samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Мақсад — соғлом турмуш тарзи

Чоп этиш

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб, журналистлар 12-оилавий поликлиникада аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, ушбу муассасада яратилган шароитлар ҳамда ташкил қилинган "Саломатлик мактаби" фаолияти билан яқиндан танишишди. Поликлиника бош шифокори Д. Собирова маскан фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берди.

— 12-оилавий поликлиника жамоаси ҳудуддаги 17 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 43 минг нафарга яқин аҳолисига тиббий хизмат кўрсатади, — дейди Д. Собирова. — Хизмат сифат ва самарадорлигини ошириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида "Саломатлик мактаби" фаолиятини йўлга қўйдик. Мактаб умумий амалиёт шифокорлари маҳаллаларнинг фаоллари билан биргаликда хонадонларда, маҳалла фуқаролар йиғинлари марказларида, 12 та мактабгача таълим муассасаси ва умумтаълим мактабларида тарғибот тадбирлари, учрашувлар ўтказиб келмоқда. Шу билан бирга, уларни қийнаётган муаммолардан ўз вақтида хабардор бўлиб, касалликни даволаш ёки олдини олиш чораларини кўришади. Ҳар бир ҳафта кунлари номланган бўлиб, душанба — нуронийлар, сешанба — ҳомиладор аёллар, чоршанба — болалар ва ўспиринлар, пайшанба — хонадон ва экология, жума — аёллар ва қизлар, шанба — саломатлик куни сифатида белгиланган.

Шундан сўнг оммавий ахборот воситалари ходимлари "Саломатлик мактаби" шифокорларининг "Ғафур Ғулом" маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган чекиш, ичкиликбозлик ва бошқа салбий иллатларнинг инсон саломатлигига салбий таъсирига бағишланган тарғибот тадбирида иштирок этишди. 12-оилавий поликлиника шифокори Шаҳбоз Аброров мавзу юзасидан атрофлича маълумот бериб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

3-туғуруқ мажмуасида ташкил этилган "Оналар мактаби" ҳар йили 2500 нафар ҳомиладор аёлга тиббий маслаҳатлар, ҳомиладорлик даврида амал қилиниши лозим бўлган вазифалар бўйича тушунтириш-тарғибот ишларини амалга ошириб келмоқда. 2016 йилда ташкил этилган ушбу мактаб бугунги кунга қадар тўрт минг нафарга яқин аёлга она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом фарзандни дунёга келтириш бўйича амалий тавсиялар беришга муваффақ бўлди.

Пресс-тур давомида журналистлар "Оналар мактаби" фаолияти билан танишиб, мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

— Тиббиёт соҳасида амалга ошираётган бу каби ишларимиз Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, тиббиёт соҳасидаги муаммоларнинг ўз вақтида олдини олишга доир ислоҳотларини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи  Азиз Жўраев. — Энг муҳими, бу каби тадбирлар аҳоли ўртасида учрайдиган аксарият касалликларнинг олдини олиш, уларнинг тиббий маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Муаллиф: Отабек ШАРАФОВ

2.06.2018 55 42 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства