samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Мирзо Улуғбек асос солган академия

Чоп этиш

Бу ҳақда нималарни биласиз?

Буюк темурийзода ҳукмдор, астроном-олим Мирзо Улуғбек томонидан бунёд этилган расадхона ўз даврининг энг илғор ва нуфузли илм даргоҳи бўлган.

1424 — 1428 йилларда Кўҳак (Чўпонота) тепалиги этагида бунёд этилган илми нужум даргоҳи кўплаб олиму фузалоларни илм ва кашфиёт йўлида ўз бағрига олди. Шахсан Мирзо Улуғбек раҳнамолигида ўтказилган илмий тадқиқот ва изланишлар натижаси орадан салкам етти аср ўтса-да, ўз долзарблиги ва аҳамиятини йўқотгани йўқ. Хусусан, "Зижи жадиди Кўрагоний" асарида қайд этилган йил ҳисоби бугунги — замонавий ҳисобдан 1 дақиқаю 2 сония фарқ қилади, холос. Кузатув, тадқиқотлар туфайли 1018 та юлдузнинг ҳолати ва ўрни ўрганилиб, уларнинг астрономик жадвали тузилди. Бундан ташқари, Марказий ва Ғарбий Осиёдаги 683 та географик маконнинг илмий координатлари маҳаллий — Самарқанд кенглигига нисбатан қиёсий нуқтаи назардан ўрганилиб, илмий асосланди.

Мирзо Улуғбек асос солган, бевосита илмий кузатув ва тадқиқотларга раҳнамолик қилган расадхона олиму фузалолари томонидан аниқ фанлар — математика, астрономия соҳасида яратилган кашфиётлар бугунги кунда замонавий фанлар пойдевори сифатида илм оламига хизмат қилмоқда. У илмий фаолият олиб борган расадхона ва унинг атрофи истиқлол йилларида ободонлаштирилиб, алломанинг муҳташам ҳайкали ўрнатилди. Мирзо Улуғбек даври илм-фани ҳақида ҳикоя қилувчи ажойиб музей барпо этилди. Айни пайт­да бу маскан хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар ва айниқса, ёшларнинг севимли зиёратгоҳига айланган.

Муаллиф: Ҳ. ЭГАМҚУЛОВА, вилоят ўлкашунослик музейи катта илмий ходими

15.03.2018 199 20 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства