samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Меҳр ва эътибор оғушида

Чоп этиш

9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш ва меҳнат фахрийларига байрам совғалари топширилмоқда.

Шаҳримизда истиқомат қилувчи 32 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийларининг ҳолидан хабар олиниб, Президентимизнинг пул мукофотлари, тегишли ташкилот ва ҳокимликларнинг байрам совғалари топширилмоқда.

Мазкур йўналишда ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси доирасида шаҳар ҳокими ўринбосари Б. Раҳматуллаев, Самарқанд гарнизони бошлиғи Ш. Мамажонов, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи Н. Муқимов ҳамда фаол ўқувчи ёшлардан иборат тарғибот гуруҳи шаҳримиздаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонларида бўлишди.

«Боғи Темур» маҳалласида истиқомат қилувчи уруш ва меҳнат фахрийси Михаил Колмогоров бу йил 92 ёшни қаршилади. Жамоат ишларида фаол қатнашиб, ёшларга ҳар жабҳада ўрнак бўлиб келаётган отахонга Президентимизнинг 2017 йил 4 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ 2 миллион сўм пул мукофоти ҳамда шаҳар ҳокимлиги ва шаҳар мудофаа ишлари бўлимининг сов­ғалари топширилди. Мулоқот давомида отахон ёшларга уруш йилларида кўрган қийинчиликлари ҳақида гапириб берди. Бугунги тинч ва осойишта кунларимизнинг қадрига етиш, мус­тақиллигимизни кўз қорачиғидек асраш барчамиз учун ҳам фарз, ҳам қарз эканлигини уқтирди.

— Ёшим 90 дан ошган бўлса-да, ғайратим ичимга сиғмайди, бугунги ўзгаришларни кўриб, дилим яйрайди. Мен ҳам Ватанимизнинг янада равнақ топишида ўз ҳиссамни қўшсам дейман, — дейди М. Колмогоров. — Бу, албатта, Юртбошимиз, ҳукуматимиз томонидан биз, кексаларга кўрсатилаётган, меҳр ва ғамхўрликнинг самараси. Тилагим, бизни эъзозлаган, қадрлаган инсонлар доимо элнинг ардоғида бўлсин, осойишталигимизга кўз тегмасин!

100 ёшли уруш қатнашчиси Отажон Ибрагимов мана бир ҳафтадирки, саломатлигини тиклаш учун шаҳар марказий шифохонасида даволанмоқда. Унга бу ерда малакали шифокор Жасур Исмоилов бошчилигидаги саломатлик посбонлари туну кун хизмат қилиб, дуосини олишмоқда. Тарғибот гуруҳи шифохонага ташриф буюриб, унинг ҳолидан хабар олишди. Урушнинг барча машаққату қийинчиликларини сабот билан енгиб ўтган отахонга сиҳат-саломатлик тиланиб, Президентимизнинг мукофоти ва совға-саломлар топширилди.

«Баҳор» маҳалласида истиқомат қилувчи Василий Васильков ҳар йили 9 май — Хотира ва қадрлаш кунига ўзгача тараддуд кўради. Ушбу қутлуғ санада унинг хонадони доимо яқинлари, қўни-қўшнилар, маҳалла аҳли билан гавжум бўлади. Тарғибот гуруҳи бу отахонни ҳам Президентимиз номидан самимий табриклаб, байрам совғаларини беришди.

— Биз, уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган эътибордан кўнглимиз тоғдек кўтарилмоқда, — дейди В. Васильков. — Барча ташаббускорларга раҳмат, ҳафтада икки-уч марта келиб, ҳолимиздан хабар олиб, совға-саломлар бериб кетишмоқда. Биз учун бундан ортиқ бахт борми?! Мустақил Ўзбекистонимизнинг осмони доимо мусаффо бўлсин!

Тарғибот гуруҳлари томонидан шаҳримизда истиқомат қилувчи барча уруш қатнашчиларига мукофот пуллари ва совға-саломлар топшириш давом этмоқда. Маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари, ўқувчи ёшлар уруш ва меҳнат фахрийларининг хонадонларида ҳашарлар ташкил этиб, ободонлаштириш ишларини амалга оширишмоқда.

Муаллиф: Асқар БАРОТОВ, «Samarqand» мухбири

27.04.2017 636 32 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства