samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

МОТРИДДАГИ ЯНГИ МАССИВ

Чоп этиш

у ерда замон талабларига мос 32 та кўп қаватли турар жой бунёд этилмоқда

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида шаҳар ва туманларда белгиланган меъёрлар асосида шинам ва кўркам, бугунги кун талабларига мос турар жой бинолари қурилмоқда. 2017 — 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастури бўйича "Мотрид" маҳалласида бунёд этилаётган арзон кўп квартирали уйларнинг қурилиши қизғин давом этмоқда.

— Жорий йил дастур бўйича вилоятда 36 та арзон кўп қаватли турар жой бинолари қурилиши режалаштирилган, — дейди "Ўзшаҳар қурилиш инвест" республика ихтисослаштирилган инжиниринг компанияси мутахассиси Хуршид Жалилов. — Режага кўра, Каттақўрғон шаҳрида 180 та хонадондан иборат 4 та 5 қаватли турар жой биноси бунёд этилади. 32 та етти қаватли турар жой биноси Самарқанд шаҳри, "Мотрид" маҳалласи ҳудудидаги массивда барпо этилмоқда. Мазкур уйларда 1344 та хонадон мавжуд. Айни пайтда мазкур уйлар қурилишини тўртта бош пудратчи ташкилот амалга оширмоқда. Уларда 15 та қурилиш ташкилоти ёрдамчи пудратчи сифатида фаолият олиб бормоқда. Айни пайтда деярли барча уйларнинг қурилиш ишлари якунига етказилмоқда. Том ёпиш, пардозлаш ишлари давом этмоқда. Ҳудудни ободонлаштириш ишлари ҳам қизғин паллада.

Икки ва уч хонадан иборат арзон турар жой биноларининг қурилиш-монтаж ишлари замон талаблари асосида амалга оширилмоқда. Ҳар бир хонадон индивидуал иситиш тизимига эга бўлади. Иситиш тизими бир вақтнинг ўзида хонадонни иссиқ сув билан ҳам таъминлайди.

— Қурилиш ишлари замонавий технологиялар асосида олиб борилмоқда, — дейди "Sаmarqand chinor qurilish" хусусий қурилиш корхонаси муҳандиси Абдуқаххор Эгамов. — Бино деворлари махсус материал билан қопланяпти. Бу хонадонни қишда иссиқ, ёзда салқин сақлаш имконини беради. Корхонамиз 13 та уй қурилишида бош пудратчи бўлиб қатнашмоқда. Уларни ўз вақтида, сифатли қуриб, фойдаланишга топшириш мақсадида бугунги кунда ҳар бир уй қурилишида 60-70 нафар қурувчи ишламоқда.

Таъкидлаш жоизки, режага мувофиқ, мазкур ҳудудда кўп қаватли уйлар билан бирга, умумтаълим мактаби, мактабгача таълим муассасаси, болалар мусиқа ва санъат мактаби, оилавий поликлиника, маҳалла маркази, катталар ва болалар учун спорт майдонлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиши мўлжалланган.

 

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

8.07.2018 92 53 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства