадида ташкил этилди.

Халқаро илмий конференциянинг очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Б. Йўлдошев, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоатчилик фонди таъсисчиси Т. Каримова, Конфуций институти директори Лю Тао, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Т. Ширинов ва бошқалар Ислом Каримовнинг юртимиз озодлиги, обод­лиги ҳамда тараққиётида тутган ўрни, оғир синовли даврларда  ҳам ҳар қандай муаммони тинч йўл билан ҳал этганлиги алоҳида таъкидланди.

— Биринчи Президентимизнинг мамлакатимиз тарихидаги ўрни, у кишининг амалга оширган ислоҳотлари беқиёс, — дейди Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Т. Ширинов. — Тарихий хотирасиз келажак йўқ, деган эди Биринчи Президентимиз. Шундай экан, мамлакатимизнинг энг янги тарихини ёш авлодга мукаммал етказиш лозим. Бу шубҳасиз мустақиллигимизнинг асосчиси Ислом Каримов фаолияти билан боғлиқ. Бугунги халқаро илмий конференцияда Хитой, Корея Республикаси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларининг илмий тадқиқотчилари иштирок этмоқда. Ушбу тадбир мамлакатимиз тарихидаги ўчмас хотирани хорижликлар талқинидаги манбалар билан бойитишда ўзига хос аҳамият касб этади.

Халқаро илмий конференция "Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритилиши ва мус­таҳкамланишида Ислом Каримовнинг ўрни" ва "Ўзбекистоннинг халқаро алоқаларини ривожлантиришда Ислом Каримовнинг ҳиссаси" деб номланган икки шўъбада ўз ишини давом эттирди. Шўъба йиғишларида юртимиз ва хорижлик етакчи мутахассисларнинг маърузалари тингланди. Мавзу юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар қизғин муҳокама қилинди.

Халқаро илмий конференция якунида иштирокчилар Ислом Каримов хотира мажмуасига ташриф буюришиб, буюк давлат ва сиёсат арбоби қабрига гуллар қўйишди. Шунингдек, Самар­қанднинг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилди.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

14.04.2018 176 28 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства