samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Муомала маданияти – инсон зийнати

Чоп этиш

Яқинда супермаркет олдида дўстимни учратиб қолдим. У хафа бўлиб турган экан. Сабабини сўрасам, «Дўконга Янги йил байрамига деб, ул-бул харид қилиш учун киргандим. Тўлов учун пластик карточкамни берсам, сотувчи энсасини қотирди. Сўнг пластик карточкамдан пул ечиб олгач, уни қўлимга тутқазиш ўрнига олдимга беписанд отиб юборди. Очиғи, унинг қилган хунук муомаласидан хафа бўлдим.

Ундан кўра нарсаларни қайтариб берганим яхши эди...», дея куюнди. Ҳа, кундалик ҳаётда бу каби дилхираликларга тез-тез дуч келамиз. Баъзан пластик карточкасини қабул қилишни хоҳламайдиган сотувчилардан, баъзан эса айрим раҳбарларнинг манманлигидан ёки бўлмаса, ҳамкасбимизнинг қў­пол муомаласидан кўнглимиз озорланади. Биргина ножоиз сўздан кун бўйи дилимиз хуфтон бўлиб юради, асабийлашамиз. Бу эса кайфиятимизга, соғ­лигимизга аста-секин салбий таъсир кўрсатади.

Инсон фақат шахсий манфаат илинжида яшаб, манманликка юз тутгани сари муомала маданиятидан, одоб-ахлоқидан, инсонийликдан йироқлашиб боради. Халқ ичида бундайларга «ердан оёғи узилганлар» дея, тўғри нисбат берилади. Аммо муомала маданияти шахс маънавиятининг узвий бўлаги ҳисобланади. У инсонга кўрк, самимийлик бахш этади. Ва ана шу мезонгина одамларни бир-бирига яқинлаштиради, ўзаро ишончни мус­таҳкамлайди. Қаерда бўлмасин, киши мансаби, мав­қеи, давлати ёки ёшига қараб эмас, балки ўзаро мулоқотда чиройли муомаласи билан унинг инсонийлиги баҳоланади. Бу ҳақда Кайковус «Қобуснома» асарида ўғлига насиҳат қилиб, шундай дейди: «Халқ олдида гапирадиган сўзинг гўзал бўлсин, бу сўзни халқ қабул қилсин. Халойиқ сени сўзинг билан баланд даражага эришганингни билсин, чунки ақлли кишини сўзидан биладилар. Эй фарзанд, сўзлаганингда ҳар бир сўзни ўйлаб, маъноли гапир, шунда айтган сўзингдан пушаймон бўлмагайсан. Ҳар бир сўзга қулоқ сол, шошилма. Ўйламасдан сўзлама. Ҳар қандай сўзни эшитишдан сиқилма. Совуқ сўз сўзлама...»

Ҳусайн Воиз Кошифий эса «Гўзал феъл-атвор, яхши хулқ нишонаси ўнтадир: яхшилик қилиш, инсофли бўлиш, бошқа одамдан айб қидирмаслик, ножўя ҳаракат қилаётганни тўғри йўлга бошлаш, айбига иқрор бўлганнинг узрини қабул қилиш, бошқалар машаққатини зиммага олиш, фақат ўз манфаатини кўзламаслик, очиқ юзли ва ширин сўзли бўлиш, муҳтожлар ҳожатини чиқариш, мулойим ва тавозели бўлиш» деб уқтиради. Чиндан ҳам бу фазилатлар кишини юксаклик сари етаклайди.

Муомала жараёнида сўзлашишдан олдин суҳбатдошингизнинг юзу кўзидаги ифода ёхуд табассуми сиз учун муҳим. У қовоғини солиб гапирса, ўша совуқлик сизга ҳам кўчиши аниқ ёки аксинча. Ҳатто, ҳадисларда табассум ҳам садақа, деган ҳикмат бежиз келтирилмаган. Бироқ табассум кўпгина муаммоларнинг калити эканини билсак-да, ҳар доим ҳам бунга амал қилавермаймиз.

Ривожланган мамлакатларда қовоқ солиб юриш, хўмрайиш кўча этикасига зид ва ҳурматсизлик саналади. Айниқса, инглиз, француз ва немислар оддий мулоқотдан олдин, албатта, узр сўрашни ва суҳбат охирида миннатдорчилик билдиришни унутишмайди. Ўзаро суҳбат давомида эса сизни майин табассум билан сийлаб туришади. Зеро, ана шундай очиқ юзлилик психологик нуқтаи назардан ҳам барчада ҳамиша яхши таассурот қолдиради.

Ҳусн ва хулқ ярим ризқ бўлса, нутқ ва ҳунар бутун ризқдир. Бу ҳикмат муомала маданиятининг икки асоси борасидаги барча мулоҳазаларимизни тасдиқлайди. Бири хулқий маданият бўлса, иккинчиси нутқий маданиятдир. Зотан, нутқ хулқнинг ойнаси. Қолаверса, инсон қалбига йўлнинг нурли чироғи ҳам у биландир. Шундай экан, бунга амал қилайлик ва фарзандларимизга ҳам ўргатайлик. Чунки, қуш уясида кўрганини қилганидек, фарзанд ҳам илк муомала одобини ота-онаси ва яқинларидан ўзи сезмаган ҳолда ўзлаштиради. Шу боис, уларнинг хушмуомала, камтар ва одобли бўлиб улғайиши учун биз, катталар ўрнак бўлайлик.

Муаллиф: Барот ОМОНОВ, Имом Бухорий халқаро маркази манбашунослик бўлими бош мутахассиси

16.02.2017 1638 4 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства