samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

МТМлар болажонларга қучоқ очди

Чоп этиш

Мамлакатимизда таълим тизими, хусусан, мактабгача таълимни ривожлантириш, соҳадаги муаммоларга барҳам бериб, кенг кўламли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича амалий ишлар қилинмоқда.

Президентимизнинг соҳага оид қарор ва фармонлари, топшириқлари асосида шаҳримизда ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётгани эътиборга молик.

Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 сентябрдаги "Мактабгача таълим тизими бош­қарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида соҳа ходимлари олдидаги долзарб вазифалар ва устувор йўналишлар белгилаб берилди. Фармонга мувофиқ, жойларда 50, 70, 100, 120 ва 150 ўринга мўлжалланган қўшимча давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларини барпо этиш орқали болаларни мактабгача таълим тизимига босқичма-босқич тўлиқ қамраб олиш, таълим-тарбия беришнинг муқобил турларини амалиётга жорий этиш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.

"Мингтут" маҳалла фуқаролар йиғинида янгидан барпо этилган "Эртаклар олами" нодавлат мактабгача таълим муассасаси 120 нафар тарбияланувчига мўлжалланган. Унинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан шаҳар ҳокими Ф. Раҳимов ҳар бир ота-она, педагог фарзандлар тақдири, унинг порлоқ келажаги ҳақида қайғуриши лозимлиги, бу борада ҳукуматимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиши зарурлигини таъкидлади. Вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Н. Садинова, шаҳар мактабгача таълим бўлими мудири З. Нуриддинов ва бошқалар бу борада шаҳримизда амалга оширилаётган ва келгусида режалаштирилган вазифаларга тўхталиб ўтишди.

— Шаҳримизда мактабгача таълим ёшидаги болалар сони 37542 нафардан иборат, — дейди шаҳар мактабгача таълим бўлими мудири З. Нуриддинов. — Айни пайтга қадар уларнинг 22 минг нафардан ортиғи мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинди. Бироқ қолганларини ҳам қамраб олиш, шаҳримизда узлуксиз таълимнинг дастлабки бос­қичини ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширишни, илғор лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишни тақозо этади. Шу боис, жорий йилда шаҳар ҳудудида 50 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаси қурилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бугун "Эртаклар олами" нодавлат мактабгача таълим муассасаси билан биргаликда яна 3 та: "Умка Н", "Асалина Гўзалина" ҳамда "Advantage smart kids" нодавлат мактабгача таълим муассасалари фойдаланишга топширилмоқда. Яна 20 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаётир. 2019 йилнинг охирига қадар шаҳримизнинг 3-7 ёшдаги барча болажонларини мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишни мақсад қилганмиз.

— Фарзандларимизнинг камолоти учун Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ишлар барчамизни қувонтиради, — дейди "Мингтут" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Улуғбек Абдужамилов. — Маҳалламизда 282 нафар боғча ёшидаги бола истиқомат қилади. Айни пайтга қадар уларнинг юз нафардан ортиғи ҳудудимиздаги нодавлат мактабгача таълим муассасасига қамраб олинган. "Эртаклар олами" нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилиши билан маҳалламиздаги деярли барча болажонларни маърифат, маънавият, тарбия масканларига жалб қилинишига эришамиз.

Дарҳақиқат, янги ташкил этилган "Эртаклар олами" нодавлат мактабгача таълим муассасаси 120 нафар, "Умка Н", "Асалина Гўзалина" ҳамда "Advantage smart kids" нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг ҳар бири эса 70 нафардан тарбияланувчиларни қамраб олиш қувватига эга. Уларда 6 ва 3 тадан гуруҳлар бор. НМТМларида давлат стандартларига мувофиқ кутубхона, мусиқа ва спорт заллари, ётоқхона, ошхона, фитобар, жисмоний тарбия ҳамда ўйин майдончалари мавжуд.

— Мактабгача таълим муассасаларида нафақат болажонлар учун, балки биз, ота-оналар учун ҳам қулайликлар борлиги эътирофга сазовор, — дейди Жамила Қурбонова. — Таълим муассасаларида қисқа гуруҳлар фаолиятининг йўлга қўйилгани, кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олиб шароитлар яратилаётгани, малакали педагог ва тарбиячиларнинг таълим-тарбияга жалб қилингани фарзандларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмасдан, иқболи порлоқ бўлиб улғайишига хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, мактабгача таълим муассасалари тармоғининг кенгайтирилаётгани, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилаётгани натижасида болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш уларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланишига замин яратмоқда.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

4.04.2018 127 25 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства