samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Маҳорат ва шижоат баҳси

Чоп этиш

унда омад кучлилар томонида

Шаҳримиз мезбонлик қилган бокс бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати ниҳоясига етди. Бир ҳафта давомида ўтказилган мусобақанинг финал жангларида кутилмаган натижалар ҳам қайд этилди.

Финал жангларини Олимпиада ғолиби Ҳасанбой Дўсматов иштирокидаги жанг бошлаб берди. Шу пайт­гача 49 килограмм вазн­да кураш олиб борган Ҳасанбой мазкур чемпионатда 52 кг. вазн тоифасида баҳсларда қатнашди. Тошкент вилояти вакили Худойназар Файзовга қарши кечган финал жанги 5:0 ҳисобида Ҳасанбой Дўсматов ғалабаси билан якунланди.

Чемпионатнинг 57 ва 63 кг. вазн тоифаларидаги финал жанглари ўтказилмади. 57 кг. вазнда Отабек Холматов, 63 кг.да Шунқор Абдурасулов олган жароҳатлари туфайли жангларда иштирок этишмади. Шу боис, мусобақада 57 кг.да Абдулхай Шораҳматов, 63 кг. вазнда Алиёр Норалиев олтин медални қўлга киритди.

69 кг. вазндаги чарм қўлқоп усталари — Иқболжон Холдоров ва Бобоусмон Ботуров ўртасидаги финал жанги кескин курашлар остида ўтди. Маҳоратли боксчилар баҳсида Бобоусмон 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

75 кг. вазнда рингга кўтарилган самарқандлик Фанат Қаҳрамонов бухоролик рақиби Одилжон Аслоновни 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, Ўзбекистон чемпиони, деган номга сазовор бўлди.

— 2017 йилда Сурхондарё вилоятида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаган эдим, — дейди Ф. Қаҳрамонов. — Бу йилги баҳсларга жиддий ҳозирлик кўриб, чемпион бўлишни мақсад қилгандим. Мана, мақсадимга эришдим. Энди навбат халқаро майдонларга. Олдинда Осиё ва Жаҳон чемпионатлари турибди. Мазкур беллашувларга пухта ҳозирлик кўриб, 2020 йилда бўлиб ўтадиган Токио олимпиадасига йўлланмани қўлга киритишим ва олимпиадада ҳам юксак марраларни забт этишим лозим.

Мусобақанинг 81 кг. вазн­лилар баҳсида ҳам олтин медаль вилоятимиз вакилларига насиб этди. Мезбонлар вакили Хуршид Абдуллаев рақиби Дилшодбек Рўзметовни 4:1 ҳисобида енгди.

91 кг. вазнлилар ўртасидаги финал жангида олимпия ўйинлари совриндори Рустам Тўлаганов рақиби Мадиёр Саидраҳимовга жангни бой берди. Кескин курашлар остида кечган жанг­нинг 3-раундида Рустам оёғидан жароҳат олди. Бу Мадиёрга устунлик берди ва у 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Мусобақа финал жангларининг сўнгисида бухоролик Улуғбек Мубинов ва фарғоналик Обиджон Тоҳиров рингга кўтарилди. +91 кг. вазнли боксчилар жангида Улуғбек 5:0 ҳисобида зафар қучиб, чемпионликни қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Тантанали тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матчанов ҳамда бокс бўйича олимпия ўйинлари сов­риндорлари, Осиё ўйинлари ғолиблари, ҳозирда профессионал боксда фаолиятини давом эттираётган Исроил Мадримов, Муроджон Аҳмадалиев, Шаҳрам Ғиёсов, Баҳодир Жалолов ва бошқалар иштирок этишди.

— Мамлакат чемпионати ҳар доим қизғин курашларга бой бўлган, — дейди Осиё ўйинлари ғолиби, Осиёнинг 2018 йилдаги энг яхши бокс­чиси Исроил Мадримов. — Мана шундай кескин рақобат майдонида тобланган боксчилар халқаро майдонда ҳам ўз сўзини айта олади. Бугун Ўзбекистон бокси дунё эътирофига сазовор бўлмоқда. Мазкур чемпионат баҳсларини кузатиб туриб, келгусида ҳам халқаро ареналарда ўзбек боксчилари номлари жа­ранг­лашига ишонч ҳосил қилдим. Айниқса, 69 кг., 75 кг. ва 81 кг. вазн тоифасидаги финал жангларида қатнашган спортчилар келажакда юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қиладиган боксчилар бўлиб етишишади, деб ўйлайман.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур чемпионат баҳсларида олтин медални қўлга киритган боксчилар Осиё ва Жаҳон чемпионатларида иштирок этишади. Ушбу мусобақаларда муваффақиятга эришган спортчилар Токио олимпиадаси йўлланмасига эга бўлишади.

 

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

19.12.2018 75 101 Спорт
окна фотограф html php памятники знакомства