samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Мафтунанинг иқболи порлоқ

Чоп этиш

Баҳорнинг илк кунларида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг академик лицейида хушхабар тарқалди.

Лицейнинг 3-босқич ўқувчиси Мафтуна Саматбоева Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 мартдаги "Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлангани барчани бирдек қувонтирди.

Тўлқин Алибоев ва Гулнора Алибоевалар оиласидаги китобхонлик, илмсеварлик муҳитида улғайган Мафтуна Жомбой туманидаги 46-умумтаълим мактабида аниқ фанларни пухта ўзлаштирди. Айниқса, бобоси Ҳайитбой Шавманов набирасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, дарсдан кейинги бўш вақтларини тўлиқ назорат қиларди. Устози Малоҳат Туғилова шогирдидаги илмсеварликни, иқтидорни илғаб, Мафтунани ўз устида ишлаш, олган билимларини мудом такрорлашга ундарди. Бу саъй-ҳаракатлар самарасини бера бошлади. Мактабда ўқиб юрган кезларида Мафтуна Саматбоева математика фани бўйича вилоят ҳамда республика миқёсида ўтказилган билимлар беллашуви, фан олимпиадаларида фаол қатнашиб, биринчи, иккинчи ўринларни қўлга кирита бошлади.

— Набирамнинг болалигиданоқ иқтидорини қўллаб-қувватлаб, рағбатлантириб, устозлари билан ҳамкорликда ишладик, — дейди Мафтунанинг бобоси Ҳа­йитбой Шавманов. — Тинимсиз машқ, ўз устида ишлаши натижасида математика фани бўйича тенгдошларидан анча олдинлаб кетганини кўрсата бошлади. 9-синфни битиргач, 2015 йилдан Самар­қанд иқтисодиёт ва сервис институти академик лицейида ўқишни давом эттирди. Тажрибали устоз-мураббийлардан сабоқ олган набирам қатор муваффақиятларга ҳам эришди.

2016 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг С. Сирожиддинов номидаги академик лицейида "Илмгоҳим — фахрим!" шиори остида ўтказилган республика кўрик-танловида математика фани бўйича биринчи ўринни эгаллади. 2017 йилда эса М. Ломоносов номидаги Москва давлат университети Тошкент филиалида академик лицей ўқувчилари ўртасида ўтказилган фан олимпиадасида мамлакатимизнинг 500 нафардан ортиқ ёшлари орасида муносиб иштирок этиб, кумуш медални қўлга киритди.

— Мафтунадаги ўз устида мустақил ишлаш, талабчанлик, тиришқоқлик бошқа тенг­дошларида камдан-кам учрайди, — дейди унинг устози Достон Асламов. — У дарслардан сўнг бир неча соатлаб ўтказилган тинимсиз машқлар натижасида мураккаб бўлган мисол ва масалаларга ҳам ечим топганига гувоҳ бўлганман. Унинг хорижий илмий журналларда бир нечта илмий мақолалари ҳам эълон қилинди. Республикада эришган ютуқлар билан чекланиб қолмай, Мафтуна билан халқаро мусобақаларга ҳам тайёргарлик кўра бошладик. Албатта, бу ўз самарасини ҳам берди.

Мафтуна 2017 йилда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида математика, физика ва информатика фанлари бўйича XIII халқаро Жаутиков фан олимпиадасида фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Юксак мақсадлар сари олға интилган иқтидорли ўқувчи жорий йилнинг 10-16 январь кунлари бўлиб ўтган худди шу олимпиадада муваффақиятли иштирок этди. Жаҳоннинг 14 та мамлакатидан 200 нафардан ортиқ иқтидорли ёшлар қатнашган XIV халқаро Жаутиков фан олимпиадасида Мафтуна Саматбоева кумуш медални қўлга киритди.

— Эришаётган муваффақиятларим менга она Ватанимда, оилам ва таълим олаётган академик лицейда яратилган имконият ва шароитларнинг меваси, деб биламан. Мен ушбу имкониятлардан унумли фойдаланаяпман, — дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Мафтуна Саматбоева. — Келгусида ўз устимда янада кўпроқ ишлаб, ўқиб-изланиб, бундан-да улкан ютуқларга эришиш ниятидаман. Худо хоҳласа, ота-онам ва яқинларим, устозларим ишончини оқлаб, Ватанимнинг фидойи фарзандларидан бири бўламан!

Бугун деярли ҳар куни, таъбир жоиз бўлса, ҳар соатда юртимиз ёшларининг нафақат илм-фан соҳасида, балки спорт, маданият, санъат ва бошқа соҳаларда ҳам бир қатор ютуқларга эришаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор аҳамиятга эга эканлиги, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганининг натижасидир.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

15.03.2018 132 19 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства