samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

МУАССАСАЛАР МАВСУМГА ШАЙМИ?

Чоп этиш

Баркамол авлод таълим-тарбия олаётган мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларини кузги-қишки мавсумга тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга.

 Ҳар бир ота-она фарзандининг қиш кунлари иссиқ синфхонада, тоза-озода ва саломатлиги учун хавфсиз шароитда таълим олишини хоҳлайди, албатта. Ана шундан келиб чиққан ҳолда айрим мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида бўлиб, мавсумга тайёргарлик жараёнларини ўргандик.

ДИРЕКТОР ХОНАСИ ЛАБОРАТОРИЯДА...

71-умумтаълим мактабига кириб боришда ҳовлида яшнаб турган гулу райҳонлар кишида илиқ кайфият уйғотади, атроф саранжом-сариштадек таассурот қолдиради, гўё. Бироқ таълим муассасаси биносининг ичкарисига кирганингизда бу кайфиятдан асар қолмайди.

Дарҳақиқат, мактабда нафақат куз-қиш мавсумига, балки 2018-2019 ўқув йилига ҳам тайёргарлик кўрилмаган. Бунга директорнинг хонаси, дея кўрсатилган, аслида физика фани лабораторияси бўлган хонага кирганимизда ишонч ҳосил қилдим. Мазкур хонадан директор ва унинг ўринбосарлари ҳамда ўқитувчилар хонаси сифатида фойдаланилаяпти. Мени қабул қилган ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Нодира Холмирзаева ушбу ҳолатни мактабда синфхоналар етишмаётгани билан изоҳлади.

Зебохон Аҳмедова раҳбарлик қилиб келаётган ушбу мактабда 589 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Мактабнинг қуввати эса 240 нафар ўқувчига мўлжалланган. Бундан англаш мумкинки, умумтаълим мактабида синфхона етишмаслиги муаммоси жорий йил эмас, бир неча йиллардан буён давом этиб келмоқда. 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб 52 нафар ўқувчининг 1-синфга қабул қилингани ва 25 нафар ўқувчининг 11-синфга ўтгани муаммони яна бир карра оширган. Наҳотки, таълим-тарбия жараёнига жиддий таъсир кўрсатувчи ушбу ҳолат ўтган йиллар давомида мутасаддиларнинг эътиборини тортмаган бўлса?! Эътиборсизлик ва лоқайдлик оқибатида мактаб тиббиёт хонасидан тортиб, табиий фанларга мўлжалланган лабораториялардан ҳам синфхона сифатида фойдаланилмоқда. Маълум бўлишича, келгусида залнинг бир қисми синфхоналарга айлантирилади. Спорт зали йўқ, демак, ёғин-сочинли кунларда жисмоний тарбия машғулотлари ўтилмайди.

Даставвал эътиборимизни торт­ган ушбу ҳолатлар билан танишгач, таълим муассасасининг кузги-қишки мавсумига тайёргарлик жараёни билан қизиқдик. Мавсумга ҳозирлик бўйича чора-тадбирлар режаси айни пайт­да таълим муассасасида бўлмаган директор Зебохон Аҳмедовада эканлиги айтилди. Н. Холмирзаева мактаб раҳбари билан телефон орқали боғланганида З. Аҳмедова айни пайтда ҳокимият ва молиядан чиқиб, энди "гороно"га кетаётганини (!), келолмаслигини айтди.

Мактабнинг 2 қа­ват­ли биноси табиий газ билан иситишга мўлжалланган. Қозонхона соз ҳолатда. Синфхоналарда электр симларининг очиқ, ўқувчилар ҳаёти учун хавфли ҳолатда турганини кўриш мумкин. Синфхоналар ва ўқув залида чиқиндилар сочилиб ётибди. Мактаб чиқиндихонаси йўқ. Ҳожатхона аянчли ҳолатда. Унинг шифти кўчиб тушган, антисанитар ҳолат юзага келган.

45-МТМ "ТАЖРИБАСИ"

Хишрав қўрғонида жойлашган 45-мактабгача таълим муассасасида 4 та гуруҳда 150 нафар ўғил-қиз тарбияланади. МТМ мудираси Ойдин Назарованинг таъкидлашича, муассаса биноси кишки мавсумда табиий газ ва кўмир билан иситилади. 7 тонна кўмирга буюрт­ма берилган. Мавжуд 12 та махсус (голланд) печлар мутахассисларнинг назоратидан ўтказилган ва соз ҳолатда. Том қисми шифер ва тунука билан қопланган.

Кузатувларимиз давомида мактабгача таълим муассасасининг ҳовлиси ободонлаштирилгани, гуруҳларнинг машғулот хоналари, ётоқхоналари ҳамда ҳожатхона тоза-озода сақланаётганига гувоҳ бўлдик. Аммо чиқинди бироз тўпланиб қолган. Айни пайтда боғчадаги ўзига хос "тажриба" эътиборимизни тортди. Таълим муассасасида озиқ-овқат қолдиғини исроф қилмаслик мақсадида ит сақланаркан. У, албатта, эркин, истаган жойида "сайр" қилади. Бироқ бу "тажрибанинг" тарбияланувчилар учун хавфли эканлиги, болаларни ит билан ўйнаши, ит тишлаши мумкинлиги тарбиячиларни ўйлантираётгани йўқ...

ҚОҒОЗДА "БАЖАРИЛДИ", АМАЛДА ЭСА...

36-умумтаълим мактабида бизни таълим муассасаси директори Дилфуза Раббимова кутиб олди. Мақсадимизни тушунтириб, куз-қиш мавсумига умумтаълим мактабининг тайёргарлиги бўйича чора-тадбирлар режасини сўрадик. Режа мавжуд ҳужжатлар орасида эканлиги айтилди ва излашга тушиб кетилди. Аммо топилмади.

— Мактабимиз қуввати 710 ўринга мўлжалланган, айни пайтда 1197 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда, — дейди мактаб директори Д. Раббимова. — 39 та синфхона мавжуд. Барчаси табиий газ билан иситилади. Биноларнинг томи шифер ва тунука билан қопланган, томчи ўтмайди. Чиқиндихонамиз бор.

Директор билан бироз суҳбатлашгач, синфхоналарни кузатдик. Мактабнинг 9-"А" синф ўқувчилари чанг-тўзон кўтариб, ўз синфхонасини тозалаётган экан. Мактаб фарроши вазифасини бажараётган бу ўқувчиларга деразаларни очишни таклиф қилдим, аммо ўқувчилар деразаларни очиб бўлмаслигини, улар маҳкам ёпиб ташланганини айтишди. 5-"D" синфида эса жадвал бўйича дарс машғулоти бўлишига қарамасдан ўқувчилар синфхонани тозалашни бошлаб юборишибди. Бошқа синфхоналарга эътибор қаратганимизда уларнинг ҳам тоза-озодалигига панжа орасидан қараб келинаётганига гувоҳ бўлдик. Аксариятининг пол тўшамалари (линолеум) йиртилиб кетган. Ҳожатхона эшигининг ойнаси сингани боис, ўрнига ёғоч (фанер) қопланган. Чиқинди учун ажратилган идиш тўлиб қолганига анча бўлган.

Иситиш печларининг барчаси ҳам соз ҳолатда эмас. Ўтган йил қишнинг совуқ кунларида синфхоналарнинг қандай иситилганини  ўқувчилардан сўрадик. Улар электр печлар туфайли умуман совуққотмаганини айтишди(!). Таълим муассасасидаги айрим синфхоналар, спорт залига киришдаги ўғил ва қиз болалар кийиниш хоналарининг эшиклари синган.

Биология фани ўқи­тув­чиси Чарос Одиловадан "ремонтга" қанчадан пул йиғилганини сўраганимизда ўқувчилар ва уларнинг ота-оналаридан 25 минг сўмдан пул йиғилганини айтди. Директор эса ушбу жараёнга аралашмаганини таъкидлади. Хўп, 25 минг сўмдан борингки минг нафар ўқувчи ва ота-онадан пул йиғиб олинганда 25 миллион сўм бўлар экан. Наҳотки, ушбу маблағ таълим муассасасидаги баъзи синфхоналарнинг пол тўшамалари, эшик ва деразаларини таъмирлаш, носоз печларни созлаш, ҳожатхонанинг эшигига ойна ўрнатишга етмаган бўлса?..

Мазкур ҳолатларни ўргангунимизча мактабнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик режаси ҳам "тайёр" бўлди. Киноянинг боиси менга тутқазилган чора-тадбирлар режасидаги жиддий камчиликлар билан боғлиқ. Яъни, мактаб раҳбарияти "Самарқанд шаҳар халқ таълими муассасаси (муассасалари) фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими"нинг "Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими" тарзида ўзгарганидан бехабарлиги маълум бўлди. Шунингдек, мактаб директорининг "Мактабининг 2018-2019 ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига барқарор ишлашга тайёрлаш ҳақида"ги буйруғи 16 апрель 2018 йил санаси, № 47 рақам билан рўйхатга олинган. Ушбу буйруқнинг "Мактабни 2018-2019 ўқув йилига ва куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлаш мақсадида тузилган ишчи гуруҳи" номли иловасида буйруқ жорий йилнинг 3 сентябрида 1-рақам билан рўйхатга олингани қайд этилган. Ахир жорий йилнинг 3 сентябрь куни мамлакатимизда дам олиш куни эди-ку! Шаҳар халқ таълими бўлимига тақдим этилган маълумотларда юқорида биз келтириб ўтган барча камчиликлар "таъмирланди", "бажарилди" ёки "яхши", деб кўрсатилганлиги кишини ажаблантиради.

"АДВОКАТ МАЪНАВИЯТЧИ"

Таълим-тарбия жараёни, куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг 36-умумтаълим мактабида нега бу аҳволга келиб қолгани кейинчалик янада аниқроқ бўлди. Таълим муассасасида маънавият ва маърифат фидойилари билан бирга, баъзи "адвокат"лар ҳам фаолият кўрсатар экан. Ўрганишимнинг эртаси куни (18.09.2018) қўл телефонимга 36-умумтаълим мактаби директорининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари Н. Мирзаева қўнғироқ қилиб, телефонда айтиб бўлмайдиган "гапи" борлигини айт­ди. Бемалол гапираверишини айтганимга кўнмаган муаллимага айни пайтда 71-умумтаълим мактабида эканлигимни айтдим. Ва у билан шу мактаб олдида учрашдик. У мактабдаги камчиликларни газетада эълон қилмаслик учун адвокатлик қилишга уринди. Бироқ "адвокат маънавиятчи" мақсадига етолмади.

Бизнинг мақсад муассасалардаги куз-қиш мавсумига тайёргарликни ўрганиш эди. Аммо гувоҳи бўлганингиздек, соҳада шу ва бошқа масалаларда камчиликлар талайгина. Камчиликларнинг барчасини бартараф этиб бўлмас, аммо маълум даражада олдини олиш мумкин эди-ку! Масъулиятсизлик, ўзибўларчилик қачонгача давом этади?

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

22.09.2018 70 74 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства