samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Матбуот — миллат чироғи

Чоп этиш

МАТБУОТ ҲАМИША ХАЛҚ МАДАНИЯТИ ВА МАЪНАВИЯТИНИНГ ҚАЙ ДАРАЖАДА ЭКАНЛИГИНИ БЕЛГИЛОВЧИ ЎЗИГА ХОС ЎЛЧОВ БЎЛИБ КЕЛГАН.

Туркистонда ХIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб чор Россияси ҳукмдорлари томонидан дастлабки матбуот нашри — "Туркестанские ведемосты" газетасига асос солинди. Сўнгра шу газетанинг ўзбек тилидаги нашри — "Туркистон вилоятининг газети" чиқа бошлади. Ҳар икки газетадан ҳам ҳукмрон табақа мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида кенг фойдаланилди.

Тараққийпарвар ватандошларимиз ХХ аср бошларида даврий нашрлар миллатни уйғотишнинг, маънавиятни юксалтиришнинг асосий воситаси, деб ҳисоблаб, жойларда маҳаллий халқ тилида турли хил нашрларни ташкил этдилар. "Тараққий", "Хуршед", "Садои Туркистон", "Садои Фарғона", "Оина", "Самарқанд" сингари нашрлар ташкил этилиб, уларда миллий ғоянинг мақсад ва вазифалари халқ орасида кенг тар­ғиб ва ташвиқ этилди. Бироқ бу нашрларга узоқ яшаш насиб этмади: чор Россияси ва Шўролар тазйиқи остида улар ёпилди. Миллий матбуотга бўлган бундай муносабат Шўролар даврида ҳам давом этди. Ўшанда матбуотимиз фақат Шўролар ғояларининг тарғиботчисига айланди.

Бугунги кунда мамлакатимизда миллий матбуотни янада тараққий эттириш, сўз эркинлигини таъминлаш, кадрлар малакасини, босма ахборот нашрлари сифати ва салмоғини янада оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Тўғри, бу борада электрон ахборот нашрлари ҳам пайдо бўлдики, бу ҳол босма нашрлар мухлислари олдида янги муаммоларни келтириб чиқарди. Аслида, ҳар икки турдаги нашрларнинг ҳам ўз мухлиси ва ўқувчиси бор. Ўрта ва кекса авлод вакилларининг аксарияти бугун мамлакат ва оламда рўй бераётган янгиликлардан босма ахборот воситалари орқали баҳраманд бўлмоқдалар. Негаки, уларнинг кўпчилиги замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш малакаси ва имкониятига эга эмас. Бундан ташқари, электрон ва босма ахборот нашр­ларининг ўқувчилар орасида тутган ўрни ва аҳамиятини бир-бирига қиёслаб бўлмайди.

Кекса ўқитувчи сифатида ярим асрдан ошдики, газета ва журналларни, хусусан, "Халқ сўзи", "Зарафшон" ва "Samarqand"ни мунтазам ўқиб ва кузатиб келаман. Қизиқарли, ибратли, тарбиявий аҳамияти кучли бўлган мақолалардан завқ оламан, таассуротларимни маҳалламиз марказида тенгдошларим, ўрта ва ёш авлод вакиллари билан баҳам кўраман. Ҳар ким ўз фикрини, таклифларини ўртага ташлайди. Жонли мулоқот шаклида ташкил этилаётган бундай тадбирларимиз матбуот тарғиботи ва ташвиқотига ҳам айланиб бормоқда. Ишонаманки, газеталаримиз янгиликлар кўзгуси, маънавиятимиз ташвиқотчиси сифатида ўз аҳамиятини йўқотмайди.

Муаллиф: Муҳиддин ЖАВОДБЕКОВ, фахрий ўқитувчи

12.12.2018 106 99 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства