samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Маҳаллаларда жиноят камайган

Чоп этиш

аммо бу ижобий натижа дегани эмас

3-болалар мусиқа ва санъат мактаби фаоллар залида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича шаҳар кенгаши томонидан маҳаллалар ҳудудида жиноят ва ҳуқубузарликларнинг барвақт олдини олиш, унга қарши курашиш, Янги йил байрами олдидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда "Ватанпарварлик ойлиги"ни маҳаллаларда муносиб ташкил этишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди шаҳар бўлими вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги таркибидаги 13060-ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ва бошқалар иштирок этишди.

Давра суҳбатида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича шаҳар кенгаши раисининг ўринбосари Мўмин Мусинов 2018 йилнинг ўтган 10 ойи давомида маҳаллалар ҳудудида содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, амалга оширилган профилактика тадбирлари ҳақида маълумот берди.

— Шаҳримиз ҳудудида 103 та "Жамоатчилик назорат маскани" барпо этилди, — деди ФЎЎБОФМ бўйича шаҳар кенгаши раисининг ўринбосари Мўмин Мусинов. — Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг асосан тунги вақтда содир этилаётганлигини инобатга олиб, "Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмаси раҳбарлари ҳамда профилактика инспекторлари, шунингдек, фуқароларнинг ўзаро мустаҳкам ҳамкорлиги йўлга қўйилди. Бу орқали жуда юқори натижаларга эришилган бўлмаса-да, маҳаллалар ҳудудидаги жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 39,8 фоизга, ёки 1860 тадан 1120 тага камайган. Самарқанд шаҳри ҳудудида жиноятларнинг содир бўлгани жамоатчилик назоратининг сустлиги, ҳуқуқ-тартибот органлари ва фуқароларнинг ўзаро ҳамкорлиги қониқарли даражада эмаслигини кўрсатади.

Таъкидланганидек, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ўтган йилга нисбатан камайган бўлса-да, айрим маҳалла фуқаролар йиғинида бундай салбий ҳолатларнинг ўсганлигини кузатиш мумкин. Мисол учун, ўтган йил "Мус­тақиллик" маҳалласида 16 та жиноят содир этилган бўлса, жорий йил 37 та жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари рўй берган. Шунингдек, "Оқсарой", "Афросиёб", "Мингтут", "Дўст­лик", "Али Қушчи", "Тутзор", "Рўдакий", "Мирзо Бедил", "Зиёкорлар" каби маҳалла фуқаролар йиғиниларида жиноятлар сони ўтган йил билан қиёслаганда ошган. Бу, ўз навбатида, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш профилактикасини янада ошириш, ёшлар, вояга етмаганларнинг назоратдан четда қолишига йўл қўймасликни тақозо этади.

Тадбирда Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги таркибидаги 13060-ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғ­рисида"ги фармойишидан кўз­ланган асосий мақсад ва вазифалар ҳақида тўхталиб ўтишди. Мамлакатимиз мудофаа тизимининг йилдан-йилга такомиллашиб бораётгани, ҳарбий хизматчиларнинг билим олиши, ўз устида ишлаши ҳамда уларнинг оила аъзолари учун яратилаётган имкониятлар хусусида сўз юритишди.

Тадбир ниҳоясида ҳар бир маҳаллада Янги йил байрамини муносиб нишонлаш, байрам кунлари ҳушёрликни йўқотмаслик ва турли кўнгилсиз ҳолатларнинг ўз вақтида олдини олиш бўйича тавсиялар берилди. Кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган фуқаролар, кекса нуронийлар ҳамда чин етимларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш лозимлиги таъкидланди.

 

Муаллиф: А. ЗИЁДОВ

27.12.2018 32 103 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства