samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Манзил яқин, йўл равон

Чоп этиш

САМАРҚАНД АВТОМОБИЛЬ ХАЛҚА ЙЎЛИНИНГ 2-УЧАСТКАСИ ҚУРИЛИШИ ЯКУНИГА ЕТМОҚДА.

Бугунги кунда шаҳарлар, туман марказларидаги мавжуд йўлларнинг аксарияти талабга жавоб бермайди. Оқибатда, марказий кўчаларда узундан-узоқ тирбандликлар, йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлмоқда ва ачинарлиси, ҳудуд экологияси бузилмоқда.

Мамлакатимиз марказида жойлашган Самарқанд шаҳри ички йўлларида республиканинг жанубий ва ғарбий ҳудудларига кетаётган-келаётган автотранспорт воситалари ҳам ҳаракатланади. Шу боис, Самарқанд автомобиль халқа йўлини барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган эди.        М-37А, деб номланган ушбу йўлнинг биринчи босқичи М-39 Тошкент — Термиз магистрал йўлига туташиши белгиланган. Мазкур лойиҳа бўйича амалий ишлар 2013-2014 йилларда бошланиб, шу давр­да унинг 10 километрлик биринчи участкасида бунёдкорлик ниҳоясига етказилди. Айни пайтда 10 километрлик 2-участ­када қурилиш ишлари якунланмоқда.

— Йўлнинг ушбу қисмида учта кўприк ҳам барпо этилмоқда, — дейди вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек Ҳасанов. — Лойиҳа бўйича бугунги кунгача 22 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди. Мазкур йўл икки томонлама ҳаракатланишга мўлжалланган бўлиб, йўл четларига лотоклар ва ёритиш тизими ўрнатиляпти ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

У. Ҳасановнинг таъкидлашича, йўл қурилишида замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда дастлаб бетон қоплама ётқизилиб, сўнгра асфальтланмоқда. Бу 13 тоннагача бўлган юк автомобиллари ҳаракатланишига имконият яратилди, деганидир.

Самарқанд автомобиль хал­қа йўлининг афзаллиги мамлакатимизнинг жанубий ва ғарбий вилоятларини ўзаро боғлашда муҳим аҳамият касб этади. Ўз навбатида, вилоят аҳолисига ҳам қатновларни амалга оширишда ортиқча вақт ва харажатни камайтириши билан қулайлик яратади. Энг муҳими, шаҳримиз кўчаларидаги тирбандликлар бирмунча камайиб, экологик ҳолат яхшиланади.

— Мен шаҳримизнинг Ким­ёгарлар қўрғонида яшайман, — дейди Фарҳод Жалолов. — Ота-онам, яқинларим Ургут туманида истиқомат қилади. Тез-тез туманга бориб тураман. Ҳар сафар шаҳар ичи бўйлаб Ургутга боришга тўғри келади. Баъзида тирбандликлар сабаб 30-40 дақиқалик масофага икки соатда етиб бораман. Белгиланган масофага бориш учун 30 та светофордан ўтаман. Бу ортиқча вақт, харажат ва асабийлашишга сабабчи бўлади. Янги халқа йўлининг қурилаётганидан жуда хурсанд бўлдим. Текис ва равон йўлда манзилимга ўз вақтида етиб бораман. Айниқса, йўлнинг сифати замон талабларига тўлиқ жавоб беради.

М-37А — Самарқанд автомобиль халқа йўлининг қурилиш ишлари 2019-2020 йилларда ҳам давом эттирилади.

 

Муаллиф: Ринат АБДУЛЬМАНОВ

12.12.2018 215 99 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства