samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Мактабга Люсьен Керен номи берилди

Чоп этиш

43-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби "Амир Темур салтанати", "Самарқандга, Амир Темур даврига саёҳат" номли асарлари билан жаҳонда шуҳрат қозонган франциялик темуршунос олим, профессор Люсьен Керен номи билан аталадиган бўлди.

Шу муносабат билан мактабда тантанали маросим ўтказилди. Унда иштирок этган Франция Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор хоним, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётганлигига алоҳида тўхталиб ўтишди. Айниқса, фан-таълим, маданият соҳаларидаги ҳамкорликнинг юксак самараларини эътироф этишди. Таниқли олим Люсьен Кереннинг Амир Темур ва темурийлар тарихини ўрганиш борасидаги илмий ишлари, яратган асарлари ҳақида батафсил сўз юртишди.

Таъкидлаш жоизки, машҳур француз олими 1978 йилда "Амир Темур салтанати" номли асарини чоп этган. 1996 йилда А. Саидов билан ҳаммуаллифликда тайёрлаган "Амир Темур ва Франция" рисоласи ўзбек тилида нашр қилинган. 2006 йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 670 йиллиги муносабати билан Парижда "Самарқандга, Амир Темур даврига саёҳат" фундаментал тадқиқот асарини яратган. Люсьен Керен ташаббуси билан Парижда ташкил этилган Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганувчилар ассоциацияси бугун ҳам самарали фаолият кўрсатмоқда.

— Ушбу мактабга Люсьен Кереннинг номи берилганидан жуда хурсандман, — дейди элчи Виолен де Вильмор хоним. — Археолог, тарихчи, темуршунос олимнинг Самар­қанддаги ушбу ажойиб илм масканига номи берилиши юксак эътирофдир. Чунки, Люсьен Керен Самарқанд ва темурийлар тарихини францияликларга, умуман, бутун дунёга батафсил таништирган олимлардан биридир. Айнан унинг асарлари туфайли францияликлар шундай қудратли давлат, унинг тарихи, маданияти билан танишиш имкониятига эга бўлишди. Энг муҳими, бу икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик, дўстликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Бугун Ўзбекистонда хорижий тилларни ўрганишга катта эътибор қаратилаётгани чет тилини пухта ўзлаштиришни мақсад қилган ёшлар сафининг кенгайишини таъминламоқда. Умуман, юртингиз ёшлари ўртасида хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқиш жуда юқори. Буни мазкур мактаб ўқувчиларининг француз тилида бурро-бурро гапиришлари, айнан бизнинг тилимизда Мольер номидаги театр томошалари танловида ўтган йили ғолибликни қўлга киритгани фикримни тасдиқлайди. Бундан буён Люсьен Керен номи билан аталувчи мазкур мактаб ўқувчиларининг ютуқ ва марралари янада юксалишига ишонаман.

Шу ўринда таъкидлаб ўтишим жоизки, француз тилини ўрганишга бўлган қизиқишнинг юқорилигини инобатга олиб, Самарқандда француз тилини ўқитишга ихтисослашган марказ ташкил этишни режалаштиряпмиз. Шунингдек, оммавий ахборот воситаларида ҳам махсус французча рукн ва дастурларни тайёрлаш кўзда тутилган. Келгусида француз тилини яхши ўзлаштирган ёшларни белгиланган муддатларда Франция билим юртларига малака оширишга жўнатиш ҳам режамизда бор. Мамлакатимизнинг нуфузли билим юрт­ларининг махсус курсларини Ўзбекистонда ташкил этиш бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.

Француз тили чуқурлаштирилган тартибда ўқитиладиган мактабда айни пайтда 1074 нафар ўқувчи таълим олмоқда.  Мазкур муассасада 1971 йилдан буён француз тили чуқурлаштирилиб ўқитилади. Тантанали маросимда Виктор Гюго ва бошқа таниқли француз адибларининг шеърларини француз тилида равон ўқиб берганликлари муассасада таълим олаётган ўқувчиларнинг қизиқишлари қанчалик юқори эканлигини исботлади.

— Давлатимиз раҳбари томонидан мактаб таълимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. — Айниқса, хорижий тилларни ўқитиш тизимини такомиллаштириш борасида янгича ёндашув амалга оширилмоқда. Француз тили ҳам жаҳон тилларидан бири саналади. Афсуски, сўнгги ўн йил ичида француз тилига бўлган эътибор бироз сусайди. Ваҳоланки, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларнинг кўпчилигини француз тилида сўзлашувчи меҳмонлар ташкил этади. Шу боис, мазкур тилни чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиш келажакда ўз самарасини беради. Айни пайтда юртимизда француз тилига ихтисослашган 3 та мактаб фаолият юритмоқда. Шулардан бири мазкур 43-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ҳисобланади. Ушбу муассасани машҳур француз олими номи билан аташ, биринчи навбатда, ўқувчилар ўртасида француз тилини ўрганишга бўлган қизиқишни ошириш ҳамда халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.  

Тадбир давомида Франция Республикасининг мамлакатимиздаги фав­қулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор хоним ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов мактабга француз тилидаги турли адабиёт ва дарслик китобларни совға қилишди. Иштирокчилар тантанали равишда Люсьен Керен номи ёзилган мактаб пешлавҳасини очишди. Шундан сўнг меҳмонлар мактабнинг бошланғич ва юқори синф ўқувчиларининг француз тили дарс машғулотларини кузатишди. Ўқувчилар элчи Виолен де Вильмор хоним билан француз тилида мулоқот қилишди.

— Ўқувчиларимиз ўртасида француз тилини ўрганишга бўлган қизиқиш жуда юқори, — дейди мактабнинг француз тили фани ўқитувчиси Манзура Исоқова. — Билимлар беллашуви, фан олимпиадаларида мактаб ўқувчилари ўртасидаги ўзаро рақобат жуда кескин кечади. Мос равишда вилоят ва республика босқичларида ҳам ўқувчиларимиз ғолибликка асосий даъвогарлар сафида бўлишади. Жумладан, 10-синф ўқувчилари Моҳина Ёқубова, Эвалина Айрапетрян бир неча йиллардан буён республика миқёсида фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда.

Тантанали маросимда мактаб ўқувчилари ва вилоят "Баркамол авлод" болалар маркази тўгарак аъзолари томонидан намойиш этилган ўзбек ва француз рақслари иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.

Тадбирда шаҳар ҳокими Ф. Раҳимов иштирок этди.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ, "Samarqand" мухбири

13.09.2018 153 71 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства