samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Маданий мерос — ўтмиш ва бугун уйғунлиги

Чоп этиш

"Регистон Плаза" меҳмонхонасида "Афғонистон, Марказий Осиё ва Эрон — Буюк Ипак йўли бўйлаб умумий мерос, Европага йўл" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Унда Марказий Осиё давлатларидан ташқари, Эрон, Афғонистон, Туркия, Озарбайжон ва Покистондан келган шарқшунос, санъатшунос ва тарихчи олимлар, халқаро экспертлар иштирок этди.

Конференция Европа Иттифоқи, ЮНЕСКО ва Самар­қанд­даги Марказий Осиё тад­қиқотлари халқаро институти ҳамкорлигидаги узоқ йилларга мўлжалланган янги лойиҳага бағишланди. Ушбу лойиҳа Шарқ ва Ғарб ўртасидаги ўзига хос кўприк, деб тан олинган Буюк Ипак йўлининг тарихини чуқур ўрганиш ва тад­қиқ этиш, ундан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлида фойдаланишга қаратилган.

— Буюк Ипак йўли тарихий мероси мазкур ҳудудда жойлашган давлатларнинг маданий алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак, — дейди ЮНЕСКОнинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон бўйича кластер бюроси директори Криста Пиккат. — Бунда минтақавий ва халқаро туризмнинг алоҳида ўрни бор. Туризмни ривожлантиришда тарихий, диққатга сазовор жойлар ва Буюк Ипак йўлида жойлашган давлатлар музейларида сақланаётган бебаҳо ашёлар муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун конференцияда кўплаб музей ходимлари иштирок этишди. Лойиҳа доирасида уларнинг кўмаги билан Буюк Ипак йўлига бағишланган катта халқаро кўргазмани ташкил этишни режалаштирганмиз.

Конференцияда Буюк Ипак йўли тарихи, унинг Марказий Осиё маданияти, тараққиётида тутган ўрни, бугунги кундаги аҳамияти, музейларда сақланаётган экспонатлар ва мавзу доирасидаги бошқа маърузалар, тақдимотлар ўтказилди.

— Айни пайтда Буюк Ипак йўлини замонавий халқаро туристик йўналишга айлантириш вақти келди, — дейди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Эдуардс Стипраис. — Бунинг учун Буюк Ипак йўлининг тарихий ва маданий меросини чуқур ўрганиш лозим. Унинг тарихий илдизларини қайта жонлантириш қизиқувчиларнинг сони ортишига хизмат қилади. Бу ушбу ҳудуддаги давлатларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун яна бир имконият. Лойиҳани амалга оширишда маҳаллий ҳокимиятлар, тарихчи олимлар ва туризм соҳаси мутахассислари ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган дастурлар алоҳида эътиборга олинган.

Конференция давомида ташкилотчилар томонидан матбуот анжумани ташкил этилиб, лойиҳа доирасида амалга ошириладиган тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шундан сўнг Са­мар­қанддаги Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти ва "Ипак йўли" хал­қаро туризм университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Конференциянинг очилиш маросимида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи         Э. Турдимов иштирок этди.

 

Муаллиф: Ринат АБДУЛЬМАНОВ

8.11.2018 76 88 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства