samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Маънавий бойликлар маскани

Чоп этиш

Илму маърифатга ташна бўлган, мудом ўқиб-изланишдан чарчамаган ота-боболаримиз китобни тўтиё сифатида ардоқлашган, уни асраб-авайлашган.

Уламолар, ижодкорлар, зиёли инсонлар хонадонида мўъжаз кутубхоналар, мактаб ва мадрасаларда, ҳукмдорлар саройларида эса улкан ва бой кутубхоналар бўлган. Бунга Маъмун ва Улуғбек академиялари, Маҳмуд Ғазнавий, Амир Темур ва темурийлар, Бобур ва унинг авлодлари саройларидаги кутубхоналар мисол бўлади. Афсуски, ўзаро ва босқинчилик урушлари натижасида бу китоблар талон-торож бўлиб, айримлари умуман йўқ бўлиб кетган.

Юртимизда кейинги даврларда, яъни 1870 йилда ташкил топган Тошкент халқ кутубхонасида дастлабки йилларда 1200 номдаги 2200 жилдлик қўлёзма ва тошбосма китоб­ларгина мавжуд эди. Аммо шунга қарамай, халқ кутубхонаси Марказий Осиё минтақасидаги ягона ва энг йирик маърифат ва зиё тарқатиш маскани ҳисобланган.

Кутубхонанинг узоқ йиллик тарихи қатларида юзлаб сиймоларнинг меҳнати, машаққати зоҳир. Улар элма-эл кезиб, кези келганда, уйма-уй кириб, маданиятимиз, маънавиятимизга дахлдор асарларни излашган, хорижий тилларда босилган қўлёзмаларни ўзбек тилига таржима қилишган.

Кутубхонанинг рамзий тўридан жой олган асарлар ичида нафақат ота-боболаримизнинг нодир ижод ва тафаккур маҳсуллари, балки ўзга миллат ва элат вакилларининг ҳам битиклари бор.

1920 йилнинг май ойида Тошкент халқ кутубхонасига Туркистон Давлат кутубхонаси мақоми берилди. Орадан тўрт йил ўтгач, 1924 йил 26 декабрда Ўрта Осиё кутубхонаси номини олди. Яна кўп ўтмасдан, Ўзбек Давлат кутубхонаси, деган атама остида фаолиятини давом эттира бошлади.

1948 йилнинг май ойида кутубхона тарихида унутилмас воқеа рўй берди, Иккинчи жаҳон уруши сабабли орқага сурилиб келган буюк ўзбек  шоири Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан муассаса номи яна бир бор ўзгартирилди: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат кутубхонаси! Бу ўша йилларда ўзбек халқи қўлга киритган энг катта ютуқ эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 20 февралдаги фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 12 апрелдаги қарорига мувофиқ маскан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига айлантирилди.

1930 йилдан деярли 1956 йилгача кутубхона учун шўро ҳукуматининг "ташқи олам"­даги сиёсий ҳолати туфайли халқаро муносабатлар мавзуси "эшиклари" ёпилди ва табиийки, туркистонликлар фақат русча ва маҳаллий тилда чоп этилган китобларнигина қабул қилишга ва ўқишга мажбур бўлишди. Кейинчалик Болгария, Германия Демократик Республикаси, Венгрия, Польша, Руминия, Чехославакия, сўнгра АҚШ, Франция ва Япония сингари давлатлардаги жаҳонга танилган кутубхоналар билан ҳамкорлик қилиб, китоб алмаштириш борасидаги алоқалар ўрнатилди.

Маълумотларга кўра, кутубхонага ҳар йили китобхонларнинг ўртача қатнаши 500 минг атрофида, ўқиладиган китоблар тахминан 1 млн. 700 мингтани ташкил этмоқда.

Ҳозирги кунда кутубхонанинг умумий хазинасида дунёнинг 75 тилидаги 10 млн. нусхадан ортиқ ҳужжат мавжуд бўлиб, уларнинг 3 млн.дан зиёдроғи маҳаллий матбуот нашрлари, 2 млн.га яқини эса илмий-техник адабиётлар ва ҳужжатлардир. Кутубхонанинг умумий фондига ҳар йили 15-20 минг нусха адабиёт қўшилади. Сайёрамизнинг 24 давлатидаги 30 дан ортиқ ташкилот китоб алмашиш масаласида бизнинг миллий кутубхонамиз билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Миллий кутубхонамизда бугун ҳар томонлама интеграциялашув давом этмоқда. Бундан кўзда тутилган асосий мақсад, жамиятнинг маънавий бойлигини ошириш, ҳар бир миллат вакилини она юртига садоқатли қилиб тарбиялаш, улар ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, мавжуд муносабатларни янада мустаҳкамлаш, энг муҳими, кутубхоналардаги қадимий қўлёзмаларни ўрганиш ва кўз қорачиғидек асраб-авайлашдан иборатдир. Шундай экан, ҳар бир китобхон миллий кутубхоналарнинг келажак авлод учун бекаму кўст етиб боришига маълум маънода жавобгардир. Зеро, аждодлар яратган илму зиё булоқларидан авлодлар ҳам баҳраманд бўлишлари шарт!

Муаллиф: Ф. ОРИФЖОНОВА, СамДУ ўқитувчиси

30.05.2018 192 41 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства