samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Мактабгача таълим истиқболи

Чоп этиш

Бугунги кунда шаҳримизда 110 та мактабгача таълим муассасалари фаолият юритмоқда.

Шундан 95 таси давлат, 14 таси нодавлат, 1 таси бошқа ташкилот (вилоят ички ишлар бошқармаси)га қарашли мактабгача таълим муассасаларидир.

Шаҳримиздаги 37452 нафар 3-7 ёшли боладан 21345 нафари мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. Бу кўсаткични янада ошириш мақсадида амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 24 та МТМдаги таъмирталаб 80 та гуруҳ хоналарини 2018 йил маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича таклифлар киритилган. Бунинг натижасида 3-7 ёшли 2500 нафар болани МТМга қамраб олиш имконияти вужудга келади. 21 та давлат МТМда 22 та қисқа муддатли гуруҳ очилганини таъкидлаш жоиз. Уларга 5-7 ёшли 480 нафар бола жалб этилган. Шунингдек, 30 та маҳаллада "0-синф" ташкил этилиши режалаштирилди. Унга 6 ёшли 1200 нафар бола жалб этилиши кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 29 декабрдаги "2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси юзасидан шаҳар мактабгача таълим бўлими ва МТМлари малакали педагог кадр­лар билан таъминланмоқда. Айни пайтда 19889 нафар тарбияланувчига 1375 нафар педагог (шундан 328 нафари олий, 1039 нафари ўрта-махсус маълумотли) ходим таълим-тарбия бериб келмоқда.

Таълим-тарбия жараёнининг сифатли ташкил этилишида педагог ходимларнинг тажрибаси ва салоҳияти муҳим ўрин тутади. Кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида мактабгача таълим муассасалари учун касбий қайта тайёрлаш курслари ташкил этилди. Биринчи босқич касбий қайта тайёрлаш курсларини 250 нафардан ортиқ педагог ходимлар битирди.

Таълим-тарбия жараёни такомиллаштирилган "Болажон" дастури ҳамда "Мактабгача таълимга қўйилган давлат талаблари" асосида олиб бориляпти.

Афсуски, ўрганишлар давомида барча мактабгача таълим муассасалари ҳам давлат талаблари асосида фаолият юритмаётгани маълум бўлди. МТМларда 1-чорак назорат варақалари асосида 4 та йўналиш бўйича мактабгача таълимга қўйилган давлат талаблари натижалари аниқланди. Хусусан, жисмоний ривожланиш, ўз-ўзига хизмат ва гигиена йўналиши 73,6 фоиз, ижтимоий-ҳиссий ривожланиш 73 фоиз, нутқ ўсиши ва саводга тайёргарлик 73,1 фоиз, билиш жараёни, атрофдаги олам тўғрисидаги билимга эга бўлиш ва уни англаш йўналиши 73,3 фоизни ташкил этди.

Болаларни маънан етук, жисмонан соғлом қилиб мактаб таълимига сифатли тайёрлашда тўгараклар фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда 67 та МТМда ота-оналар ва кенг жамоатчилик хоҳиш-истаги билан тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Аммо ушбу тўгаракларнинг бадал тўлови турлича бўлиб, ҳатто баъзи бир ота-оналар фарзандининг қайси тўгаракка жалб этилганлигини ҳам билмайди. Бундан ташқари, тўгараклар бадал пули юзасидан турли эътирозлар ҳам бўлмоқда.

Таълим-тарбия сифатини оширишда МТМларнинг моддий-техник базаси муҳим ўрин тутади. Давлат инвестиция дастурига асосан 10 та МТМ мукаммал таъмирланган, 3 та МТМ реконструкция қилинган. Бундан ташқари, 39 та МТМ жорий таъмирланганини таъкидлаш лозим. Бу борада қилинадиган ишлар кўп. Жумладан, бугунги кунда 52 та МТМнинг аҳволи қониқарли даражада. Шунингдек, 35 та МТМ реконструкция, 24 та МТМ мукаммал таъмирга муҳтож аҳволда экани фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Инвестиция дастури бўйича 31 ва 40-мактабгача таълим муассасаларида реконструкция ишлари бошланган. "Мотрид" МФЙ ҳудудида 235 ўринли янги мактабгача таълим муассасаси қурилмоқда.

"Обод маҳалла" дастури доирасида ҳам тизим эътибордан четда қолгани йўқ. Хусусан, Фарҳод қўрғонидаги "Ширин" МФЙда 75 ўринли янги мактабгача таълим муассасаси қурилиши бошланган. Шунингдек, "Чўпонота" МФЙда жойлашган, 1982 йилда қурилган 280 ўринли 63-мактабгача таълим муассасасини мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Чунончи, бугунги кунда муассасанинг том қисми тўлиқ алмаштирилиб, гуруҳ хоналари таъмирланмоқда.

69, 77, 85, 87 ва 98-МТМда синов тариқасида "аутсорсинг" тизими жорий этилди.

Таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва янгиликлардан хабардор бўлиш ҳамда амалиётга қўллашни ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Айни пайтда 92 та МТМ замонавий компьютер жамланмаси билан таъминланган. Лекин бу етарли эмас. Машғулотларни замонавий педтехнологиялар асосида ташкил этиш учун қўшимча компьютер жамланмаси, интерактив доска ва проекторга эҳтиёж мавжудлигини қайд этиш керак.

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб давлат мактабгача таълим муассасаларига бериладиган йўлланмалар электрон тарзда Давлат хизматлари маркази орқали тақдим этилмоқда. Жорий йилнинг 15 август ҳолатида Давлат хизматлари маркази томонидан бўлимга 9385 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 346 таси маълумотлар тўлиқ киритилмаганлиги туфайли рад этилди, 4517 тасига йўлланма расмийлаштирилди ва 4522 таси эса навбатга кўйилди.

Мамлакатимизда нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини янада кенгайтириш борасида эътиборга молик ишлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, шаҳримизда 14 та нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолият олиб бормоқда. Барча қулайликларга эга ушбу муассасаларда 816 нафар бола тарбияланмоқда. Истиқболда нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини янада кенгайтирилиши кўзда тутилмоқда.

НМТМ очиш истагини билдирган 50 нафар тадбиркорлардан таклифлар бўлди. Натижада, "Мингтут", "Раҳмат­обод", "Лолазор 2",  "Тошкент", "Давлатшоҳ Самарқандий", "Сиёбча" маҳаллаларида нодавлат мактабгача таълим муассасалари очилди.

Мухтасар айтганда, шаҳар мактабгача таълим бўлими томонидан олиб борилаётган чора-тадбирлар замирида келажагимиз ворисларини тарбиялаш, ҳар жиҳатдан етук авлодни вояга етказиш, пировардида, юртимизнинг барқарор тараққиётига муносиб ҳисса қўшишдек эзгу мақсадлар мужассамдир.

Муаллиф: Дилрабо САЙДУЛЛАЕВА, шаҳар мактабгача таълим бўлими мудири

22.08.2018 218 66 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства