samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

МУОЛАЖА ЯНГИ УСУЛЛАРДА

Чоп этиш

Вилоят Ногиронлар реабилитация марказида илк маротаба умуртқа поғонаси диск чуррасини жарроҳлик амалиётисиз даволаш муолажаси амалга оширилди.

— Бугунги дунё тиббиётида жарроҳлик амалиётларини имкон қадар кесмасдан амалга ошириш бўйича изланишлар олиб борилмоқда, — дейди Республика ихтисослаштирилган травмотология  ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Вертебрология бўлими бошлиғи Шоҳайдар Шотурсунов. — Бу беморнинг умумий аҳволига зиён етказмасдан муолажанинг самарали ўтишини таъминлайди. Биз амалга оширган умуртқа поғонаси диск чурраларини плазмали нуклеопластика усули билан даволаш муолажаси ҳам кам инвазив жарроҳлик амалиётига киради. Беморда ортиқча кесишлар қилинмайди. Маҳаллий анес­тезия қўлланилгани учун бемор хушини йўқотмай организмида олиб борилаётган тиббий амалиёт жараёнидан хабардор бўлиб туради. Энг асосийси, ортиқча қон йўқотиш ва бошқа шу каби салбий ҳолатлар кузатилмайди. Бемор бир ҳафта мобайнида саломатлигини тиклаб, иш фаолиятига қайтади. Биз бу усулни кореялик мутахассислар кўмагида ўзлаштириб, Тошкентда кенг йўлга қўйдик. Энди Самарқандда ҳам мазкур йўналиш бўйича тиббий хизмат йўлга қўйилмоқда. Марказнинг уч нафар малакали тиббий ходими ушбу йўналишда тажриба тўплаб келди. Бундан буён маҳаллий мутахассисларнинг ўзлари бу амалиётларни бажаришади.

Асқар Рўзимуродов умуртқа поғонаси бел-думғаза умуртқалари остехондрози VL4 — VL5 сигменти диск чурраси оғриқли синдроми билан марказ мутахассисларига мурожаат қилган. Ўтказилган даволаш муолажаларидан сўнг ҳам беморни оғриқ безовта қилгач, унга Замонавий консерватив жарроҳлик даволаш усули — Перкутан плазма билан нуклеопластика муолажаси таклиф қилинган. Асқар Рўзимуродов марказда амалга оширилган замонавий муолажа усулида даволанган илк беморлардан бири бўлди.

— Ушбу беморнинг касби доимий равишда тик туриб ишлаш билан боғлиқ бўлганлиги боис умуртқа поғонаси бел-думғаза умуртқалари остехондрози эркин ҳаракатланишни чеклаб қўйган эди, — дейди марказ бўлим бошлиғи Фарҳод Ботиров. — Даволаш муолажалари натижасиз эканлигини беморга билдириб, ушбу хасталикни марказимизга олиб келинган замонавий тиббий технологиялар асосида самарали жарроҳлик амалиёти билан даволаш мумкинлигини тушунтирдик. Бемор муолажадан сўнг ўзини яхши ҳис қилаётганлигини билдирди. Оёқ ҳаракатларидаги оғриқ ҳам тўхтаганлигини айтди. Малакали мутахассис иштирокида 6 нафар беморда умуртқа поғонаси диск чурраси билан боғлиқ жарроҳлик амалиётлари мазкур усулда ўтказилди. Бунинг учун етарли малака, тажрибага эга бўлдик. Халқимизга замонавий тиббий амалиётларни сифатли ва самарали кўрсатиш учун марказимизда барча шароитлар яратилган.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

20.10.2018 203 82 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства